Ўзбекистон | 10:45 / 24.07.2021
1337
2 дақиқада ўқилади

Бўзатовдаги мактаб филиали янгидан қуриладиган бўлди

Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманида жойлашган 11-мактаб филиали қайта қурилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

Кеча, 23 июль куни Бўзатов туманида жойлашган 11-мактаб филиали таъмирталаб аҳволга келиб қолгани, у қулаш арафасида тургани ҳақида хабар берилганди. Шундан кейин, Бўзатов тумани ҳокимлиги таълим муассасаси ҳолати юзасидан расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, 11-мактаб филиали “Аспантай” ОФЙдаги Хива овулида жойлашган. У ерда 15 та хонадон истиқомат қилади. Тилга олинган мактаб филиали иморатининг фундаменти 1990 йилда ҳашар йўли билан қамишдан қурилган. Асосий мактаб иморати ушбу филиалдан 11 км узоқликда жойлашган. 

Мақтаб филиалида 2020 йилда кичик таъмирлаш ишлари – иморатнинг том қисми ўрнатилиб, бўяш ишлари олиб борилган. 2021/2022 ўқув йилига маҳаллий бюджет ҳисобидан қурилиш учун зарур бўлган бўяш маҳсулотлари ва оҳак тарқатилган. Матбуот хизматининг қўшимча қилишича, маҳаллий бюджет ҳисобидан мактаб филиалида 2022 йилда қиймати 500 млн сўм бўлган қайта қуриш, ўнглаш ва реконструкция ишларини олиб бориш режалаштирилган.

Маълумот учун, ушбу мактаб филиалида фақат бошланғич синфлар ўқиши мумкин. Ўқувчилар 5-синфдан марказдаги мактабга қатнашади. Мактабда бор-йўғи 4 нафар ўқувчи таълим олади: 4-синфда 1 нафар, 3-синфда 2 нафар, 2-синфда 1 нафар ўқувчи битта синфда ўқийди.

Мавзуга оид