Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Шакар солиғи”дан кейинги қадам: Британия болаларни ҳимоя қилиш чораларини кучайтирди
Буюк Британияда фастфуд, чипс ва ширинликлар рекламаси телевидениеда чекланди, интернетда эса тақиқланди. Сабаб — болалар орасида семириш кенг тарқалаётгани.
Буюк Британияда интернетда зарарли овқат рекламаcини тақиқлайдиган ва телевидениеда уни чеклайдиган қонун кучга кирди. Янги чоралар ҳукуматнинг “ота-оналарга тарихдаги энг соғлом болалар авлодини вояга етказишга ёрдам бериш” ҳақидаги ваъдасини бажаришдир, дейилади Буюк Британия ҳукуматининг расмий сайтида дүшанба, 5 январ куни эълон қилинган матбуот релизида.
Янги қоидаларга кўра, “камроқ соғлом овқат” рекламасини Британия телевидениесида фақат соат 21:00 дан кейин кўрсатиш мумкин бўлади. Британия интернет сегментида эса бундай эълонлар ва роликларни намойиш этиш тўлиқ тақиқ остига тушади.
The Guardian газетаси маълумотларига кўра, чекловлар таркибида шакар, ёғ ва туз миқдори юқори бўлган 13 тоифадаги маҳсулотларга тааллуқли. Хусусан, буларга қўшимча шакар қўшилган ичимликлар (шу жумладан йогурт каби айрим сут маҳсулотлари), чипс, тузли крекерлар ва печенелер, шакарли “тайёр” нонушталар, попкорн, шоколад, сақич, музқаймоқ, шакарли пишириқлар, пицца ва музлатилган тайёр таомлар киради.
Буюк Британияда “зарарли овқат” ишлаб чиқарувчиларида ТВда ва интернетда “болалар вақти”да ўз брендини реклама қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади — агар бундай рекламада бевосита зарарли маҳсулотнинг ўзи кўрсатилмаса. ОАВ қайд этишича, маҳаллий компанияларнинг кўпчилиги янги талабларни олдиндан бажаришни бошлаган.
Британия ҳукумати болалар орасида семириш қанчалик кенг тарқалганини кўрсатувчи статистикани келтиради. Масалан, бошланғич мактабга кириш пайтида болаларнинг 22,1 фоизида ортиқча вазн ёки семириш мавжуд. Таълимни тугатиш вақтига келиб эса бу кўрсаткич 35,8 фоизга етади. Шунингдек, 5 ёшдан 9 ёшгача бўлган болаларда шифокорга мурожаат қилишнинг асосий сабаби — кариес экани қайд этилади.
Ҳукумат тадқиқот натижаларига таянади: улар реклама болалар нима ва қачон ейишини шакллантиришини, эрта ёшдан афзалликларни белгиловчи омилга айланишини, семириш ҳамда у билан боғлиқ касалликлар хавфини оширишини кўрсатган. Ҳукумат фикрича, янги чоралар ҳар йили болалар истеъмол қиладиган калория миқдорини 7,2 миллиардга камайтиришга ва семиришдан азият чекаётган болалар сонини 20 000 нафарга қисқартиришга ёрдам беради.
Узоқ муддатли истиқболда эса янги қоидалар аҳоли саломатлиги умумий яхшиланиши ҳисобига тахминан 2 миллиард фунт стерлинг тежаши кутилмоқда.
Сўнгги йилларда аҳоли орасида семириш муаммоси ҳақида кўплаб давлатлар тобора кўпроқ гапира бошлади. Лондон эса мамлакат аҳолиси орасида семиришга қарши курашни 2010-йиллар ўрталаридан бери фаол олиб бормоқда. 2018 йилда Буюк Британияда “шакар солиғи” жорий этилган: унга кўра, таркибида шакар миқдори юқори бўлган алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчилари давлат бюджетига “зарарлилик учун” тўлов қилади.
Бу борада Буюк Британия айрим бошқа давлатлар тажрибасини такрорлаган, аммо Лондон “шакар акцизи”нигина эмас, ишлаб чиқарувчилар учун имтиёзларни ҳам жорий этган. Масалан, таркибида 5 граммгача шакар бўлган ичимликлар махсус солиққа тортилмаган. Агар 100 миллилитрдаги шакар миқдори 5 граммдан 8 граммгача бўлса, ишлаб чиқарувчи ҳар литр учун хазинага 18 пенс тўлаган. Агар 100 миллилитрда 8 граммдан кўп бўлса — ҳар литр учун 24 пенс тўланган.
Бундай шкала аҳоли орасида шакар истеъмолининг сезиларли камайишига олиб келган, шунингдек ишлаб чиқарувчиларни солиқдан тежаш учун алкоголсиз ичимликлар таркибидаги шакар миқдорини қайта кўриб чиқишга рағбатлантирган. Мамлакатдаги кўплаб ишлаб чиқарувчилар шундан фойдаланиб, маҳсулот рецептурасини ўзгартирган. “Шакар солиғи” жорий этилганидан кейинги биринчи уч йилда газли ичимликлар, кола ва шунга ўхшаш маҳсулотларда шакар миқдори ўртача 29 фоизга камайган.
Германияда ҳам сўнгги йилларда шакарли ичимликларга солиқ жорий этиш чақириқлари бир неча бор янграган. Ҳозирча бизнес ихтиёрий равишда маҳсулотлардаги шакар миқдорини камайтириш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Бироқ бу муаммони ҳал қилиш учун етарли эмас. Кутилишича, 2026 йилнинг биринчи чорагида бундесрат Германияда “шакар солиғи” жорий этишни назарда тутувчи ташаббусни кўриб чиқади.
Мавзуга оид
21:12
Шавкат Мирзиёев ва Тони Блэр ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди
19:35 / 24.06.2026
Рақобат қўмитаси дори рекламаларидаги чалғитувчи иборалардан огоҳлантирди
17:26 / 23.06.2026
Британияда ўн йил ичида еттинчи бош вазир алмашмоқда. Қиролликни кимдир ўнглай оладими?
08:53 / 23.06.2026