Ўзбекистон | 15:30 / 14.05.2026
6288
6 дақиқада ўқилади

“Бутун Ўзбекистон ишли бўлади” – С8 club одамларни қандай алдамоқда?

Nathan Jones исмли шахс барча ўзбекистонликларни ишли қилмоқчи. Ҳарқалай одамларни шу гапга ишонтиришга ҳаракат қилаётганлар бор. Аммо бу навбатдаги ёлғон, Nathan Jones эса fake persona эканини ҳамма ҳам билаётгани йўқ. Kun.uz молиявий пирамидаларни фош қилишда давом этади. Бу сафар Ўзбекистонга эндигина кириб келиб, тарғиб қилина бошлаган LumenX С8 club номи остидаги молиявий пирамида ҳақида ҳикоя қилинади.

“Сигнал келди” 

Россияда пайдо бўлиб, Ўзбекистонга ҳам кириб келган LumenX С8 club номли молиявий пирамида трейдерлик орқали кунлик даромад таклиф қилмоқда. Гўёки криптовалюта биржасида токен сотиб олиш орқали савдо қилинади ва фойда олинади.

Тарғибот Telegram’даги бир нечта гуруҳларда олиб борилмоқда. Шундай гуруҳлардан бири “С-8 клуби. Ўзбекистон гуруҳи” номи остида тарғибот ишларини олиб бормоқда. Гуруҳ эгаси ўзини Насиба деб таништирадиган, исми эса Саломат Қуранбаева бўлган шахс.

Айни кунларда Саломат Қуранбаева республиканинг турли ҳудудларига бориб, ўзини лидер сифатида таништирган ҳолда С8 club молиявий пирамидасининг тарғиботини фаол олиб бормоқда. Масалан, унинг охирги манзили Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани бўлди.

 

Саломат Қуранбаеванинг айтишича, С8 club’га қўшилиш учун махсус илова орқали рўйхатдан ўтилади. Сўнгра ҳар куни сигнал келган пайтида аъзоларга махсус код айтилади. Ушбу код орқали сигнал босилади ва даромад олинади.

Сигнал - хўрак  

Сигнал элементи шунчаки бир хўрак. Бу одамларни даромад гўёки трейдерлик ортидан келаётганига ишонтирувчи восита. Аслида эса С8 club’да ҳам пул тегирмони барча анъанавий молиявий пирамидалар каби депозит қўйиш ва янги одамлар жалб қилиш орқали айлантирилади.

С8 club ҳарбий унвонлар мисолида даражаларга бўлинган. Масалан, кичик сержант С3, лейтенант С4, катта лейтенант С5 даражада.

С4 даражаси учун 3 минг доллар депозит қўйиш орқали кунлик 5 та савдо сигналини босиб, ҳар куни 120, ойига 3 600 ёки йилига 43 800 доллар фойда ваъда қилинган.

Савдо сигналлари Москва вақти билан ҳар куни бир хил вақтда берилган. 

Nathan Jones ким?

LumenX С8 club тўлиқ ушбу шахс исми атрофига қурилган. У компания президенти сифатида кўрсатилади. Ҳатто Ўзбекистондаги лидерлари билан ҳам эринмасдан ўзбекча суҳбатлашиб ўтирадиган Nathan Jones аслида ким?

 

Интернетда С8 club президенти сифатида кўрсатилган Nathan Jones ҳақида ҳеч қандай маълумотлар йўқ. АҚШ ва Россия ҳамкорлигида ташкил этилган шундай “катта” компания президентига оид бирорта ҳам маълумот учрамаслиги қизиқ, албатта. Демак, бу шахс аслида fake persona, яъни молиявий схема учун ўйлаб топилган образ бўлиши мумкин.

Ҳам онгга, ҳам чўнтакка

С8 club билан боғлиқ тарғибот ишлари “ҳам онгга, ҳам чўнтакка кириб бориш” усулида олиб борилмоқда. Яъни савдо ёки хизмат кўрсатиш нуқтларида С8 club’нинг логотипини ўрнатиб қўйиш орқали ҳам даромад кўриш таклиф этилган. Шу сабабли ҳудудлардаги савдо нуқталарида ушбу логотиплар ёпиштириб чиқилмоқда.

Саломат Қуранбаеванинг айтишича, логотип ёпиштирилган ҳар бир нуқта учун Nathan Jones ойига 50 доллар тўлаб беради. Шунингдек, одамларни тўплаб, бир пиёла чой устида тарғибот ишлари олиб борилганда ҳам харажатлар қопланади. Бу молиявий пирамидани имкон қадар тезроқ оммалаштириш учун қилинаётган ҳаракатлар.

“Бутун Ўзбекистон ишли бўлади”

Kun.uz журналисти қизиқувчан мижоз сифатида Саломат Қуранбаева билан боғланди. Унинг таъкидлашича, ҳозирда Ўзбекистонда С8 club учун қонуний рухсат олиш борасида ҳаракатлар бошланган.

Буни АҚШ ва Россия бирлашган ҳолда очган. Россияда катта команда бор ва офислар очилган. Кеча иккинчи офиси Толяттида очилди. Ўзбекистонга рухсат олишга ҳаракат қиляпмиз. Агар рухсат олсак, бутун Ўзбекистон мана шу иш билан таъминланади.

Ўзбекистонда рухсат олишга бир йил кетар экан. Шунга ҳозирча ишлаб турибмиз. Кечадан олдин Даврон ака билан гаплашдик, хайрия фонд деб киргизмоқчи эдик-да биз буни: одамларга ёрдам, ишсиз қолган инсонлар ишли бўлади, ногиронларга, уйи йўқларга ёрдам қилинади”, дейди “лидер”.

“Лидер”ларга жазо керак

С8 club сайти 2026 йил 2 апрелда рўйхатга олинган. Рўйхатдан ўтказган шахс маълумотлари эса яширилган. Бу ҳам С8 club бир неча минг одамни ишли қилаётган йирик компания эмас, молиявий пирамида эканини англатади.

Ўзбекистонда бири ёпилса бошқаси очилаётган молиявий пирамидалар ҳеч тўхтай демаяпти. Ўзини лидер деб ҳисоблаётган шахслар эса уларнинг тегирмонига сув қуйиб, одамларни чув тушириш билан оввора. Бу Ўзбекистонда молиявий пирамида тарғиботи учун жазо чораларини жорий қилиш зарурати борлигини кўрсатмоқда.

Kun.uz ҳар доимгидай шубҳали платформаларга пул тикмасликка, бошқаларни бунга жалб қилмасликка чақириб қолади.  

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид