Ўзбекистон | 17:19 / 07.12.2020
2845
2 дақиқада ўқилади

Ногиронлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича клиника очилади

Клиника ногиронлиги бўлган инсонлар учун бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш билан шуғулланади.

Фото: Максим Богодвид

Тошкент давлат юридик университетида АҚШнинг Сиракьюз университети билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган шахсларга беғараз ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган юридик клиника ташкил этилади.

Бу – ТДЮУ, «Эл-юрт умиди» жамғармаси, Бош прокуратура Академияси ва Сиракьюз университети ўртасида имзоланган англашув меморандуми доирасида амалга оширилади.

Меморандумга кўра, юридик клиника жамиятнинг энг заиф қатлами вакиллари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган инсонларни қўллаб-қувватлаш ва уларни жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айлантиришга хизмат қилади.

Клиника фаолиятига АҚШнинг халқаро даражадаги юқори малакали юристлари ҳамда Сиракьюз университетининг талабалари жалб этилади.

Клиника 2021 йил январ ойидан фаолият бошлаши режалаштирилган бўлиб, ижтимоий тармоқлар ва веб-сайт орқали масофавий маслаҳат олиш мумкин бўлади. Юридик маслаҳатлар бепул равишда тақдим этилади.

Шунингдек, меморандум асосида Тошкент давлат юридик университети ҳамда Бош прокуратура Академиясининг профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари АҚШда стажировка ўташи ва бошқа дастурларда иштирок этиши бўйича келишувга эришилди.

Маълумот учун, Сиракьюз университети АҚШда узоқ йиллик тарихга эга университетлардан бири. У 1874 йилда ташкил этилган. Times Higher Education халқаро тан олинган университетлар рейтингида Сиракьюз университети 301-ўринни эгаллайди.

Мавзуга оид