Ўзбекистон | 16:30
2039
2 дақиқада ўқилади

Пайариқ туманидаги 11 та метан-шохобча ўзаро келишиб нарх оширгани аниқланди

Тумандаги 12 та метан-шохобчадан 11 таси бир вақтда метан нархини 300 сўмга ошириб олган. Рақобат қўмитаси буни тил бириктириш деб баҳолаб, уларни жаримага тортди.

Иллюстратив сурат: "Ҳудудгазтаъминот"

Рақобат қўмитаси Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган 11 та метан-шохобчани рақобатга зид келишувда айблаб, жаримага тортди.

Қўмитанинг маълум қилишича, туманда яшовчи фуқаролардан тумандаги автомобилларга сиқилган газ тўлдириш шохобчаларида нарх асоссиз равишда оширилгани, қўшни туманлардаги нархларга нисбатан қимматлиги юзасидан шикоят келиб тушган.

Ўрганиш натижаларига кўра, Пайариқ туманида фаолият юритаётган 12 та АСГТШдан 11 тасида жорий йилнинг 5 январ санасидан бошлаб истеъмолчиларга 1 м³ метан ўртача 300 сўмга, бир вақтда оширилиб сотилаётгани аниқланди.

Ушбу субъектлар қуйидаги 8 та МЧЖ тасарруфида: “Temur-Bek”, “Sadaf Agro Servis”, “Raqobat Eko Gaz Servis” , “Jaxongir Prestij” , “Xudoyberdi Ramziddin Avtogaz”, “Amirxon Gaz Servis”, “Al-Asadbek Gaz Petrol Invest” ва “Baxrin Gaz Oil”.

Мазкур даврда қўшни туманларда метан ўртача нархлар асосида сотилаётгани ҳолда, юқоридаги субъектларда нарх ошгани ўз тасдиғини топган.

Ҳолат юзасидан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддаси талаблари, яъни рақобатга қарши мувофиқлаштирилган ҳаракатлар содир этилгани юзасидан жавобгарларга молиявий жарима қўлланди.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди, дейилади хабарда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид