Ўзбекистон | 07:54 / 03.01.2022
2507
2 дақиқада ўқилади

Ҳунармандларга маҳсулотни жаҳонда реклама қилиш харажатлари қоплаб берилади

Ўзбекистонда хусусий секторнинг экспортдаги улушини ошириш режалаштирилмоқда. Бу 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасида белгиланган.

Фото: Kun.uz

Тадбиркорликни ривожлантириш жамғармаси томонидан экспортчи корхоналарга компенсация ва кафилликлар тақдим этиш механизмини 2024 йил 1 январгача узайтириш, шунингдек ушбу молиявий кўмак дастурини йирик экспортчи корхоналарга нисбатан ҳам татбиқ этиш мўлжалланмоқда.

Ҳунармандлар маҳсулотларини жаҳон электрон савдо майдончаларига чиқариш ва реклама қилиш харажатларини Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш кўзда тутилган. Ҳунармандларга алоҳида имтиёз берган ҳолда, халқаро почта жўнатмалари тариф ставкалари қайта кўриб чиқилади.

Экспортчи корхоналарга кўрсатилаётган ташкилий ва молиявий ёрдам бериш тизими такомиллаштирилади. Экспортчи корхоналарнинг транспорт харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тизими қўшни давлатларга экспорт қилинган юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотларга нисбатан ҳам қўлланади. Бунда, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар рўйхати ТИФ товар номенклатураси кодлари кесимида шакллантирилади.

Экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажмини 1,5 баробар кўпайтириб, Европа давлатларига ЖиЭсПи+ тизими доирасида тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтириш ҳам назарда тутилган. 

Мувофиқликни баҳолаш органлари халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган аккредитация идораси томонидан аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ харажатларини Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб бериш тизими жорий этилади.

Бунда, халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган аккредитация идоралари рўйхати шакллантирилади, аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар таҳлили ва ҳисоб-китоблари амалга оширилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид