Ўзбекистон | 08:28 / 05.02.2022
5998
3 дақиқада ўқилади

Пахтачилик соҳасида янги институт ташкил этилади

Фото: Kun.uz

Президентнинг “Пахта хомашёсини чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришда илмий-инновацион фаолият натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

“Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамияти акциядорларининг умумий йиғилишида томонидан “Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамиятини белгиланган тартибда тугатишни назарда тутувчи қарор қабул қилинган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг “Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамияти негизида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тузилмасида Пахта тозалаш саноати илмий-тадқиқот институти давлат муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Қуйидагилар институтнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

  • пахта хомашёсини тозалаш учун замонавий техника ва технологиялар, энерготежамкор машина ва асбоб-ускуналарнинг тажриба-саноат намуналарини ишлаб чиқиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини ҳамда фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш;
  • пахта ва пахта маҳсулотлари учун халқаро ва давлатлараро стандартлар билан уйғунлашган стандартларни, уларнинг сифат кўрсаткичларини аниқлаш, рақамли технологиялар асосида тезкор ва аниқлик даражаси юқори бўлган ўлчов ва синаш воситаларини, калибрлаш ва синаш усулларини текшириш учун давлат стандарт намуналарини ишлаб чиқиш;
  • аккредитация соҳасига мувофиқ тарзда пахта маҳсулотлари синовларини ўтказиш, мувофиқлик сертификати бериш, лабораториялараро таққослаш синовларини ва раунд-тестларини ташкил қилиш ва ўтказиш, манфаатдор ташкилотлар учун пахта маҳсулотлари ташқи кўринишининг стандарт намуналарини тайёрлаш хизматларини кўрсатиш;
  • пахта хомашёсини чуқур қайта ишлашга оид халқаро сифат стандартларини татбиқ этиш ва сертификатлашни ривожлантириш механизмларни ишлаб чиқиш;
  • замонавий илмий-лаборатория базасини шакллантириш, уни илғор технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда соҳани ривожлантиришга қаратилган илмий-инновацион тадқиқотларни кенгайтириш ва уларнинг трансфери бўйича самарали тизимни шакллантириш;
  • республикада районлаштирилган ва истиқболли пахта селекция навларининг сифат кўрсаткичларини аниқлаш соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш, ушбу йўналишда самарали илмий ечимларни ишлаб чиқиш;
  • юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • жаҳоннинг нуфузли университет ва илмий марказлари билан халқаро илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги институт моддий-техника базаси ва етакчи олимларининг салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг базавий кафедралари филиалларини институтда ташкил этиш чораларини кўради.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид