Жамият | 16:50 / 19.08.2025
10498
7 дақиқада ўқилади

ADWorld иши: пуллар қайтариладими?

Хорижга виза олиш ва ишга жўнатишни ваъда қилган фирма ваъдасини бажармади. Жабрланганларнинг сўзларига кўра, ADWorld одамларни Саудия Арабистони, Сербия, Черногория, Норвегия, Уммон давлатларига ишга юборишга, юқори маош билан таъминлашга ишонтирган. Машҳур блогерларнинг ADWorld ҳақидаги мақтовлари эса ишончни мустаҳкамлаган. Шундан кейин юзлаб одамлар фирмага ўртача 15-20 млн сўм тўлаган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тузоқ вазифасини бажарган машҳурлар

Ўзбекистонда туриб фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланиш лицензия талаб қиладиган фаолият тури эканини кўпчилик яхши билса керак.

Аммо айрим шоввозлар “билса ҳазил, билмаса чин” қабилида иш тутиб, юзлаб одамларга Америка, Англия, Жанубий Корея ва Европа давлатларида иш топиб беришни, энг муҳими бу давлатларнинг визасини олиб беришни ваъда қилиб, пулларни йиғиб олган.

Одамлар бу шоввозларга шунчаки ишонишмаган – уларни ишонишга “мажбурлашган”. Ўзингиз мухлис бўлган, ҳурмат қилган, таъбир жоиз бўлса, сиз ишонган машҳур одамлар ваъда бериб турганидан кейин ишонмайсизми?

Афсуски, одамлар яна алданди. Улардан бири – Черногорияга 2 ойда виза чиқариб беришларига ишонган Даврон Фахриддинов.

“Отабек, Азиз Эстет, Сариқ бола ва бошқа блогерлар орқали ADWorld’га келганмиз. Улар Черногорияга ишга 2 ойда виза чиқариб жўнатамиз, ҳаммаси қонуний, ойлиги 1800 доллардан 2000 долларгача деб, бизнинг соддалигимиздан фойдаланди. Алдов йўллари билан пулларни олди. 15 миллиондан тўлов қилгандик. Мана, 5-6 ой бўлди, ҳали виза йўқ. Пулимизни қайтиб беринг десак, қайтариш ниятлари ҳам бўлмаяпти”, – дейди Фахриддинов.

“Мен шу йил 25 март куни шартнома қилганман. Ҳозир 5-6 ой бўлиб қолди. Узоғи 2 ой деганди. Шартномада ҳам 60 иш кунида деб кўрсатилган. 1100 доллар тўлов қилганман”, – дейди бошқа бир жабрланувчи Охунжон Нурмуродов.

Нурмуродовнинг айтишича, фирма 2024 йилда одамлардан Норвегия, Сербия, Черногория, Уммон давлатларига виза учун пул олган, аммо жўната олмаган.

“Бу ҳаммаси тасодиф деб ўйлайсизми? Йўқ, бу – вилоятликларнинг пулини айлантириш. Балки уларнинг иши юришмай қолгандир, лекин шунча қоракўз кетиши керак эди. 2000 доллар тўлов қилиб, 1 йилдан бери қайтариб ололмаганлар бор”, – дейди у.

Наманганлик Акромжон Қаюмбоев ҳам алданганлардан бири. У шу йилнинг 23 мартида Уммон давлатига шартнома тузган ва 13 млн тўлаган. Фирма Қаюмбоевни Уммонда ойига 2000 доллар топишига ишонтирган.

“Ора-орада мен Теlegram орқали булардан хабар олиб турганман. Миразиз исмли ишчиси билан алоқада бўлганман. Қолган бошлиқларини умуман танимаганман. 2 ой ўтди, қарасам натижа йўқ. Биз ўзи 90 кунга шартнома қилганмиз. Булар: “Ака, билиб бўлмайди, чўзилиши мумкин, кўпчиликсизлар, ўшанинг ҳисобига 3 ой деб шартнома қиламиз”, деган. 90 кун ўтди. Шубҳаланишни бошладим. Instagramʼда кўпчилик билан гаплашдим. “Ака, булар натижа қила олмайди”, деди. Кейин ишонмасдан Намангандан 4 киши Instagram орқали танишиб, офисига бордик. Бошлиғи Дилмурод Юсупов: “Ака, бир ҳафтада янгилик бўлади, ё уёққа, ё буёққа сурилади”, деди. Бир ҳафтадан кейин телефон қилсак: “Ака, ўхшамади, ариза ёзинглар”, деган. Мен қонуний бўлиши учун шартнома (муддати) тугашини кутиб, ариза ёзганман, шунгаям 2 ой бўлиб қолди”, – дейди Қаюмбоев.

Емаган” баҳоналар

Лицензияси бўлмай туриб фуқароларни хорижда ишга жойлаш билан шуғулланиб келган фирма – “ADWORLD GROUP” МЧЖ 2023 йил 15 март куни Хоразм вилоятида давлат рўйхатидан ўтган.

Жамият таъсисчиси Дилмурод Юсупов вазиятга изоҳ берди.

“Виза масаласида нима ҳужжат керак бўладиган бўлса, ҳаммасини қилиб берганмиз. Элчихона виза бериш ёки бермасликни ўзи мустақил ҳал қилади. Сербиядаги сиёсий вазият виза олишда муаммолар туғдирди ва режаларимизни бузиб юборди. Фуқароларга пулни қайтаришни ваъда қилганмиз, фақат бунинг учун бизга озроқ вақт керак”, – дейди у.

Kun.uz'га келиб тушган маълумотларга кўра, фуқароларнинг айримлари шартномада кўрсатилган пул маблағларини таъсисчининг банк пластик картасига P2P тарзида ўтказиб берган. Юсупов бу пуллар банкка кирим қилинмаганини тасдиқлаб, виза харажатлари учун ишлатилганини айтди.

Шов-шувдан кейин

ADWorld иши тармоқларда бўй чўза бошлагач, айрим блогерлар реклама сабаб ўз аудиториясининг алданиб қолишига ҳисса қўшиб қўйганидан хижолат бўлди чоғи, улар кўрган зарарни қоплаш ҳақида ўйлай бошладилар.

Масалан, ADWorld'ни реклама қилган Жаҳонгир Латипов ундан жабрланганларнинг 5 нафарига 500 доллардан пул берган.

Кузатувчилари iWash деб биладиган Отабек Жўраев ҳам шу кунларда машинасини сотиб, одамлар кўрган зарарни қисман қоплашга ваъда берди. Машинанинг русуми қанақа, қанчага сотилади, унинг қанчасини ADWorld'дан жабр кўрганларга тақсимлайди, буниси ҳозирча номаълум.

Фирибгарлик аломатлари текширилиши керак

Миграция агентлиги “ADWorld group” фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш хизматларини лицензиясиз амалга оширганини аниқлаган ва бу фирмага нисбатан 112 млн 500 минг сўмлик жарима тайинлаган. Жарима ихтиёрий равишда тўланмагани сабабли, маблағни суд орқали ундириш ишлари бошланган.

Kun.uz билан суҳбатда фирма таъсисчиси ва бир вақтнинг ўзида унинг бошқарувчиси бўлган Дилмурод Юсупов бу фаолият билан лицензиясиз шуғулланиб бўлмаслигини билмаганини айтди.

Қонунларни билмаслик жавогарликдан озод қилмайди. Шундай экан, “ADWorld group” МЧЖ эгаси Дилмурод Юсупов ва атрофидаги кишиларнинг хатти-ҳаракатлари ўрганилиши, қонуний баҳо берилиши мақсадга мувофиқ.

Чунки жабрланганлар кўп, улар куйиб қолаётган пул эса жуда кўп.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Шаҳзод Ўроқбоев тайёрлади.

Мавзуга оид