Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оқ уйда Ғазо бўйича йиғилиш бўлади — Уиткофф
Оқ уйда АҚШ президенти раислигида Ғазо бўйича катта йиғилиш ўтказилади. Исроилга босим ортиб бораётгани фонида ташкил қилинган учрашув тафсилотлари очиқланмади. Трамп махсус вакили Стив Уиткоффнинг айтишича, АҚШ Ғазодаги уруш йил охиригача якунланишини кутмоқда.
Фото: White House
АҚШ президенти Доналд Трамп чоршанба куни Оқ уйда бўлиб ўтадиган Ғазо бўйича йиғилишга раислик қилади. Бу ҳақда маълумот берган АҚШ президентининг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткоффга кўра, расмий Вашингтон Исроилнинг Ғазодаги уруши йил охиригача якунланишини кутмоқда.
«Эртага Оқ уйда президент раислигида катта йиғилишимиз бор ва биз эртаси кунига жуда кенг қамровли режа тайёрлаяпмиз», деди Fox News телеканалига интервью берган Уиткофф. У батафсил тушунтирмади ва йиғилиш иштирокчиларини санаб ўтмади.
Исроил урушни тугатиш ва гаровдагиларни озод қилиш учун бошқача йўл тутиши керакми, деган саволга «Биз бу масалани бир йўл ёки бошқа йўл билан, албатта йил охиридан олдин ҳал қиламиз, деб ўйлаймиз», деди Уиткофф.
Шунингдек, Трампнинг вакили, Исроил Ҳамас билан музокараларни давом эттиришга очиқлигини айтди. Унга кўра, Ҳамас ҳам келишувга очиқлигини билдирган.
Шу куннинг ўзида АҚШ давлат котиби Марко Рубио Вашингтонда Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар билан учрашишини маълум қилди.
Reutersнинг ёзишича, Трамп 2024 йилги АҚШ сайлов кампанияси давомида ҳам, январь ойида лавозимни эгаллагач ҳам Ғазодаги урушни тезда тугатишга ваъда берганди, бироқ деярли етти ой ўтган бўлса-да, бу мақсад ҳали ҳам амалга ошгани йўқ.
Трампнинг президентлиги Ғазодаги сулҳ билан бошланганди, бироқ у икки ой давом этди. Сулҳ — 18 март куни Исроил 400 га яқин фаластинликни ўлдиргач тугади. Сўнгги ҳафталарда Ғазодаги очликдан азият чекаётган фаластинликлар, жумладан, болалар суратлари дунёни ларзага солди ва Исроилга танқидни кучайтирмоқда.

Хусусан, 25 август куни Исроил армиясининг Нассер шифохонасига берган зарбаси оқибатида 21 киши, жумладан, халқаро ОАВларнинг 6 нафар ходими ҳалок бўлди. Нетаняҳу жонли эфирда кетган бу ҳолатни «фожиали хато» деб атади. Трамп эса бундан бехабар қолганини айтиб, Ғазодаги вазият «икки-уч ҳафтада яхши бўлишини» билдирди. Ушбу воқеа бўйича халқаро ташкилотлар ва Европа лидерлари Исроилдан мустақил тергов талаб қилишни бошлади.
Маълумот учун, Исроилнинг 2023 йил октябрдан буён Ғазога уюштираётган ҳалокатли ҳужумлари 62 мингдан ортиқ фаластинликнинг ўлимига сабаб бўлган. Бу ҳам очлик инқирозини келтириб чиқарди, Ғазо аҳолисини бутунлай ички мигрантларга айлантирди. Шунингдек, Исроилни халқаро судларда геноцид ва уруш жиноятларида айблашга туртки берди.
Айни вақтда Исроилнинг ўзида гаровдагилар озод қилинишини ва Ғазодаги урушни тугатишни талаб қилиб, умумхалқ норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.
Мавзуга оид
10:25
Москва: Киев АҚШ режаси бўйича музокараларни тўсяпти
08:25
Вашингтон Киевга 15 йиллик хавфсизлик кафолатларини таклиф қилмоқда
21:51 / 26.12.2025
Исроил дунёда биринчи бўлиб Сомалиленд мустақиллигини тан олди
21:21 / 26.12.2025