Жамият | 12:11 / 15.05.2026
7975
8 дақиқада ўқилади

Ҳокимият шафелигида қурилган уйлар битмай туриб бузиладиган бўлди. Ҳокимга ишонганлар ҳоли не кечади?

2019 йилда Тошкентнинг Шота Руставели кўчасида ҳоким ва инвестор ўртасидаги шартномага асосан кўп қаватли уйлар қурилиши белгиланган эди. Қурувчи ҳужжатларни пухта қилмагани учун, томи ёпиб бўлинган уйлар суд қарори билан бузилиш арафасида турибди.

“Инвестор” дейилган одам Бухородаги бошқа ишлари сабаб 11 йилга қамалиб кетган.

Айнан Шота Руставелидаги қурилиш бўйича ҳам Тошкент шаҳар прокуратурасида жиноят иши бор.

Ҳокимликка ишониб, яшаб турган уйларини инвесторга топширган ўнлаб фуқаролар нажот изламоқда.

Давлат идораларига шикоятларидан наф бўлмаётган бир гуруҳ фуқаролар Kun.uz'га мурожаат қилди.

Сериалнинг бошланиши

Тошкент шаҳрининг ўша вақтдаги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 2019 йил 7 февралдаги қарори билан, “Best building company” МЧЖга кўп қаватли турар жой биноларини қуриш учун Яккасарой тумани Шота Руставелли ҳамда Суқрот кўчаси кесишмасидан 1,2 гектар ер участкаси ажратилган.

Ҳоким қарорида “Best building company” МЧЖга ер участкасидаги турар ва нотурар жой биноларини бузиш ва етказилган зарарларни қоплаш, архитектура режалаштириш топшириқларини ишлаб чиқиш, лойиҳалаш ва тегишли ташкилотларга келишиш учун киритиш мажбурияти юклатилган.

Шаҳар ҳокими ва компания директори Р.Р.Юнусов ўртасида “инвесторнинг ижтимоий мажбуриятлари тўғрисида” 29-сонли шартнома ҳам тузилади.

Компания эски уйларни бузиш учун мулкдорлар билан келиша бошлайди: айримлар қурувчи билан келишиб, пулини олиб чиқиб кетади, лекин аксарият мулкдорлар компенсация сифатида шу ернинг ўзида келажакда қуриб битириладиган янги турар жой мажмуасидан квартира ажратилишига кўндирилади.

Қуриш ишлари ҳам кўп куттирмай бошлаб юборилади.

Шундан бери орадан 7 йил ўтди. Ваъда қилинган уй қад ростлади, аммо интиқ кутаётган эгаларига топширилмади: қурилиш чала қолган, ҳужжат ишлари эса боши берк кўчага кириб қолган.

Ҳужжатсиз қурилиш

Kun.uz ўрганган ҳужжатларга кўра, Шота Руставели ва Суқрот кўчалари кесишмасида “А”, “Б” ва “В” блокдан иборат кўп қаватли турар жой биноларини қуриш лойиҳасига асосан “А” блок 4 подъездли 9 қават мансарда қисмидан иборат, 112 та хонадонли бўлиши; “Б” блок 2 подъездли, 9 қават мансарда қисмидан иборат, 70 хонадонли бўлиши; “В” блок 6 подъездли, 4 қаватдан иборат, 21 хонадонли бўлиши белгиланган.

Шунга қарамай, “Best building company” МЧЖ тасдиқланган лойиҳадан четга чиқиб, шаҳарсозлик норма ва қоидаларига зид равишда “А” блокни 11 қават 234 та хонадонли ҳамда “В” блокни 6 қават 32 хонадонли қилиб қурган.

Суд ҳужжатида келтирилишича, Шота Руставели кўчасида тегишли регламент талабларига зид равишда, қурилиш инспекциясидан рўйхатдан ўтмасдан қурилиш ишлари олиб борилган.

Бунинг учун 2024 йил 23 октябр куни “Best building company” МЧЖ огоҳлантирилган, директор ўринбосари С.Алиев маъмурий жавобгарликка ҳам тортилган.

Бинолар бузиладими?

Тошкент шаҳар қурилишда назорат инспекцияси иқтисодий судга ариза киритиб, “Best building company” МЧЖдан низоли манзилда қурилган “А” ва “Б” блокларда қурилиш ишларини тўхтатиш ва бузишни талаб қилган.

Суд 2025 йил 9 декабрда даъвони тўла қаноатлантириб, объектларни бузиш тўғрисида қарор чиқарган.

Қурувчи ким ва у ҳозир қаерда?

Мурожаат қилган фуқаролар “Best building company” МЧЖнинг илк таъсисчиси Умиджон Нуруллаев бўлганини айтади. У айни пайтда қамоқда.

Kun.uz ўрганган суд ҳукмида айтилишича, Умид Нуруллаев жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2025 йил 9 апрелдаги ҳукми билан 11 йилга озодликдан маҳрум этилган. У жуда кўп миқдордаги фирибгарлик ва бошқа турдаги қатор жиноятларда айбланган.

Суд У.Нуруллаев ва унинг жиноий шерикларидан 100 дан ортиқ фуқарога етказилган зарарни қоплаш учун бир неча миллиард сўмлик ундирув белгилаган.

Кимлар эгалик қилди?

Кейинчалик “Best building company” МЧЖнинг таъсисчилари бир неча марта ўзгарган. Умид Нуруллаев таъсис қилган фирма 2025 йил апрел ҳолатида Ахмедов Абдурауф Негматовичга, 2025 йил август ҳолатида Хамроев Шерали Махмудовичга тегишли бўлган.

Ҳозирда таъсисчилар таркибида З.Толибов, О.Шамсиев, А.Негматов бор.

Аммо таъсисчилар ҳарқанча ўзгармасин, уйлар ва уларнинг ҳақдорлари тақдирида ўзгариш сезилган эмас.

Мурожаат қилган фуқаролар билан объектнинг ўзида суҳбатлашган Kun.uz мухбири қурилиш фирмаси вакилларидан изоҳ сўради. Аммо “алоҳида гаплашиб олиши”ни айтган шахслардан шу бўйи ҳеч қандай маълумот олиб бўлмади.

Қурилиш расман тўхтатилган

2025 йил 26 июл куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган 59 та объектда қурилиш ишлари тўхтатилгани, объектлар электр таъминотидан узиб қўйилгани ҳақида хабар берган эди.

Ўшанда қурилиши тўхтатилган фирмалар орасида “Best building company” номи ҳам бўлган.

Тергов кетмоқда

Тошкент шаҳар прокуратурасининг Kun.uz'га маълум қилишича, “Best building company”га нисбатан ЖКнинг 192-11-моддаси (нодавлат ташкилотда мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ва 229-моддаси (ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов харакатлари олиб борилмоқда.

Лойиҳа боши берк кўчада қолган

Эътиборлиси, қурилиш тегишли ҳужжатларсиз амалга оширилган бўлиб, қурилишнинг боришини назорат қилиши керак бўлган давлат ташкилоти “ҳужжатлари йўқлигини” то уй қуриб бўлингунича кутиб турган ва кейин бузиш керак дея судга берган.

Қурилиш устида туриши керак бўлган одам қамоқда, яқин йиллар ичида озодликка чиқиши ҳам даргумон.

Ўнлаб фуқаролар бу қурувчига ишониб, уйсиз қолишган ҳам.

Муаммолар гирдобидаги объектда сенатор нима қилиб юрибди?

Ушбу журналистик суриштирувимиз чоғида эътиборимизни тортган бир ҳолат содир бўлди. Айни дамда сенатор, Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари, бир вақтлар Навоий вилояти ҳокими бўлган Қобил Турсунов 5-6 йилдан бери муаммолар гирдобида бўлган қурилиш объектига шахсан келиб, хизмат автомобилида ичкарига қадар кириб боргани маълум бўлди.

Сенатдаги расмийларнинг айтишича, сенаторни “ушбу қурилиш компанияси билан боғлаб турувчи хеч қандай алоқа йўқ, у фақат синглисининг ўғли учун квартира харид қилиш мақсадида бу ерда борган”.

Қизиқ, ростдан ҳам шундаймикин? Тошкентда юзлаб янги турар-жой мажмуаларида сотувлар бўлиб ётган бир пайтда, Қобул Турсуновдек сиёсий хушёр одам – сотув офислари ишламайдиган, товонидан қулоғигача муаммога ботган, боз устига бузилиб кетиш арафасида турган “дом”дан квартира қараб юриши ғалати эмасми?

Ҳокимлик томошабин бўлиб қолаверадими?

Воқеалар аввалига қайтсак, барча ишлар ҳокимнинг қарори, ҳоким ва инвестор ўртасидаги ижтимоий мажбуриятларга оид шартномадан кейин бошланган эди. Одамлар ҳокимга, ҳокимиятга ишонган эди. Энди-чи?

Энди одамларга битмас-туганмас ташвиш олиб келган “ҳоким ва инвестор келишуви” учун ким жавоб беради? Ўнлаб одамлар қачонгача сарсон бўлиб, бехаловат яшашади?

Ҳозирча бу саволларга жавоб йўқ. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Дилшод Абдуқодиров
Муаллиф Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид