Доналд Трамп Эронга «бутун бир тамаддунни йўқ қилиш» билан таҳдид солаётган бир паллада парда ортида АҚШ президентига яқин манбалар ҳам натижасидан бехабар бўлган фаол дипломатик жараён кетаётган эди. Ва бу музокараларда биринчи марта Эроннинг янги диний раҳнамоси Мужтаба Хоминаий ҳам иштирок этди, дея ёзади Axios нашри. Нашр суҳбатдошларига кўра, Хоминаий хавфсизлик нуқтайи назаридан мулоқотни ёзма тарзда курерлар воситасида олиб борган, аммо айнан унинг розилиги сулҳга эришишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Бу вақтда Пентагондаги мулозимлар ва АҚШнинг Яқин Шарқдаги кучлари Эрон инфратузилмасига ёпирилма зарба беришга тайёрланаётганди, ҳужумни бекор қилиш ҳақидаги буйруқ Трампнинг ултиматуми муддати якунига бир неча соат қолганида келади. Axios сулҳ бўйича музокаралар қандай кечгани ҳақида ҳикоя қилди.
6 апрел куни, Трамп Оқ уйда Пасха байрамига йиғилганлар билан мулоқот қилаётган бир пайтда, АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф «жуда ғазабнок» ҳолатда телефон орқали музокара ўтказаётганди. Axios манбаларига кўра, у воситачилар билан мулоқотда Эрондан олинган 10 банддан иборат таклифни «ҳалокат» ва «офат» деб атаган.
Шундан кейин тузатишлар серияси бошланган: покистонлик воситачилар Уиткоффнинг янги вариантларини Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчига етказган, Миср ва Туркия ташқи ишлар вазирлари эса келишмовчиликни бартараф этишга ҳаракат қилишган.
Душанба куни охиригача икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш бўйича янгиланган таклиф АҚШ томонидан маъқулланди. Қарор Мужтаба Хоминаийда қолганди. Нашр манбаларига кўра, у «музокараларда фаол иштирок этган» – аммо унинг иштироки қатъий махфийлик чораларига асосланганди ва у Исроил томонидан суиқасд хавфи туфайли ёзма қайдларни етказиб берувчи курерлар орқали мулоқот қилган.
Сешанба тонгида музокараларда олдинга силжиш кўзга ташланади – аммо бу Трампга навбатдаги таҳдидли баёнотлар бериши, чоршанбага ўтар кечаси «бутун тамаддун йўқ бўлиши» мумкинлигини айтишига тўсқинлик қилмайди. Бу вақтда АҚШ вице-президенти, сайловлар арафасида бош вазир Виктор Орбанни қўллаб-қувватлаш учун Венгрияга келган Жей Ди Вэнс ҳам музокараларга қўшилади, у асосан Покистон вакиллари билан телефон орқали боғланади.
Вашингтон вақти билан 7 апрел куни тушга яқин (Тошкент вақти билан тахминан соат 21:00 ) томонларда «умумий англашув» шаклланганди, уч соат ўтиб эса Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ижтимоий тармоқдаги саҳифасида АҚШ президентини ўз дедлайнини икки ҳафтага кечиктиришга, Эрон раҳбариятини эса Ҳўрмуз бўғозини очишга чақиради.
















