Ўзбекистон | 22:37 / 23.02.2026
4384
4 дақиқада ўқилади

Фарғона боғчаларида оммавий заҳарланиш ва ИИБ ҳибсхонасидаги ўлим – маҳаллий дайжест

Фарғонадаги давлат боғчаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши юз берди. Каттақўрғон тумани ички ишлар бўлими тергов ҳибсхонасида сақланаётган 35 ёшли фуқаро вафот этди. Ер участкасининг сифати унинг эгаси айби билан ёмонлашса кўпроқ солиқ тўлайдиган тизим таклиф этилмоқда. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Фарғонадаги давлат боғчаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши юз берди

20 феврал куни Фарғона шаҳридаги айрим давлат мактабгача таълим ташкилотларининг ўнлаб тарбияланувчилари иситма, кўнгил айниши, қайт қилиш ва ич кетиш белгилари билан юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди. Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра, 21 феврал куни Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасига Фарғона шаҳри ҳудудида жойлашган 2-сонли, 58-сонли ва 61-сонли мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари келтирилган. Уларда тана ҳарорати кўтарилиши, қориндаги оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши, ич ўтиши белгилари қайд этилган. Ҳозир 62 нафар бемор даволанаётгани таъкидланмоқда.

Kun.uz олган маълумотга кўра, озиқ-овқатлар Қувасойдаги “Garden Catering Trade” МЧЖ томонидан етказилган. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари болалар истеъмол қилган таомлардан лаборатория намуналари олиб текширув бошлаганини маълум қилди.

Ер унумдорлигига қараб ер солиғини ҳисоблаш тартиби ўзгаради

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишни кучайтириш мақсадида Солиқ кодексининг 429-моддасига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда. Лойиҳа қишлоқ хўжалиги экин майдонлари унумдорлиги ва ҳосилдорлигини оширишга қаратилган.

Таклиф этилаётган ўзгартишларга кўра, ер участкасининг сифати ер эгаси ёки ердан фойдаланувчининг (ижарачининг) айби билан ёмонлашса ва бонитет балли камида 10 баллга пасайса, ер солиғи сифати ёмонлашишидан олдин амалда бўлган қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати асосида ҳисобланади.

Каттақўрғонда ҳибсхонада сақланган фуқаро вафот этди, ИИВ расмий изоҳ берди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида тергов ҳибсхонасида сақланаётган 35 ёшли фуқаро вафот этди. Расмий маълумотга кўра, у соғлиғи ёмонлашгани сабабли шифохонага олиб борилаётганда ҳаётдан кўз юмган. Бирламчи суд-тиббий хулосага кўра, ўлим сабаби “2-тип қандли диабетнинг оғир асоратлари” деб кўрсатилган ва танасида жароҳат излари аниқланмаган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 21 феврал куни соат 17:35 атрофида Каттақўрғон туманидаги 7-сонли тергов ҳибсхонасида содир бўлган. Қайд этилишича, 1991 йилда туғилган фуқаро Х.Қ. прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ҳамда 28-, 211-моддалари 1-қисми билан айбланиб қамоққа олинган. Ҳозир ҳолат прокуратура органлари томонидан ўрганилмоқда.

Самарқандда давлат ўрмон хўжалиги ташкил этилади

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўрмон билан қопланган майдонларни кенгайтириш мақсадида Пайариқ туманида Пайариқ давлат ўрмон хўжалигини ташкил этиш ва бир қатор вилоятларда давлат захира ерларидан ўрмон хўжаликларига ер ажратиш назарда тутилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига мувофиқ, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилояти ҳокимликларининг Пайариқ туманида янги давлат ўрмон хўжалигини ташкил этиш, шунингдек, ўрмон ҳудудлари ва ўрмон билан қопланган майдонларни кенгайтириш учун давлат захира ерларидан тегишли ўрмон хўжаликлари балансига ер майдонларини ажратиш бўйича таклифлари маъқулланиши белгиланган. Лойиҳага кўра, Пайариқ давлат ўрмон хўжалиги фаолияти билан боғлиқ харажатлар Самарқанд вилояти маҳаллий бюджети, бюджетдан ташқари маблағлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид