Ўзбекистон | 14:35
4781
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда яна ўсмирлар машина бошқариб юргани маълум бўлди

Уларнинг отаси фарзандларини тартибга чақириб қўйишни сўраб борган маҳалладошларга қўпол муносабатда бўлган. Бу ҳолат жамоатчиликка маълум бўлгач, ота 5 суткага қамалди, машиналардан бири жарима майдончасига олиб кетилди.

Фото: Видеодан кадр

Ўзбекистон йўлларида вояга етмаган шахсларнинг катта тезликда машина бошқариши давом этмоқда.

Тошкент шаҳрида 13 ёшли ўсмирлар автомобил рулига ўтириб, ички йўлларда катта тезликда ҳаракатлангани маълум бўлди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда болалар бир неча марта турли машиналар рулида ўтиргани, йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузганини кўриш мумкин. 

Шундан кейин болалар яшайдиган маҳалла аҳолиси улар яшайдиган уйга шикоят қилиб борган. Аммо ўсмирларнинг отаси фарзандларини тартибга чақириб қўйишни сўраб келган маҳалладошларига ўта қўпол муносабатда бўлган.

Маълум бўлишича, болаларнинг отаси Нозим Азизов бўлиб, у мамлакатдаги йирик фармацевт тадбиркорлардан бири ҳисобланади.

Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқда кенг тарқалиб, муҳокамалар марказига чиққач, Нозим Азизовга нисбатан болаларга тарбия бермаслик ва майда безорилик моддалари билан иш қўзғатилди ва у 5 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Ҳолат юзасидан пойтахт ЙҲХБ томонидан эълон қилинган видеода ота бирор марта фарзандларига машина калитини бермагани, улар фақат бир марта машинани сўроқсиз олиб чиқиб кетиб ҳайдаганини таъкидлаган. Унинг бу сўзлари эса эгизаклар мунтазам равишда машина миниб, қоидабузарликлар содир этиш билан машғул бўлгани ҳақидаги кўплаб видеоларга мос келмайди.

Болалар ҳайдаган машиналардан бири жарима майдончасига қўйилган. Манбаларга кўра, улар ҳайдаган бошқа машиналар ҳам жарима майдонига қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда 10-синф ўқувчиси Дониёр Турғунов BMW машинасида ЙПХ инспекторини уриб юборган ва ходим олган оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этганди. Ўсмирга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган.

Асрор Абдуназаров
Тайёрлаган Асрор Абдуназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид