Ўзбекистон | 21:38 / 30.07.2025
14183
6 дақиқада ўқилади

Гигантга айланиб улгурган Хитой: Ўзбекистон ундан нималарни ўрганса бўлади?

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги колонкасида Хитойга илк сафари таассуротлари, хусусан хитойликлар чўлларни қандай ўзлаштираётгани ва сув ресурслари борасида фундаментал муаммога эга Ўзбекистон учун бундай тажрибаларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўтган ҳафта ўзбекистонлик журналистлар ва тадқиқотчилардан бир гуруҳи Хитой Халқ Республикасига илмий-амалий сафар қилишди. Улар сафида мен ҳам сафарда иштирок этдим. Биз ХХРнинг Нинся провинцияси пойтахти Инчуан шаҳрида ҳамда республика даражасидаги шаҳар – Тианжианда бўлдик ва университетлар, суньий ақл марказлари, саноат корхоналари, йирик тараққиёт лойиҳалари билан танишдик.

ХХР – бугун дунёнинг иккинчи иқтисодиёти. Номинал ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи бўйича АҚШдан кейин дунёда иккинчи ўринни эгаллайди. Бироқ, ЯИМни сотиб олиш қобилияти паритети (PPP) асосида баҳоланганда, ХХР дунёнинг энг йирик иқтисодиёти сифатида кўрилади. Агар АҚШнинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши тахминан 15 фоизни ташкил этса, ХХРнинг улуши 18 фоиз атрофида. Бу 3 фоизлик фарқ бир қарашда катта кўринмаслиги мумкин, лекин амалиётда у жуда катта иқтисодий устунликни англатади.

Кейинги 30 йил ичида ХХРда тахминан 400 миллионга яқин аҳоли қашшоқ ва камбағал синфдан ўрта синфга кўчди. Яъни, 30 йилча олдин бу 400 миллионга яқин аҳолининг яхши уй-жой шароитлари йўқ эди, сифатли овқатланиш ва кийиниш, фарзандларига сифатли таълим бериш, машина олиш ва йилда бир марта бўлса-да давлат ичида ёки хорижга сафар қилиш имконияти йўқ эди. Бугун эса бундай имкониятлар бор. Бугун ўрта статистик хитой оиласида камида битта автомобил, шароитлари яхши уй-жой, фарзандларини ўқитиш учун имкониятлар бор.

ХХР – кейинги йилларда Ўзбекистоннинг, Марказий Осиё давлатларининг биринчи ёки иккинчи савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. ХХР билан минтақамизнинг иқтисодий боғлиқлиги ўсиб бормоқда ва истиқболда алоқалар фақат кучайиши кутилади. ХХР – Ўзбекистоннинг, МОнинг қўшниси. Ўзбекистоннинг Андижон вилоятидан ХХРнинг чегарасигача бўлган масофа бор-йўғи 150 км. Ўртада фақат Қирзиғистон бор холос. Бугунги кунда Ўзбекистон, Қирғизистон, ХХРни боғловчи темирйўл ҳам қурилмоқда.

Сафар чоғида Ўзбекистон вакиллари Lenovo компанияси заводига ҳам бориб, компания тарихи ва янги маҳсулотлари билан танишди. Lenovo – бугунги кунда персонал компютерлар ишлаб чиқаришда дунёда биринчи ўринда туради. Компаниянинг 2024/25 молиявий йилдаги умумий тушумлари 69 млрд долларни ташкил қилган, йиллик соф даромад эса ўтган йилгига нисбатан 36 фоизга ошиб, 1,4 миллиард долларга етган.

Гарчи бу сафар чоғида ўзбекистонлик журналистлар, сиёсатшунослар ХХРнинг кўплаб аҳамиятли лойиҳалари билан танишган бўлса-да, менинг назаримда энг аҳамиятлиси – қуёш энергиясини ўзлаштириш ва чўлни ободонлаштириш лойиҳалари эди.

Нинся автоном райони Хитойнинг марказидан шимолда жойлашган. Марказий шаҳри – Инчуан. Бу автоном районда Тенгери, яъни ўзбек тилида “Тангри” деб аталадиган йирик чўл мавжуд. Бу чўл Хитойдаги тўртинчи йирик чўл ҳисобланади ва умумий сарҳади 43 минг квадрат километрни ташкил қилади. Ушбу Тенгери чўлида хитойлик мутахассислар иккита жуда йирик лойиҳани амалга оширишмоқда.

Биринчи лойиҳа – қуёш энергиясини ўзлаштириш. Бугун Нинся автоном районида жами 6 миллиондан ошиқ қуёш панеллари ўрнатилган. Бу – дунёдаги энг йирик қуёш электростанцияси ҳисобланади. Тасаввур қилиш учун, 6 миллион қуёш панеллари билан Антарктида материгини ўраб чиқса бўлади. Қуёш панеллари шу қадар катта сарҳадни эгаллаганки, кўз нури тушадиган олис нуқталар ҳам қуёш панеллари билан қопланган. Панеллар муттасил қуёшга қараб бурилиб турадиган механизмлар устига, ердан 3 метргача баландликка ўрнатилган. Бу панеллар остида ёввойи ҳайвонлар, туялар бемалол ўтиб юра олади. Бу панеллардан олинаётган электроэнергия 1,5 миллион оиланинг барча эҳтиёжларини тўлиқ қоплайди экан.

Иккинчи мега лойиҳа – бу чўлларни ўзлаштириш, яшиллаштириш. ХХР чўл ҳудудларини жуда самарали яшиллаштираётганига гувоҳ бўлдик. Бу лойиҳада иштирок этаётган маҳаллий экспертлар билан суҳбатлашдик. Уларнинг айтишича, чўлни ўзлаштиришдаги энг асосий муаммолар – қумнинг муттасил кўчиши, шамол сабаб барҳанларнинг жойи ўзгариб туриши экан. Қум кўчишини тўхтатиш учун хитойликлар сомондан панжаралар ясаб, қум орасига жойлаб чиқиш технологиясини (straw grid method) қўллар экан. Шунда 3-4 йил давомида қум кўчишининг олди олинар экан. Натижада бу сомонли квадратлар ўртасига кам сув истеъмол қилувчи узун томирли ўсимликлар экилар экан. Орадан маълум йиллар ўтиб, ушбу ўсимликлар орасига ўрта ва кўпроқ сув истеъмол қилувчи, ўрта ва катта баргли дарахлар экилса, кўкариш эҳтимоли ошаркан. Одатда, чўлни тўлиқ дарахтзорга айлантириш учун 30 йиллик вақт ва қаров керак бўлишини тушунтиришди. Экилган экинларнинг кўкариш коэффициенти 85 фоизни ташкил қилиши айтилди. Бу – жуда яхши кўрсаткич.

Фото: Xinhua/Feng Kaihua
Фото: Xinhua/Feng Kaihua

Ўзбекистоннинг ҳам каттагина сарҳадлари дашт ва чўлдан иборат. Қолаверса, аҳолини электр энерияси билан таъминлаш масаласи ҳам долзарб. Бизда демографик ўсиш юқори. Саноатлашув ҳам жадал кетмоқда. Сув ресурслари эса, аксинча, тақчиллашиб бормоқда. Демак, биз сувни тежаш ва айни пайтда чўлларни ўзлаштириш, қуёш энегиясидан максимал фойдаланиш борасида Хитой тажрибасидан кўп нарсалар ўрганишимиз мумкин.

Камолиддин Раббимов

Мавзуга оид