Ўзбекистон | 11:36 / 01.08.2021
21228
2 дақиқада ўқилади

Қаршида ҳокимият биноси олдида аёл онаси ҳокимият вакилларидан пул сўрамагани учун унга қўл кўтарди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги биноси олдида ногирон онасини уриб танбеҳ берган аёл тасвирланган видео тарқалди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати мазкур ҳодиса юзасидан муносабат билдирди. Унга кўра аёл ногирон онасини ҳокимият вакилларидан пул сўрамагани учун урган.

Муносабатда маълум қилинишича, видеода ногирон онасини ургани тасвирланган аёл Озода Ҳимматова Қарши шаҳар, Шайхали маҳалласи Бўзтепа кўчаси, 18-ётоқхона, 56-хонада 1- гуруҳ ногирони бўлган онаси Айтош Мингбаева билан бирга яшайди. 2021 йил 13 июль куни О.Ҳимматова Касаба уюшмалари федерацияси Қашқадарё вилояти бошқармаси биноси олдига онаси А.Мингбаевани ҳокимият вакилларидан пул ундириш мақсадида олиб келган.

Шундан сўнг у онасини юқоридаги манзилда қолдириб ўз ишлари билан кетиб, қайтиб келгач, онасига «нега ҳокимият вакилларидан пул сўрамадинг?!» деб уриб, таҳқирлаган.

Қайд этилишича, 2020 йил январ ойидан 2021 йил июль ойигача О.Ҳимматова ва унинг оиласига озиқ-овқат ва нақд пул шаклидаги 56 миллион сўм моддий ёрдам берилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги қарори билан тасдиқланган «Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан О.Ҳимматова ва унинг оиласига уй-жой ажратилган.

Кейинги тўловларни тўлашга имкони йўқлиги боис, 2021 йил 21 январ ойида 3-сонли тўлов топшириқномасига асосан Қарши шаҳар «Ипотека банк» АТИБ Қашқадарё вилоят филиали томонидан 28 миллион 634 минг сўм маблағ О.Ҳимматовага берилган ҳамда Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан уй-жой қуриш учун 2 сотих ер ажратилган.

Таъкидланишича, ҳозирда О.Ҳимматова онаси, 1- гуруҳ ногирони А.Мингбаевага нисбатан содир этган хатти-ҳаракатлари вилоят ИИБ ХҚМБ масъул ходимлари томонидан ўрганилмоқда.

Мавзуга оид