Марказий банк валюта операциялари бўйича қарорини санкциявий комплаенс билан изоҳлади
Санкциялар талабларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтирган айрим хориж банклари Ўзбекистон банкларининг ўз мижозларини етарлича текширганига ишонмаётгани айтилди.
Ўзбекистон Марказий банки тадбиркорлик субъектларининг валюта айирбошлашига доир айрим чекловлар юзасидан изоҳ берди. 18 сентябрдан кучга кириши кўзда тутилган янги чекловлар аввалроқ жамоатчилик эътирозларидан кейин бекор қилинган эди.
МБ изоҳида айтилишича, Банк назорати қўмитаси 2023 йил 15 сентябр куни валюта амалиётларни ўтказишда шаффофликни таъминлаш ва қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда мазкур операциялар устидан мониторингни такомиллаштириш борасида қарор қабул қилган.
Қайд этилишича, сўнгги кунларда хорижий ҳамкор банклардан Ўзбекистондаги тижорат банкларига валюта операциялари билан боғлиқ тўловларни амалга оширишда мижозларни лозим даражада текшириш (KYC – Know Your Customer) талабларини кучайтириш ҳамда бошқа банкларнинг пул ўтказмаларини амалга оширишни тўхтатиш юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда.
МБ раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев 16 сентябр кунги матбуот анжуманида шу ҳақда гапираркан, Ўзбекистон банки ўз мижозини санкцион комплаенс талаблари доирасида пухта текширганига хориж банклари ишонмаётгани, натижада тадбиркорларнинг тўловлари “осилиб қолиб”, хориждаги ҳамкорларининг ҳисобварақларига тушмаётганини айтди.
“Шу муносабат билан ҳамда валюта операциялари ҳисобини тўғри юритиш ва улар устидан зарур мониторинг тадбирларини амалга ошириш мақсадида хўжалик юритувчи субъектларнинг чет эл валютасини сотиб олиш операциялари билан боғлиқ валюта амалиётларини асосий ҳисобварақ очилган банклар орқали ўтказишлари лозимлиги белгиланган эди”, – дейилади регулятор расмий ахборотида.
Қайд этилишича, бундай амалиёт ҳозирда мавжуд бўлиб, капитал ҳаракати билан боғлиқ валюта операциялари мижозларнинг асосий ҳисобварақлари орқали амалга оширилиши белгиланган (2536-сон, 2013 йил 17 декабр).
“Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларида (3281-сон, 2020 йил 31 август) белгиланган талабларга кўра, хўжалик юритувчи субъектларга хорижий валютани сотиш операцияларини банкларда ташкил этилган таркибий бўлинмалар (экспертлик гуруҳлари) хулосалари асосида амалга оширилиши таъкидланди.
Банк назорати қўмитасининг мазкур қарорида хўжалик юритувчи субъектларнинг чет эл валютасини сотиб олиш ва бошқа валюта операциялари чекланиши назарда тутилмаган.
Бундан ташқари, иккиламчи ҳисобварақларга хизмат кўрсатувчи банкларда санкциялар ва комплаенс-назорат қоидаларига амал қилинишини лозим даражада текшириш имконияти чегараланганлиги сабабли ушбу қарорга келинган эди.
Бироқ, оммавий ахборот воситалари ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан билдирилган таклиф ва эътирозларни инобатга олиб, хўжалик юритувчи субъектларнинг валюта амалиётларини асосий ҳисобварақ очилган банклар орқали ўтказиш лозимлиги юзасидан қабул қилинган қарор бекор қилинди”, – дейилади Марказий банк хабарида.
Қўшимча қилинишича, тижорат банкларига иккиламчи ҳисобварақлар орқали мижозларга хизмат кўрсатишда, комплаенс-назорат бўйича ўрнатилган талаблар лозим даражада бажарилиши бўйича тегишли кўрсатмалар берилган.
Мавзуга оид
11:56 / 11.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
11:23 / 01.11.2024