Жаҳон | 15:41 / 31.03.2026
5643
4 дақиқада ўқилади

 “Олий раҳнамомиз Москвада эмас, Эронда ва соғ-саломат” – Ўзбекистондаги элчи

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий ОАВ вакиллари билан учрашувида оятуллоҳ Мужтаба Хоминаий матбуотда тарқалгани каби Москвада эмас, балки Эронда ва соғ-саломат ишини давом эттираётганини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

28 феврал кунги ҳужумда Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий ва унинг қатор оила аъзолари ҳалок бўлганди. Шундан сўнг март ойи бошида Мужтаба Хоминаий экспертлар кенгаши томонидан янги раҳнамо сифатида эълон қилинди.

Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) билан яқин алоқаларга эга 56 ёшли Мужтаба шундай қилиб Эрондаги теократик тизимнинг учинчи раҳбарига айланди. Бироқ орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтса-да, у омма олдига чиқмади, эфир орқали ҳам кўриниш бермади. Бу эса, албатта, саволларни кўпайтиради.

Янги олий раҳбар 28 феврал кунги ҳужумда яраланиб, соғлиғидаги муаммолар сабаб даволанишга Москвага олиб кетилгани ҳақида ҳам матбуотда хабарлар тарқалди. Бу қанчалик рост ёки рост эмаслиги ҳақидаги Kun.uz журналистининг саволига элчи Искандарий жавоб берар экан, унинг айтишича, олий раҳнамо ҳозир Эронда ва халқ билан бирга.

Олий раҳбаримиз тирик, соғ-саломат ва ўз хизмат вазифасини бажармоқда. У киши халқ билан бирга, жамиятни бошқариб турибди. Армияга бош бўлиб, муҳим сиёсий қарорларни қабул қилмоқда”, дейди Муҳаммад Али Искандарий.

Элчининг қўшимча қилишича, Эрондаги воқеалар балки бошқа давлатда юз берганида у ердаги вазият бошқача тус олган бўларди.

Агар Эрондаги воқеаларнинг юздан бири бошқа давлатда юз берганида у ердаги ҳамма мамлакатидан қочиб кетган бўларди. Лекин Эронда шунча уруш бўлишига қарамасдан бир нафар ҳам киши қочмади, чегарадан ташқарига чиқиб кетмади. Агар Эронда раҳбар бўлмаса, ким бошқаради?” дейди элчи.

Сўзи давомида дипломат нега бундай турдаги хабарлар кўп тарқалишига ҳам тўхталди.

Нега бундай хабарлар тез-тез ва кўп тарқалади? Сабаби шуки, уларнинг мақсади бизни кучсизлантириш. Шу йўл билан улар Эрон таслим бўляпти деган тасаввурни уйғотмоқчи бўлишади. Яна бир мақсадлари эса раҳбарнинг қаерда эканини аниқлаш. Шуни айта оламанки, олий раҳнамомиз давлат ичида. Аввалги раҳбаримиз каби ҳозиргиси ҳам бир хил сиёсатни давом эттирмоқда. Биз куч-қудратга эгамиз ва бу кучимиз келажакда янада кўпайиб боради”, дейди у.

Элчига кўра, урушда мағлуб бўлган тақдирда ҳам, эронликлар буни мағлубият деб қабул қилмайди. Биз ёки ғолиб бўламиз ёки шаҳид кетамиз, дейди дипломат.

Биз мағлуб бўлдик ҳам дейлик, бизнинг эътиқодимизга кўра, мағлубият йўқ. Биз ёки бу урушда ғолиб бўламиз ёки шаҳид бўламиз. Биз мусулмонмиз ва охиригача қаттиқ курашамиз. Бу пропаганда эмас, бизда бу борада ростдан ҳам иккиланиш йўқ”, дея қўшимча қилди Муҳаммад Али Искандарий.

Матбуот вакиллари билан учрашув давомида шунингдек, Эрон элчиси АҚШ ва Исроил минтақада тўхтамаслиги, бошқа давлатларни ҳам нишонга олишда давом этишини билдирди. Трамп маъмуриятидагиларни эса ўз хизмат вазифасига нолойиқ кимсалар деб атади.

Шоҳрух Мажидов
Тайёрлаган Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид