FastAI номи билан тарғиботи бошланган янги платформа минг долларга робот сотиб олиб, 60 кун давомида кунлик 37 доллардан даромад кўришни таклиф этмоқда. Гўёки, робот унга инвестиция киритган инсон учун “ишлайди”. Бироқ на роботни, на у қилаётган ишни амалда кўриш имконсиз: бу молиявий пирамиданинг “пул тикинг ва фойда кўринг” формуласига асосланган навбатдаги фириб. Афсуски, бу ёлғонга ҳам пул киритаётган юртдошларимиз талайгина.
Эски услубга янги “тўн”
Ўзбекистонда кетма-кет пайдо бўлган ҳамда кўплаб инсонларни чув туширган молиявий пирамидалар асосан видео кўриш ва уларга лайк босиш орқали пул топиш ёлғонига қурилганди. Бугунга келиб одамларни бундай ёлғонларга ишонтириш тобора қийинлашиб бормоқда. Шу сабабли, молиявий пирамидалар янги ёлғонлар ўйлаб топишга киришди. Шулардан бири FastAI номи остида тарғиб қилинаётган платформа ҳисобланади.
FastAI молиявий пирамидаси робот сотиб олиш орқали даромад кўришни ваъда қилмоқда. Сўнгги 2-3 йилда ўнлаб молиявий пирамидаларга минглаб одам чув тушганига қарамай, FastAI’га ишонувчилар ҳам топилмоқда. Бироқ инвестор учун “ишлаши” айтилаётган роботнинг ўзи йўқ: уни кўриш ёки даромад келтираётган қандай иш қилаётганини билиш имконсиз.
Бренд ортига беркиниш
Сўнгги 10-15 кунда Ўзбекистонда FastAI ижтимоий тармоқлар орқали фаол тарғибот қилина бошланди: Telegram’да гуруҳлар ташкил этилиб, кўп одам жалб қилганга бонуслар таклиф этилмоқда.
Тарқатилган тарғибот материалларида келтирилишича, “FastAI глобал миқёсида етакчи AI технологиялари компанияси” экан. Компания 2018 йилда ташкил этилгани, АҚШ ва Буюк Британияда ўз офисларига эгалиги, барча зарур лизенция ҳамда рухсатномалари борлиги айтилади.
“FastAI глобал етакчи фонд биржалари, венчур капитал фирмалари, AI тадқиқот институтлари ва халқаро инкубаторлар билан ҳамкорлик қилади. FastAI юқори частотали савдони таъминлаш ва барқарор фойда олиш учун AI технологиясини етакчи глобал савдо институтлари билан бирлаштиради”, дейилади компания ҳақидаги маълумотда.
Шунингдек, компания Ўзбекистонда 7 ойдан буён фаолият юритиб келаётгани билдирилган.
Аслида, FastAI номи остида ишлайдиган онлайн таълим платформаси бор. Бироқ сунъий интеллектни ўргатадиган ушбу платформа ҳеч қандай робот сотиш билан шуғулланмайди ва инвестиция киритиш орқали даромад ваъда қилмайди. FastAI молиявий пирамидаси эса ҳақиқий FastAI’нинг ортига беркинган ҳолда унинг номидан фойдаланиб, одамларни чув туширишга ҳаракат қилмоқда.
























