Ўзбекистон | 09:08
2906
4 дақиқада ўқилади

«Амаллар ниятларга қараб эътиборлидир» — ўзбекистонлик уламолар Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши аъзолари ва таниқли имомлар президент Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади. Унда диний соҳа вакиллари давлат раҳбарини Рамазон ойи билан табриклаб, фазилатли ойдаги меҳр-муруввати намунасини эътироф қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар / Фото: Мусулмонлар идораси матбуот хизмати

«Тажриба ва кузатишларимиздан маълумки, дунёнинг камдан-кам мамлакатларида Рамазон ойини муносиб ўтказиш бўйича Давлат Раҳбари даражасида алоҳида қарор қабул қилинади. Сизнинг ташаббусингиз билан қабул қилинаётган бундай ҳужжатлар мазкур ойни юксак инсоний фазилатлар, саховат ва меҳр-мурувват айёмига айлантирмоқда» дейилади Мусулмонлар идораси матбуот хизмати эълон қилган мактубда.

Мусулмонлар идораси 16 февраль куни «Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари»га бағишлаб ўтказилган йиғилишдаги тарихий қарорларни алоҳида эътироф қилган.

«Рамазон ойи арафасида «Вақф» хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм маблағ ажратилиши – давлатчилигимиз тарихида мисли кўрилмаган мурувват намунаси бўлди.

Сизнинг ушбу тарихий қарорингиз замирида буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий ривоят қилган: «Амаллар ниятларга қараб эътиборлидир», деган муборак ҳадиси шарифдаги холис ва соф ниятларнинг улуғ ҳикмати мужассамдир. Халқ манфаати йўлидаги бу ғамхўрлик туфайли минглаб оилаларнинг мушкули осон бўлиб, миллионлаб диллар қувончга тўлиши, қанча ногиронлиги, касаллиги бор кишиларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиёти харажати қоплаб берилиши, шубҳасиз, юртимизга файзу барака олиб келади», дейилади баёнотда.

Ўзбекистонлик уламоларга кўра, президент Шавкат Мирзиёев ташаббускори бўлаётган бундай хайрли амаллар халқаро ҳамжамият ва дунё уламолари томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.

«Муборак ҳадиси шарифларда келтирилишича, «Аллоҳ таоло учун энг мақбул амал – мўминнинг қалбига қувонч киритишдир».

Уламолар Аллоҳнинг назарида бўлган инсонлар қалбига фараҳ бағишлашни Яратганни рози қилиш билан қиёслаганлар ҳамда синиқ кўнгилларни кўтариш, маҳзун дилларга умид бериш ва инсонларнинг оғирини енгил қилиш илоҳий муҳаббатга сабаб бўлишини алоҳида таъкидлаган.

Президен Шавкат Мирзиёев ва муфтий Нуриддин Холиқназар Рамазонда эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга доир йиғилишда / Фото: Президент матбуот хизмати

Юртимиздаги 2000 дан зиёд масжидларда Хатми Қуръонларнинг тизимли ташкил этилиши, диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши Сизнинг ислом маърифатига қўшаётган бебаҳо ҳиссангиз ифодасидир».

Шунингдек, диний идора давлат раҳбарини яна бир бор қутлаб, унга саломатлик тилаган, марҳум ота-онаси ҳақига дуолар қилган

«Сизни муборак ой билан яна бир бор қутлаб, сизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт ва масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар тилаймиз. Хонадонингиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака аримасин.

Аллоҳ таоло Сиздек ватанпарвар, эл-юрт дарди билан яшайдиган фарзандни тарбия қилган марҳум Миромон ота ва Маърифатхон оналаримизнинг охиратларини обод, қабрларини нурга тўлдирсин.

Яратган ушбу муборак кунларда жонажон Ўзбекистонимизни ўз паноҳида асрасин, эзгу ниятларимиз ижобатини берсин», дейилади хатда.

Мактуб муфтий – шайх Нуриддин Холиқназар, шайх Абдулазиз Мансур, Ҳомиджон Ишматбеков, Зайниддин Эшонқулов, Раҳматуллоҳ Термизий, Раҳимберди Раҳмонов, шайх Алижон қори Ҳайдаров ва Исмоил Муҳаммад Содиқ каби ўнлаб олимлар томонидан имзоланган. 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид