Ўзбекистон | 20:09 / 19.09.2025
5166
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Ню-Йорк шаҳрида бўлади

Ўзбекистон президенти 20-24 сентябр кунлари БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида иштирок этади.

Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси тадбирларида иштирок этиш учун 20-24 сентябр кунлари амалий ташриф билан Нью-Йорк шаҳрида бўлади.

Давлат раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси ялпи сессияси умумий мунозараларининг биринчи кунида нутқ сўзлайди.

Бош Ассамблеянинг бу йилги юбилей сессиясида глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, БМТ тизими ва халқаро молия архитектурасини ислоҳ қилиш, иқлим ўзгариши оқибатлари ва бошқа замонавий хатарларга қарши курашишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.

Саммит доирасида Ўзбекистон етакчиси БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро молиявий институтлар раҳбарлари билан музокаралар ўтказади.

Ташриф дастурининг ишбилармонлик қисмидан АҚШнинг етакчи компаниялари ва молиявий-инвестиция тузилмалари иштирокида учрашув ва тадбирлар ўрин олган. Янги келишув ва шартномалар тўплами имзоланиши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид