Киберфирибгарлар учун “қайноқ бозор” бўлиб қолаётган Ўзбекистонда Befree номи остидаги молиявий пирамида ишлаб келаётгани маълум бўлди. У одамларга краудфандинг лойиҳа сифатида таништирилмоқда. Befree’да бир неча ойда долларда миллионерга айланиш ваъда қилиняпти. Тегишли органлар ҳар доимги каби “бурни остида” рўй бераётган молиявий пирамида тарғиботини кўрмаган.
Краудфандинг нима?
Краудфандинг – молиявий саводхонлиги етарли бўлмаганлар учун бироз тушунарсиз сўз. Шу сабабли Befree ортида турганлар ундан устомонлик билан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.
Краудфандинг жамоавий пул тўплаш, халқ томонидан молиялаштириш дегани. Яъни кўп одамдан кам-кам маблағ йиғиб, бирор лойиҳани амалга ошириш.
Масалан, Али бирор қизиқ ёки муҳим лойиҳани амалга оширмоқчи. Лекин бунга маблағи етарли эмас. У ғоясини краудфандинг платформасида эълон қилади ва моддий ёрдам сўрайди. Ушбу лойиҳага қизиққан фойдаланувчилар унга маблағ ўтказади. Али етарли маблағ тўпланганидан сўнг лойиҳасини амалга оширишга киришади.
Бунда лойиҳага пул тикканларга бирор даромад ваъда қилинмайди ёки фойда кафолатланмайди. Сабаби — краудфандинг платформаларда асосан хайрия ёрдами кўрсатиш, ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш назарда тутилади.

Ниқоб
Befree молиявий пирамидаси эса ўзини айнан краудфандинг платформаси сифатида таништириб, одамларни чув туширишга ҳаракат қилмоқда.
Befree Ўзбекистонда Telegram’даги бир нечта ёпиқ гуруҳларда тарғиб қилиб келинган. Шулардан бири “Омадли миллиардерлар” гуруҳи. Уни Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси Умид Аброров юритган.


Гуруҳда ҳар куни видеочат кўринишида тушунтириш ишлари олиб борилган ва бир неча ойда миллиардер бўлиш ҳақида ваъдалар берилган.
Тузоқ

















