Шавкат Мирзиёев: Уйлар давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади
Сардобадаги сув тошқинидан жабр кўрган оилалар учун уйлар давлат томонидан бепул қуриб берилади, уйлар 1 сентябргача қуриб битказилиши режалаштирилмоқда. Уйлари зарарланган одамларнинг ҳовлилари ўзларида қолади.
Сардоба туманида маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашув бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев сув омборида юз берган техноген авария жуда катта синов бўлганини, Ҳукумат комиссияси ташкил этилиб, тошқин оқибатларини бартараф этишга барча куч ва имкониятлар сафарбар қилинганини яна бир бор қайд этди.
«Бу ишларни ташкил этиш ва Сирдарё халқидан хабар олиш учун бугун тўртинчи марта сизларнинг олдингизга келдим. Ҳар соат, ҳар дақиқа бу ердаги ишлар ҳолатини суриштириб турибман, телефон орқали ҳисобот оляпман», деган давлат раҳбари.
Аҳолининг турмуш шароитларини тиклаш асосий вазифа экани, зарарланган уйларни таъмирлаш ҳамда янги турар жойлар қуриш бўйича ишлар бошлаб юборилгани таъкидланди.
«Таъмирланадиган уйлар ҳам, янги қуриладиганлари ҳам давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади. Одамлар янги кўп қаватли уйларга ва ўзларининг таъмирланган ҳовли-жойларига 1 сентябргача тўлиқ кўчиб ўтиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолади», деган президент.
Маълумот учун, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида уй-жойлари бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган аҳоли учун учта массивда жами 2 640 квартирали 66та 5 қаватли уй қурилиши режалаштирилган.
Бугун президент Сардоба туманидаги «Дўстлик» маҳалласида барпо этиладиган 1480 хонадондан иборат 37та уй учун тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.
Мавзуга оид
23:37 / 06.05.2024
Сирдарёдаги мактабда ўқувчилар клип томоша қилди, синф раҳбаридан директоргача ишдан олинди
07:34 / 20.04.2024
Тадбиркорнинг 943 млн сўмлик материалларини ўзлаштирган собиқ менежер аниқланди
13:00 / 09.11.2023
Шавкат Мирзиёев яна бир бор Ғазодаги воқеаларга муносабат билдирди
11:48 / 09.11.2023