Иқтисодиёт | 17:32 / 27.07.2023
20752
6 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airports Рақобат қўмитасининг талаби юзасидан Олий судга шикоят қилади

Тошкент халқаро аэропортида ягона такси хизматининг жорий этилиши Рақобат қўмитаси ҳамда биринчи ва апелляция инстанцияси судлари томонидан ноқонуний деб топилиши ортидан, Uzbekistan Airports Олий судга кассация аризасини киритишини маълум қилди. Рақобат қўмитаси аэропортдан рақобатни чекловчи ҳаракатларини бас қилишни талаб қилганди.

Фото: Uzbekistan Airports

Uzbekistan Airports компанияси Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш зали қаршисидаги ҳудудга таксиларнинг кириши масаласида расмий баёнот берди.

Куни кеча Рақобат қўмитаси бу ҳудудда ягона такси хизматининг бўлиши қонунларга зидлигини таъкидлаб, аэропортга расмий талаблар қўйгани, лекин Uzbekistan Airports бу талабларни рад этиб, монополияга қарши орган билан судлашгани ва иккита судда ютқазганини маълум қилганди.

Uzbekistan Airports ўз баёнотида ягона такси хизматини кўрсатувчи компанияни электрон аукцион орқали танлаб олганини таъкидлади. Унга кўра, 2022 йил август ойида эълон қилинган аукционда талабгорлар учун бир қатор мажбуриятлар кўзда тутилган. Хусусан, такси хизмати бензин ёки электр қувватида ишлайдиган транспорт воситаларига эга бўлиши (аэропорт ҳудудида газ тақиқланган), йўловчилардан барча шаклларда тўловларни қабул қилиши, ҳайдовчилари ягона формада ва озода кўринишда бўлиши, ўзбек, рус ва инглиз тиллари асосини билиши керак.

Учта компания иштирокида ўтган аукционда “Бобур Диёр” компанияси ғолиб деб топилган. Компания белгиланган талабларга мувофиқлиги текширилгач, у шартнома тузилган ва 2022 йил 12 сентябрдан аэропортда “Aeroport Tashkent Taxi” бренди остида ягона такси хизмати иш бошлаган.

2022 йил 23 декабрга келиб, Рақобат қўмитаси Uzbekistan Airports'га лицензияга эга барча такси компанияларининг талабларга жавоб берадиган машиналарига аэропортга тенг кириш ҳуқуқини бериш бўйича мажбурий кўрсатма берган.

“Ваҳоланки, бугунги кунда Тошкент шаҳрида юзлаб такси компаниялари мавжуд бўлиб, уларда минглаб турли маркадаги, турли йилларда ишлаб чиқарилган, турли ҳолатда ва газда юрадиган автомобиллар мавжуд. Аэропорт ҳудудига киришда уларнинг тоифаланган объектнинг талабларига мувофиқлигини текшириш шунчаки имконсиз. Шу муносабат билан Uzbekistan Airports таксилар билан боғлиқ вазиятни бартараф этиш ва йўловчилар мурожаатларини инобатга олиб, такси хизматларини кўрсатиш бўйича ягона хизматни танлашга қарор қилди. Акс ҳолда, аэропортда тартибни таъминлашнинг иложи йўқ эди”, – дейилади компания баёнотида.

Uzbekistan Airports шу важлар билан Тошкент шаҳар туманлараро маъмурий судига мурожаат қилган. Суд 28 мартдаги қарори билан қўмита кўрсатмаларини ўз кучида қолдирган. 12 июн куни компаниянинг қайта аризаси ҳам қаноатлантирилмаган.

Таъкидланишича, яқин кунларда E-auksion.uz сайтида яна учта – Тошкент халқаро аэропортининг умумий учиш залида, CИП учиш залида ва маҳаллий авиақатновлар терминалида яна бир нуқта очиш бўйича лот жойлаштирилади. Uzbekistan Airports баёнотида суд ва қўмита бу борадаги қарорни ҳам ҳисобга олмагани айтилади.

Компания ягона такси хизмати фаолият кўрсатган йил давомида аэропорт ва ягона такси хизматига бирорта ҳам шикоят келиб тушмагани, йўловчилар доим ижобий фикр билдираётганини қайд этган.

“Бир йил олдинги ҳолатга қайтадиган бўлсак: ижтимоий тармоқлар ва турли идораларга, президентнинг виртуал қабулхонасигача аэропортни тозалаш талаби билан доимий мурожаатлар келиб тушган. Эски машиналар, одобсиз ҳайдовчилар, қиммат нархлар, шунингдек, бир неча талончилик ва йўловчиларни калтаклаш ҳолатлари – бугун Uzbekistan Airports буларнинг барчасини ҳеч бўлмаганда ўз ҳудудидан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлди. Энди йўловчи расмий такси хизматларидан фойдаланиши ёки такси агрегаторлари Yandex, MyTaxi ва ҳоказоларни энг яқин автотураргоҳга (терминалдан 50-100 метр масофада) чақириши мумкин, у ерда эса таксилар учун 10 дақиқа бепул туриш вақти берилади”, – дея таъкидлаган Uzbekistan Airports.

Компания Олий судга кассация шикояти билан, шунингдек, такси хизматлари учун янги компанияларни танлаш йўли билан, қўмитанинг буйруғини бекор қилиш учун мурожаат қилмоқчи.

Қайд этиш лозим, Uzbekistan Airports ўз баёнотида қонунларга мурожаат қилмаган. Рақобат қўмитаси эса ўз позициясини тегишли қонунлар билан асослаган эди.

“Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига асосан, табиий монополия субъектларига табиий монополия соҳасига киритилмаган товарлар (ишлар, хизматлар) бозоридаги рақобатни чеклаш учун табиий монополия ҳолатидан фойдаланиш ман этилган.

“Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддаси 3-қисми билан эса, юридик ва жисмоний шахсларнинг хўжалик юритувчи субъектлар иқтисодий фаолиятини мувофиқлаштириши, агар бундай мувофиқлаштириш бу модданинг 1- ва 2-қисмларида кўрсатилган оқибатларга олиб келса ёки олиб келиши мумкин бўлса, тақиқланиши белгиланган.

Рақобат қўмитаси юқоридагиларга кўра Uzbekistan Airports'нинг ягона такси хизматини йўлга қўйишини ноқонуний ҳаракат деб ҳисоблаган эди. Қўмита шу асосда аэропортдан қуйидагиларни талаб қилмоқда:

  • тегишли талабларга мос келувчи ва белгиланган тартибда лицензияга эга такси хизматини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар автомобилларининг киритилишига тенг шарт-шароит яратиб бериш;
  • йўловчилар ва багаж ташувчи такси хизматини ташкил этиш учун “техник топшириқ”дан, унга тегишли жойни ижарага бериш шартномасидан йўловчиларни ташиш учун қатъий белгиланган тарифлар қўлланиши ҳамда тарифлардаги ҳар қандай ўзгаришлар “Uzbekistan Airports” АЖ билан келишилган ҳолда амалга оширилиши бандларини чиқариб ташлаш;
  • истеъмолчилар учиб келиш терминали ёнидаги махсус йўлнинг 1-қаторида такси хизматини кўрсатувчи бошқа хўжалик юритувчи субъектлар ҳам борлиги тўғрисида хабардор қилинишини таъминлаш;
  • аэропорт ҳудудига яқин жойлардаги автотураргоҳлар учун тўлов миқдорини қайта кўриб чиқиш.

Мавзуга оид