2022 йилги статистикага кўра, Қорақалпоғистонда ва бир қанча вилоятларда 2 мингдан ортиқ йўл кесишмаларида светофор ва йўл белгилари ўрнатилмагани аниқланган.

Шу йилнинг 15 сентябр куни Бўзатов туманига қарашли ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ўтиши керак бўлган йўл қисмига светофор ёки тезликни пасайтирувчи тўсиқлар ва белгилар ўрнатилмагани аниқланди.

«Мактаб катта йўлга яқин жойлашган, шунингдек марказий бозорга ҳам яқин. Айниқса, ҳафтанинг жума куни туманда «бозор куни» бўлгани учун йўлларда транспорт воситалари кескин кўпаяди», — дейди мактаб ўқувчиларидан бири.

Мактабда 5–11-синфгача бўлган ўқувчилар икки сменада ўқийди. Эрталабки ва тушдаги вақтда навбатчи муаллимлар қўлларига қизил байроқ кўтариб ўқувчиларни йўлдан ўтказиб қўяди.

Бўзатов тумани ҳокимлиги матбуот хизмати бошлиғи Рустам Жангабергенов берган маълумотга кўра, ҳақиқатан ҳам мактаб йўлида тезликни пасайтирувчи белгилар ёки тўсиқлар ўрнатилмаган. «Туман бўйича ҳалигача светофор йўқ», — дейди Жангабергенов.

Туман ҳокимлиги икки йилдан бери ушбу масала бўйича «Опен бюджет»га ташаббус киритиб келаётганини маълум қилди.

Ҳозир туман бўйича 4 та жойга: Бердақ гузари – Қорақалпоғистоннинг 60 йиллиги кўчалари кесишмаси, Амир Темур – Қорақалпоғистоннинг 60 йиллиги, Бердақ гузари – А.Досназаров кўчалари кесишмаларига 3 комплект ва ихтисослаштирилган мактаб олдидаги йўлга светофор ўрнатилиши учун жами 600 млн сўм ажратилиши таклиф қилинган.

Ташаббусли бюджетга қўйилган лойиҳалар.

«Светофор масаласи бўйича туман аҳолисидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Ҳозирги кунда туманда ички йўлларда ўнлаб ишлар амалга оширилмоқда, лекин, светофор ўрнатиш учун маблағ ажратилмаган», — дейди Бўзатов тумани ҳокимининг ёшлар сиёсатини ижтимоий ривожлантириш ва маданий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Низаматдин Тўремуратов.

Қайд этиб ўтиш жоиз, йил бошидан бери туманда болалар иштирокида бирорта ҳам ЙТҲ содир этилмаган.