Иқтисодиёт | 20:16 / 09.08.2025
4297
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда свет ўчмаслиги учун яна 1,8 триллион сўм ажратилади

Охирги икки йилда Тошкентда электр таъминотини яхшилаш учун 2 триллион 800 миллиард сўм йўналтирилган. Президент ҳузуридаги тақдимотдан кейин энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг маълум қилишича, бу ишларни давом эттириш учун яна 1,8 трлн сўм ажратилмоқда.

"Ўзбекистон 24" эфиридан кадр

“Икки йил ичида олиб борилган ишлар, уларнинг натижадорлиги шуни кўрсатяптики, юқори кучланишли тармоқдан тортиб токи маҳалла кесимигача бўлган ишларни амалга оширмасак, авариялар ортиб боради ва содир бўлиши эҳтимоли катта. Шуни инобатга олиб, Тошкент шаҳридаги ҳар бир туман кесимида бажариладиган ишлар, масъуллар, ҳаммаси белгиланди”, – деди вазир “Ўзбекистон 24”га берган интервюсида.

Мирзамаҳмудовга кўра, ҳозирда генерация қувватлари етарли, лекин уни кафолатли етказиб бериш мақсадида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида энергия сақлаш тизимлари қурилишини жадаллаштириш, бундай лойиҳаларни йирик истеъмолчилар кесимида ҳам амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

“Энергетика соҳасида ҳам масъулиятни [ошириш], ҳам замонавий технологияларни жалб қилишни кўзда тутувчи норматив ҳужжатларни, умуман қонунчиликни ўзгартириш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берилди”, – деди Энергетика вазирлиги раҳбари.

Аввалроқ президент матбуот хизмати ушбу йиғилиш ҳақида берган хабарда Тошкентда бу йил 374 км электр тармоғи, 11 та нимстанция ва 62 та трансформатор янгиланишини маълум қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, бу йил ёзда ҳам пойтахтда кўплаб электр узилишлари рўй берди. Бунинг ортидан “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” МЧЖ бошлиғи, 11 та туман ЭТКлар бошлиқлари ва бошқа мансабдорлар интизомий жавобгарликка тортилди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид