Венесуэладаги сиёсий инқироз вақтида Мадуронинг икки яқин ҳамкори Москва ва Пекин уни ҳокимиятда сақлаб қололмади. Йиллаб қурилган алоқаларга қарамай, Мадуро якунда ёлғиз қолди. Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида таҳлилчилар Венесуэла атрофидаги сиёсий вазият хусусида сўз юритди.
Россия ва Хитой нега Мадурога ёрдам бера олмади?
Камолиддин Раббимов: Бугун Америка Қўшма Штатлари билан реал равишда басма-бас рақобатлаша оладиган ва бунинг учун етарли ресурсларга эга бўлган ягона давлат – Хитой Халқ Республикаси. Бироқ Хитойнинг геосиёсий тафаккури АҚШ билан тўғридан тўғри қарама-қаршиликка бориш эмас. Совуқ уруш тугаганидан буён Пекин имкон қадар Вашингтон билан келишиб яшашга, ҳатто айрим масалаларда унинг тизимига мослашишга ҳаракат қилиб келмоқда.
Шу билан бирга, Хитойнинг қатъий “қизил чизиқлари” мавжуд. Энг асосийси – Тайван масаласи. Пекин назарида Тайван Хитойнинг ажралмас қисми бўлиб, бу жараёнга ташқи кучлар аралашмаслиги керак.
Иккинчи муҳим масала – Тинч океани ҳавзасида, хусусан, Хитой соҳиллари атрофида АҚШ томонидан ҳарбий-сиёсий блокада бўлмаслиги ва Хитойнинг жаҳон денгизларига эркин чиқиши таъминланиши лозим.
Бу контекстда Ҳиндистон ва Хитой ўзаро душман эмас, балки стратегик рақиб сифатида қаралади. Ҳиндистон ўзини Хитойга тенг қудратли давлат сифатида кўрсатишга интилса-да, Пекин Деҳлини ҳали ўз даражасидаги глобал куч деб ҳисобламайди. Айнан шу рақобат фонида Ҳиндистон Малакка бўғози орқали Хитойнинг савдо ва юк ташиш йўлларига босим ўтказишга уринади. Бунга Япония, Жанубий Корея ва бошқа АҚШ иттифоқчиларининг денгиздаги фаоллиги ҳам қўшилади. Натижада Хитой ўзини денгиз томондан деярли ўраб олинган ҳолатда кўрмоқда. Шу сабабли Пекин сўнгги 15 йил ичида қуруқлик орқали муқобил транспорт ва логистика йўлакларини шакллантиришга киришди. “Бир камар — бир йўл” ташаббуси айнан шу стратегиянинг маҳсули бўлиб, Марказий Осиё учун улкан иқтисодий имкониятлар ва барқарор даромад манбайини яратади. Бу минтақа давлатлари учун ижобий геосиёсий омил ҳисобланади. Венесуэланинг амалда глобал ўйиндан чиқарилиши эса Лотин Америкасида Хитой ва Россия учун муҳим таянч нуқтанинг йўқотилиши демакдир.
Шунга қарамай, Хитой бу масалада фаол қаршилик кўрсатмади. Сабаби оддий: узоқ минтақада АҚШ билан тўқнашувга кириш – Пекин стратегиясига мос келмайди.
Хитой учун энг катта вазифа – аввало Тайван масаласини ҳал қилиш. Хитойнинг ёндашуви прагматик: “Мен ўсишда давом этаётган давлатман. Бугун АҚШ билан очиқ тўқнашувга бориб, ўз тараққиётимни секинлаштиришга ҳожат йўқ. Агар ҳозирги тенденция сақланиб қолса, 2050-йилларга бориб, табиий равишда дунёнинг иккинчи мустаҳкам глобал қудратига айланаман”, деган қараш устун.









