19:10 / 05.07.2019
10178

Навоийда «Қалқон ота» маҳалласидаги бир неча йиллик муаммога қачон ечим топилади?

Kun.uz сайтида 2018 йил 29 декабрда «Навбаҳор туманидаги ноқонуний қурилишлар. Муаммо ечим топиши нимага боғлиқ?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Ушбу мақола Навбаҳор туманидаги «Қалқон ота» маҳалласида истиқомат қилувчи Г.Турдиеванинг таҳририятга йўллаган мурожаати асосида тайёрланган эди.

«Биз яшайдиган Мустақиллик кўчасида айрим хонадон эгалари томонидан амалга оширилган ноқонуний қурилишлар туфайли йўллар тор ҳолатга келиб қолган. Ёғингарчилик кунларда лой ва тор йўлда ҳаракатланиш қийинлашади. Бу кўчага техника воситалари киришига ҳам имкон йўқ. Бу кўплаб ноқулайликлар туғдиради. Ушбу ҳолат юзасидан неча йиллардан буён тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик. Туман мутасаддилари келиб вазиятни бир неча марта ўрганишди. Ҳолатни тасдиқлаб, чора кўришга ваъда бериб кетишади. Аммо муаммо 7 йилдан буён ижобий ечим топмаяпти», – дейилган эди мурожаатда.

Ушбу мурожаат жойида ўрганилганда ҳақиқатан ҳам ҳолати тасвирланган кўча айрим хонадон эгалари томонидан ноқонуний қурилган деворлар натижасида тор ҳолатга келиб қолгани, баъзи деворлар нураб, хунук манзара ҳосил қилгани маълум бўлган эди.

Шунингдек, Г.Турдиева хонадони ёнидан қад кўтарган девор аввал мавжуд бўлган ариқ устига қурилгани, шу орқали қўшни хонадонлар эгалари томонидан йўлнинг бир қисми эгаллаб олингани аниқланганди.

Ўрганишимиз давомида мурожаатчи уйнинг кадастр ҳужжатлари ва чизмаларини бизга тақдим этганди. Деворлар чиндан ҳам ноқонуний қурилган. Тегишли ташкилотлар томонидан ҳолат етарлича ўрганилмаган. Ўрганилган бўлса-да, масала ўз ечимини топмаган.

Дастлабки ўрганишимизда ушбу ҳолат юзасидан Навбаҳор тумани ҳокимлиги мутасаддилари билан учрашгандик.

«Бу масаладан хабаримиз бор. Г.Турдиева бу ҳолат юзасидан бир неча марта мурожаат қилган. Албатта, эътироз ўринли. Аммо қишлоқда бу каби ноқонуний қурилишлар кўп. Қурилишлар тегишли тартибда лойиҳалаштирилмаган. Шу туфайли бу каби муаммолар юзага келган. Аммо бу муаммолар яқинда ўз ечимини топади. Сабаби, «Қалқон ота» қишлоғи 2019 йилги «Обод қишлоқ» дастурига киритилган. Дастур асосида бош режа тасдиқланган. Унга кўра, барча ноқонуний қурилишлар бузилади. Йўллар кенгаяди», – дея туман ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Азиз Хўжаев вазиятга изоҳ берганди.

Орадан шунча вақт ўтди. Айни вақтда «Қалқонота» маҳалласида «Обод қишлоқ» дастури асосида лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хўш, туман ҳокимлиги мутасаддиси ваъда берганидек, Г.Турдиеванинг масаласи ижобий ҳал этилдими?

Г.Турдиева яқинда таҳририятимизга такроран мурожаат қилди ва мавжуд муаммо ҳануз бартараф этилмаётганидан шикоят қилди.

Ушбу такрорий мурожаат асосида Навбаҳор туман ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Азиз Хўжаев билан боғландик. Ҳокимлик мутасаддиси ушбу масала юзасидан таҳририятга маълумот тақдим этди.

«Қалқонота» қишлоғида яшовчи фуқаро Гулчеҳра Турдиева ўзига тегишли хонадонга келувчи ички йўлни кенгайтиришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

«Қалқонота» қишлоғи 2019 йилда «Обод қишлоқ» дастурига киритилган бўлиб, дастурга асосан ҳозирги кунда қишлоқнинг бош режаси ишлаб чиқилиб, тегишли ваколатли органлар томонидан тасдиқланган.

Ҳозирги кунда мазкур қишлоқда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб келинмоқда.

Дастур асосида ҳудуддаги барча ижтимоий соҳа объектлари, хизмат кўрсатиш бинолари қурилиши, коммуникация тармоқларини таъмирлаш, аҳоли хонадонларини замонавий қиёфага келтириш, ноқонуний қурилмаларни буздириш ва ички хўжалик йўлларини кенгайтириш эвазига аҳолига қулайлик яратиш, бир сўз билан айтганда аҳолининг турмуш тарзини тубдан яхшилаш белгиланган.

Фуқаронинг мурожаатига асосан тегишли ташкилотлар билан биргаликда жойида ўрганилганда кириш йўли қўшниси Ф.Рўзиевнинг отаси марҳум Н.Рўзиевга тегишли бўлган турар-жойнинг узунлиги 22,5 метр бўлган девор билан тўсиб қўйилганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 18 июнь куни тегишли ташкилотлар ходимлари билан жойида ўрганилиб, фуқаро Ф.Рўзиев уйида йўқлиги сабабли унинг турмуш ўртоғи Г.Тоғаева ва ўғли А.Нурмаматовга деворни 15 кун муддатда бузиб олиш тўғрисида тегишли тартибда тушунчалар берилди.

Ҳозирги кунда туман ҳокимлиги томонидан ушбу деворни буздириш бўйича тегишли суд органларига даъво аризаси киритиш бўйича барча ҳужжатлари йиғилиб, қисқа муддат ичида даъво аризаси киритиш белгиланган.

Фуқаро Г.Турдиеванинг мурожаати белгиланган тартибда суд тартибида кўриб чиқилиши ва дастур асосида кириш йўли таъмирлаб берилиши маълум қилинади», – дейилади маълумотномада.

Аммо бу муаммо бир неча йилдан буён ижобий ечим топмай келган. Бу каби масалалар ҳал бўлиши учун қишлоқ «Обод қишлоқ» дастурига киритилишини кутиш шартмиди? 2019 йилда мабодо «Қалқон ота» эмас, бошқа қишлоқ дастурга киритилганда, муаммо яна қанча вақт ўз ечимини кутарди?

Тан олиб айтиш керакки, Навбаҳор туманида «Обод қишлоқ» дастури асосида дастурга киритилган маҳаллаларда олиб борилаётган лойиҳаларда бир қатор муаммолар бор. Бу эса аҳолининг кўплаб эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Ушбу ҳолатлар Kun.uz сайтида 2019 йил 4 июль куни «Қушқочди» нега обод қишлоққа айланмади? Навоийдаги маҳалла аҳли ишлар якунига етмагани ва маблағлар талон-торож қилинганини айтмоқда» сарлавҳали танқидий мақолада ҳам ёритилган эди. 

Вилоят ва туман ҳокимликлари ҳамда тегишли ташкилотлар бу каби масалалар бўйича жиддий бош қотириши мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда, бу муаммолар тобора илдиз отиб бораверади ва аҳоли эътирозлари ҳам кўпаяверади.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top