Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин:
61-модданинг (Оз миқдорда талон-торож қилиш) матни қуйидаги мазмунда баён этилади:
«Ўзгалар мол-мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-торож қилиш –
энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса –
энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Башарти жисмоний шахсларнинг талон-торож қилинган мулки қиймати энг кам иш ҳақининг бир бараваридан, шунингдек корхона муассаса, ташкилотларнинг талон-торож қилинган мулки қиймати энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан ошмаса, бундай талон-торож оз миқдордаги талон-торож қилиш деб ҳисобланади.
Жисмоний шахсларга нисбатан содир этилган оз миқдордаги талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар таркибида хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб, компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб, ўта хавфли рецидивист томонидан, жабрланувчининг кийими, сумкаси ёки бошқа қўл юкидаги ашёга нисбатан (киссавурлик), уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб содир этиш аломатлари мавжуд бўлмаган ҳолатларда қўлланилади».
61-2-модданинг (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) тўртинчи қисми чиқариб ташланади.
қуйидаги мазмундаги 270-1-модда билан тўлдирилади:
«270-1-модда. Жабрланувчининг шикоятига асосан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш
Ушбу кодекс 40, 41, 45 ва 52-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ҳуқуқбузарни жавобгарликка тортишни сўраб жабрланувчи берган шикоят аризаси асосидагина кўриб чиқилади. Жабрланувчи ночор аҳволда бўлганлиги, ҳуқуқбузарга қарам бўлганлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра ўз ҳуқуқини ва қонуний манфаатларини ўзи ҳимоя қила олмайдиган алоҳида ҳолларда ваколати бўлган орган (мансабдор шахс) жабрланувчининг шикоятисиз ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиши шарт.
Ушбу кодекснинг 61 ва 61-2-моддаларида назарда тутилган, устав фондида давлат улуши бўлмаган юридик шахсга нисбатан унинг ходими томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар фақат мазкур юридик шахс раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра жавобгарликка сабаб бўлади».
271-модда (Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар) қуйидаги мазмундаги 12-банд билан тўлдирилади:
«12) иш фақат жабрланувчининг шикояти билан кўриладиган ҳолларда унинг шикояти бўлмаса, ушбу Кодекснинг 270-1-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно».