Кўчмас мулк | 11:38
1013
2 дақиқада ўқилади

Охирги 15 ойда Рақобат қўмитасига Golden House устидан 74 та шикоят келиб тушди

Рақобат қўмитасига 2025 йил ва 2026 йилнинг биринчи чораги давомида Golden House компанияси устидан ўнлаб мурожаатлар келиб тушган. Қўмита аралашуви натижасида 4 нафар истеъмолчи фойдасига 1 млрд 128 млн сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган. Шунингдек, 10 та ҳолат юзасидан текширув олиб бориляпти.

2025 -2026 йилларда Golden House Property Group МЧЖнинг фаолияти юзасидан жами 74 та шикоят келиб тушди, дея хабар берди Рақобат қўмитаси.

Қайд этилишича, ушбу шикоятлардан 54 таси қурувчи ҳамда фуқаро ўртасида ўзаро келишув битими имзоланиши ёки низоларнинг судгача медиация йўли билан ҳал этилиши натижасида ижобий ҳал этилиб, истеъмолчилар фойдасига 1 млрд 128 млн 669 минг сўм миқдорда пул маблағлари қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Хусусан, 2025 йил давомида Golden House Property Group МЧЖ фаолиятидан норози бўлиб жами 40 нафар фуқаро мурожаат қолдирган. Ушбу мурожаатларнинг 35 таси (87 фоизи) ижобий ҳал этилган, шундан, 31 таси қурувчи ҳамда фуқаро ўртасида ўзаро келишув битими имзоланиши орқали ҳал этилган бўлса, 4 нафар фуқаронинг фойдасига жами 1 млрд 128 млн 669 минг сўм миқдорда пул маблағи қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган.

2026 йилнинг 1-чораги давомида ҳам мазкур қурувчи корхона фаолиятидан норози бўлиб 34 нафар фуқародан мурожаатлар келиб тушган. Шундан 19 таси (56 фоизи) қаноатлантирилган бўлса, 5 та ҳолатда белгиланган тартибда иш қўзғатилган, 10 та мурожаат юзасидан ваколатли ташкилотни хабардор этган ҳолда текширув тайинланган.

«Ижтимоий тармоқлар орқали ҳам айнан юқоридаги қурилиш корхонаси ва умуман бу соҳада мурожаатлар ортаётгани бир неча бор муҳокама қилинмоқда. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси барча қурувчи корхоналарни истеъмолчилар билан шартнома тузишда қурилишни битказиш имкониятларидан келиб чиқиб оқилона ва аниқ муддатларини белгилашга, истеъмолчиларга қонунчиликда берилган имтиёз ва ҳуқуқларни чекламаслик чораларини кўришларини сўраб қолади», дейилади хабарда.

Маълумот учун, Рақобат қўмитасига 2023 йил 19 мингта, 2024 йилда 28 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлса, бу кўрсаткич 2025 йилга келиб қарийб 54 мингга етган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид