Жаҳон | 22:21 / 10.04.2026
1269
6 дақиқада ўқилади

“АҚШ-Исроилга ишонмаймиз, қўлимиз тепкида” – Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси

Урушда 14 кунлик сулҳ эълон қилинаркан, ҳар бир томон ўзини «ғолиб» деб эълон қилди. ОАВ билан гаплашган Эроннинг Ўзбекистондаги элчисига кўра, АҚШ ва Исроил ўз мақсадларига эриша олмади. Улар Эронни бўлиб ташлаб, фуқаролар уруши алангасини ёқишмоқчи эди, бироқ биз сезиларли ғалаба қозондик, дейди дипломат Али Искандарий.

28 февралда бошланган уруш оқибатида Эрон катта талафот кўрди, АҚШнинг эса халқаро обрўйига путур етди. Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши ҳозиргача бўлган даврда муҳим роль ўйнади ва охир-оқибат томонлар 14 кунлик сулҳга келишди. Бироқ бу ростдан ҳам ўт очишнинг тўхташими ёки кейинги босқичга тайёргарлик учун сунъий муҳлатми – буни вақт кўрсатади.  

ОАВда ушбу оташкесим учун Хитойнинг Эронга таъсири хусусида материаллар тарқаган. Kun.uz’нинг айни маънодаги саволига жавоб берган Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий фикрича, бирор давлат Теҳронга босим ўтказмаган. Аксинча, Хитой, Россия ва ҳаттоки Европа давлатлари ҳам биз томонимизда бўлди, дейди дипломат.

Эронга авваламбор ҳеч ким босим кўрсатгани йўқ бу борада. Бу ерда кўпроқ Америка ва Исроилга босим кўрсатилди. Бошқа давлатлар томонидан эмас, балки бевосита ўзининг азалий иттифоқчилари томонидан. Биринчидан, НАТО бу урушга аралашмаганлигининг ўзи катта босим уларга. Иккинчидан Англия, айтайлик, уларнинг талабларини бажармаганлиги жиддий босим. Трамп бунга жавобан Буюк Британиянинг кемаларини масхара қилди, масалан, флотини масхара қилди ва булар ҳам босимнинг натижаси эди. Ҳа, албатта Хитой ҳам Америкага босим ўтказолди, мусулмон давлатларини ҳам мисол қилиб келтирсак бўлади. Менимча, мана шуни сал аввалроқ қилиш керак эди, шунда ўт очишни тўхтатишга олдинроқ рози бўлган бўлишарди. БМТда Хитой ва Россия биринчи марта Эрон манфаатлари учун ветодан биргаликда фойдаланди. Улар Ҳўрмузни БМТ Хавфсизлик кенгашидан фойдаланган ҳолда очишмоқчи эди, мажбурий тарзда, лекин Хитой ва Россия Эрон томонда туриб овоз берди”, дейди Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси.  

Дипломатнинг қўшимча қилишича, бу аксинча АҚШга босим эди.  

Яъни бу бизга эмас, аксинча, Америка Қўшма Штатларига кўрсатилган босим деб биламиз. Биз уруш ва тинчлик каби ўта муҳим масалалар бўйича қарор қабул қилишда, биринчи навбатда ўзимизнинг миллий манфаатларимизга асосланамиз. Яъни, биз Америкадек давлатга қарши чиқа олган эканмизми, демак бошқа давлатларнинг босимига бемалол қарши турамиз. Лекин бу ерда Хитой бизни қўллаб-қувватлади, Россия қўллаб-қувватлади, ҳатто европаликлар ҳам бизни қўллаб-қувватлашди. Албатта, айрим мамлакатлар уруш бошида масаланинг моҳиятини тушунишмаган эди, Америка нималар қилаётгани, мактабларни уриб ташлаётганини кўриб, фикрларини ўзгартиришди. Биз босим эмас, қўллаб-қувватлаш ва муҳаббат объектига айландик”, дейди Искандарий.

Элчи бу урушда нега Эронни ғолиб деб билиш мумкинлигига сабаблар келтириб ўтди. 

Қандай фикрлаш ўзингизга ҳавола, биз ўзимизни ғолиб деб биламиз. Сабаблари бор, бошида коррупционерлар Трамп ва Нетаняҳу 4 кун ичида Эронни ағдаришни режалаган эди, ҳатто Трамп Эронда раҳбарни ўзим сайлайман деди, хўш бу амалга ошдими? Улар дунё латифа деб ўйлади, ўзи тўқиган ёлғонларига дунё ишонади деб ўйлаганди. Ҳар гал НАТО ва Европа иттифоқи Америка билан бирга эди, ҳозир-чи? Трамп Ҳўрмузга ўзим эга чиқаман, ўзим ҳоким бўламан деди, бўлдими? АҚШ ўз тарихида энг катта сув ва ҳарбий операциясини амалга оширди, Эроннинг яқинига олиб келиб қўйган кучлари жойидан қимир этмади. Улар бизнинг ядровий потенциалимиз йўқ қилинганини айтса-да, яна 150 та ҳарбий самолёт жўнатди. Америка Эронда фуқаролик урушини келтириб чиқармоқчи эди, бунга эришмади, давлатни бўлаклаб ташламоқчи эди, бунга ҳам эришмади”, дея қўшимча қилди элчи. 

Элчи Муҳаммад Али Искандарий Эрон олий раҳнамоси тирик ва давлатни тўла куч билан бошқараётганини яна бир таъкидлаб ўтди. 

Америка низо келтириб чиқармоқчи, Эрон раҳбари ўлди, йўқ бўлди деб ичкаридан низо қўзғайди. Раҳбаримиз тириклар, тўлақонли соғ-саломат ва катта куч-ғайрат билан ўзларининг вазифаларини давом эттирмоқдалар. Ўзингиз ўйланг, Эрондек катта давлат раҳбарсиз қандай бошқарилади? Раҳбарлар халқаро ҳуқуқда иммунитетга эга, аввалги раҳбаримизга ҳужум қилинмаслиги керак эди, шунинг учун ҳам биз АҚШ ва Исроилга ишонмаймиз, ҳозирги раҳбаримизни эҳтиёт қилишимиз керак”, деди дипломат. 

Эрон олий вакилининг қўшимча қилишича, Теҳрон бу сулҳга ишонмайди, уларнинг қўли доимо тепкида бўлади. Ҳозирга қадар АҚШ ва Исроил кетма-кет музокаралар вақтида ҳужум қилиб келмоқда, биз уларга ҳеч қачон ишонмаймиз, дейди у. 

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ҳам бу урушда тарихий ғалабага эришганини эълон қилиб келмоқда. Вице-президентга кўра, Эроннинг берган таклифларини ChatGPT ёзган ва Вашингтон бу таклифларни дарҳол чиқинди қутисига отган. 14 кунлик пауза ростдан ҳам сулҳми ёки бундан баттар қирғинбаротга тайёргарликми - буни вақт кўрсатади.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид