Ўзбекистон | 16:22 / 18.02.2026
4822
2 дақиқада ўқилади

Рамазонда Ўзбекистондаги 1,7 мингдан ортиқ масжидда тўлиқ «Хатми Қуръон» қилинади

Бу йил Ўзбекистондаги 2101 та масжидда таровиҳ намози, уларнинг 1 762 тасида эса тўлиқ хатмона бўлади. Жараёнга 3,6 мингдан ортиқ қори жалб қилинган. Дин ишлари бўйича қўмитага кўра «Хатми Қуръон» тадбирлари барча масжидларда бир тартибда бошланиб, Рамазоннинг 27-кечасида якунланади.

Дин ишлари бўйича қўмита 2026 йилдаги Рамазон ойига тайёргарлик доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда тегишли идоралар томонидан кўрилган ташкилий чоралар юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги президент қарорига асосан фазилатли ойда «Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» ғояси асосида амалга ошириладиган вазифалар белгиланди.

Хусусан, Рамазон ойида Ўзбекистонда фаолият юритаётган 2 148 та масжиддан 2101 тасида таровиҳ намозлари ўқилади. Шундан, 1 762 тасида тўлиқ хатмона — «Хатми Қуръон» тадбирлари ўтказилади. Ушбу жараёнга 3 642 нафар иқтидорли қори саралаб олинди.

Сўнгги йиллардаги ижобий тажрибадан келиб чиқиб, бу йил ҳам «Хатми Қуръон» тадбирлари барча масжидларда бир хил вақтда бошланади. Якуни эса Рамазоннинг 27-куни – тахминий «Қадр кечаси»да якунланиши белгиланган.

Таровиҳ намозлари бугун, 18 феврал куни хуфтон намозидан сўнг бошланади. Мусулмонлар идорасига кўра, уларнинг бошланиш вақти шарқий ҳудудларда 20:20 дан ғарбий ҳудудларда 21:00 гача чўзилади. Тошкент вилояти ва пойтахтда таровиҳ намозлари 20:30 да бошланиши белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси таровиҳ намозларида ўқиладиган Хатми Қуръон саҳифаларининг кунлик тақсимотини эълон қилди.

Таровиҳ намозларида ўқиладиган Қуръон саҳифаларининг кунлик тақсимоти

Таровиҳ тадбирларини тартибли ўтказиш мақсадида Ички ишлар, Миллий гвардия, Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари, шунингдек, 2 104 та махсус техника жалб этилади.

Таровиҳ намозлари ўқиладиган вақтлар

 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид