Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сурхондарёда божхона ходими, Наманганда кадастр бўлими бошлиғи пора билан ушланди
Намангандаги туманлардан бирининг кадастр бўлими бошлиғи озиқ-овқат дўкони бостирмаси учун ҳужжат расмийлаштириб бериш эвазига унинг эгасидан 5 млн сўм талаб қилган. У келишилган пулдан 3 млн сўм олган вақтида ушланди. Сурхондарё божхона ходими эса 20 минг долларни декларациясиз “Сариосиё” чегара божхона пости орқали Тожикистонга ўтказиб бермоқчи бўлган.
Ҳудудларда коррупция ва фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими катта тезкор ходими ноқонуний тарзда фуқародан 400 доллар олган вақтида ушланган.
Ушбу тезкор вакил хизмат мавқейидан фойдаланиб, Термиз туманида яшовчи фуқаронинг 20 минг долларини декларация ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, танишлари ёрдамида “Сариосиё” чегара божхона пости орқали Тожикистонга ўтказиб беришни ваъда қилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 25,211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса вилоятдаги туманлардан бирининг кадастр бўлими бошлиғи қўлга олинган. У фуқарога тегишли озиқ-овқат дўконининг ташқи томонига қурилган бостирма учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 5 млн сўм талаб қилган. Келишилган пулдан 3 млн сўм олганда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Энергосавдо” филиали Наманган бўлинмаси Косонсой тумани юрисконсулти маҳаллий фуқародан 2 минг доллари олганда қўлга олинган. У ўтказилган рейд тадбирлари давомида фуқаро ўзининг яшаш хонадонида электр тармоғига ноқонуний уланганлиги ҳолати аниқлангани бўйича тузилган далолатномага асосан чиқарилган 28,6 млн сўм жаримани электрон тизимга киритмасдан бартараф этишни ваъда қилган.
Ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Тошкентда солиқ инспекторлари 10 миллион сўм пора олган пайтида ушланганди.
Мавзуга оид
08:19
Жиззах ва Самарқандда адвокатлар ушланди
09:00 / 01.07.2026
Тошкент ва Навоийда мансабдорлар пора билан ушланди
21:24 / 27.06.2026
Наманганда 381 минг долларга 50 сотих ерни расмийлаштириб беришни ваъда қилганлар ушланди
08:33 / 25.06.2026