Ўзбекистон | 21:54 / 10.06.2024
11014
2 дақиқада ўқилади

Пойтахт Транспорт бош бошқармасига бошлиқ тайинланди

Фазлиддин Баҳромов Тошкент шаҳар транспорт ва йўл транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Унгача бу лавозимда ишлаган Анвар Жўраев 4 ой олдин қамоққа олиниб, мансаб сохтакорлиги ва растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятларида гумонланаётганди. 

Фото: Транспорт вазирлиги

Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг “Delivery Unit” лойиҳа офиси мутахассиси, қолаверса, Ёшлар ишлари агентлигининг марказий аппаратида бошқарма бошлиғи лавозимларида ишлаган Фазлиддин Баҳромов бошқа ишга ўтказилди. 

Транспорт вазирлигининг хабар беришича, у Тошкент шаҳар транспорт ва йўл транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган. 

Унгача эса бу лавозимда Анвар Жўраев ишлаб келаётганди. У феврал ойида қамоққа олиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми «а» бандида (такроран мансаб сохтакорлиги) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинаётганди

Орадан 4 ой вақт ўтди. Тергов натижалари ҳозирча жамоатчиликка маълум эмас. Жиноят-процессуал кодексига кўра, дастлабки тергов муддати 3 ойни ташкил этади. Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, давлат амалдорларининг коррупция билан боғлиқ қилмишларига оид суд ишлари очиқ тарзда, ОАВ иштирокида кўрилиши керак. 

Маълумот учун, Фазлиддин Баҳромов 1991 йил 14 августда Тошкент шаҳрида туғилган. 2016 йилда Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ишлаб чиқаришни бошқариш менежменти факултетининг бакалавр босқичини, 2018 йилда молия иши йўналишида магистратура босқичини, 2020 йилда эса “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати сифатида АҚШнинг Вебстер университети Тошкент филиали лойиҳа бошқаруви факултетининг магистратура босқичини тамомлаган.

Мавзуга оид