Жаҳон | 10:25
726
3 дақиқада ўқилади

Москва: Киев АҚШ режаси бўйича музокараларни тўсяпти

Россия ТИВда АҚШ режасининг қайта ишланган варианти Москва билан муҳокама қилинган матндан анча фарқ қилиши айтилди. Россия томонининг даъвосига кўра, Украина ва унинг иттифоқчилари келишувга эришишга халақит беряпти.

Россия ҳукумати Киевни Украинадаги урушни якунлаш бўйича АҚШ режаси атрофидаги музокараларни тўсиш ниятида айблади. Бир неча кун олдин Украина ҳокимияти тақдим этган АҚШ режасининг қайта ишланган варианти Москва Вашингтон билан муҳокама қилган матнга нисбатан “кескин бошқача”, деди РФ ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков жума куни, 26 декабрда Россия телевидениесида.

“Украина пабликларида 20 банддан иборат режага ҳаволалар пайдо бўлди. Биз биламизки, бу режа — агар умуман уни режа деб аташ мумкин бўлса — декабрнинг илк кунларидан бошлаб охирги ҳафталарда америкаликлар билан ишлаб чиққан 27 банддан кескин фарқ қилади”, — деди Рябков “60 дақиқа” дастурига берган интервюсида.

Дипломатнинг сўзларига кўра, Украина ва унинг “ҳомийлари, хусусан келишувга қаратилмаган Евроиттифоқдаги” тарафдорлари “келишувни тўсиш учун саъй-ҳаракатларини икки баравар оширган”. “Ушбу инқирознинг илдизида турган муаммоларни тўғри ҳал қилмасдан — бу муаммоларни бартараф этмасдан якуний келишувга чиқиб бўлмайди”, — деди Сергей Рябков.

У қўшимча қилишича, ҳар қандай таклифлар август ойида Аляскада АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида бўлиб ўтган саммитда қайд этилган чегаралар доирасида қолиши керак.

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ вакиллари билан музокаралардан сўнг чоршанба куни урушни якунлаш бўйича АҚШ режасининг янги версиясини тақдим этди. 20 банддан иборат қайта ишланган режа фронтнинг ҳозирги чизиғини музлатиб қўйишни назарда тутади.

Шу билан бирга, ҳужжатда Москва қўйган икки асосий талаб йўқ: Украина қўшинларини Донбассдан олиб чиқиш ва Украина учун НАТОга киришдан юридик жиҳатдан мажбурий тарзда воз кечиш.

Шу орада Украина президенти Володимир Зеленский 26 декабр куни журналистларга Украинадаги урушни якунлаш бўйича 20 банддан иборат тинчлик режаси 90 фоизга тайёр эканини айтди. “Бизнинг вазифамиз — ҳаммасини 100 фоизга етказиш”, — деди у ва “бу осон эмас”лигини таъкидлади.

Украина раҳбарининг сўзларига кўра, у 28 декабр куни АҚШ президенти Доналд Трамп билан режалаштирилган учрашувда Киев учун хавфсизлик кафолатларига оид ҳужжатлар блокини, шунингдек ҳудудий масалалар ва иқтисодий ривожланишни муҳокама қилиш ниятида. Бу ҳақда РБК-Украина ёзган.

Бундан ташқари, Зеленский Москва тинчлик режасини имзолаш истагини намоён этмаётгани ҳақидаги масалани ҳам кўтармоқчи. “Россия доим рози бўлмаслик учун сабаб қидиради. Агар Украина ўз позициясини кўрсатса — у конструктив, Россия эса, масалан, рози бўлмаса — демак, босим кам”, — деб тушунтирди Украина президенти.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид