Жамият | 08:04 / 10.10.2025
6357
3 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда 5 нафар ака-укалар хонадонидан 9 кг марихуана топилди

Тошкент ва Фарғона вилоятларида гиёҳвандлик воситалари айланмасига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида яшовчи 5 нафар ака-уканинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, улар томонидан яшириб қўйилган жами 9 кг 14 гр марихуана, 1 туп каннабис, 1 дона пневматик қурол, ов қуролига тегишли 21 дона патрон, 19 дона гилза, 1 дона резина таёқчаси  (дубинка), 2 дона совуқ қурол ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ушбу фуқаролар муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган бўлса-да, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган. Улар 2 нафар фарзандини ҳам ўзининг ишларига жалб қилган.

Шунингдек, уларнинг шериги ҳисобланган шахснинг яшаш манзили ҳам кўздан кечирилганда хонадон омборхонаси ва ошхонасида жами 7 дона қоғоз бўлагига солинган қуруқ ҳолатдаги каннабис ва чекиш учун мўлжалланган мослама борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган гиёҳвандлик воситасининг айланмасига чек қўйилди.

Юнусобод туманида яшовчи шахс бошқарувида бўлган Cobalt русумли автотранспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашинанинг салон қисмида соф оғирлиги 967 гр бўлган гашиш моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг жиноий шериги ҳисобланган фуқародан ҳам 1 кг 992 гр гашиш моддаси олинди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳамда Фарғона вилояти бўйича бошқармаси томонидан ички ишлар ҳамда божхона идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Фарғона туманидаги хонадонлардан бири холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, унда фуқарога тегишли 6880 дона Zardeks кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Келгусида Тошкент шаҳрида сотилиши режалаштирилган ушбу дори воситалари Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб келинган бўлиб, умумий қиймати 412 млн сўмни ташкил этади.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид