Жаҳон | 15:15 / 20.02.2026
16050
10 дақиқада ўқилади

АҚШ Эронга зарба берадими? Сўнгги музокаралар фонида кескинлик кучаймоқда

АҚШ ва Эроннинг Теҳрон ядровий дастури бўйича музокараларининг иккинчи раундидан сўнг мамлакатлар ўртасидаги кескинлик ортиб бормоқда. Трамп ва Оқ уй маъмурияти зарба оқибатларини тарозига солиб кўрмоқда ҳамда Яқин Шарққа флот ва авиацияни олиб келишда давом этмоқда. Бу вақтда эса Эрон ва Россия Америка авиаташувчиси турган жой яқинида қўшма машғулотлар ўтказмоқда.

Фото: U.S. CENTRAL COMMAND / HANDOUT via Getty Images

19 феврал куни CNN ва CBS ўз манбаларига таяниб, АҚШ шанба куниёқ Эрон бўйлаб зарбалар бериши мумкинлигини хабар қилди. Манбалар АҚШ президенти Доналд Трамп ҳали якуний қарорни қабул қилмаганини қайд этишган: у ўз маслаҳатчилари билан ҳужумни оқловчи ва унга қарши аргументларни муҳокама қилмоқда ва эҳтимолий ҳужум ҳақида «кўп ўйламоқда». Бу хабарлар фонида Трамп Эрон билан битим тузилиши ёки АҚШ куч ишлатишига тўғри келиши 10 кун ичида маълум бўлишини айтиб чиқди.

CNN маълумотига кўра, 18 феврал куни Оқ уйда маъмуриятнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича юқори лавозимли мулозимлари Эрондаги вазият бўйича йиғилиш ўтказган. Йиғилишда махсус вакил Стив Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер АҚШ президентига сешанба куни Женевада Эрон делегацияси билан бўлиб ўтган музокаралар натижалари ҳақида сўзлаб берган.

Оқ уйда эскалация хавфини ҳам, зарба бермаслик қарорининг оқибатлари ҳам баҳоламоқда. Эҳтимолий қарши ҳужумлар арафасида Пентагон Яқин Шарқдаги ходимларининг бир қисмини АҚШ ва Европа мамлакатларига олиб ўтишни бошлади. CBS’нинг аниқлик киритишича, бу эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар ҳолатида Пентагоннинг одатий амалиётидир: яъни бу Эронга зарба муқаррар дегани эмас. Идора вакиллари бу борада расмий изоҳ беришдан бош тортди.

Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт чоршанба кунги брифингда ўтган йил ёзида Эроннинг уранни бойитиш билан шуғулланган учта заводи АҚШ томонидан йўқ қилиниши билан якунланган «муваффақиятли амалиёт» ҳақида эслатиб ўтди. Аммо у Трамп масалани ҳал қилишда биринчи навбатда дипломатик йўлга мурожаат қилиши ва Эрон ҳукумат АҚШ президенти билан келишувга бориши «оқилона қарор» бўлишини қайд этган.

CNN маълумотига кўра, 28 феврал куни давлат котиби Марко Рубио ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу учрашиши ҳамда уни Эрон билан музокаралар боришидан хабардор қилиш режалаштирилган. Левитт АҚШ Эронга зарба бериш бўйича қарорни Исроил билан биргаликда қабул қиладими, деган саволга жавоб беришдан бош тортди.

Axios нашри эса манбага таяниб шундан хабар берди: агар Трамп барибир Эронга яна зарба беришга қарор қиладиган бўлса, бу бир неча ҳафта давом этадиган йирик ва тўлақонли ҳарбий операцияга айланади.

Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левиттнинг айтишича, Доналд Трамп масалаларни дипломатик йўл билан ҳал қилишга тайёр.
Saul Loeb / Getty Images

Позитив музокаралар ва таҳдидли босим

Музокараларнинг иккинчи раунди олдидан президент Трамп Эрон ядро дастури бўйича келишув тузишни исташини айтганди. У Теҳрон ўтган йилги вазият такрорланишини истамаслигини таъкидлади: ўшанда Трамп дипломатик ечим йўқ деган қарорга келиб, Эроннинг ядровий обектларига зарба беришни буюрганди.

Ўшанда Теҳрон урандан фақат тинч мақсадларда фойдаланаётганини таъкидлаганди. Аммо Халқаро атом энергетикаси агентлигига кўра, Эрон аллақачон 408 кг миқдоридаги бойитилган уран тўплаган – Вашингтон Эрон уни бошқа мамлакатга бришни ҳамда уранни бойитиш ишларини бутунлай тўхтатишни талаб қилмоқда. Россия бу уранни қабул қилишга қизиқиш билдирган, ушбу давлат 2015 йилда кўп томонлама келишув бўйича 11 минг кг миқдоридаги камроқ бойитилган моддаларни қабул қилганди.

Мамлакатлар ўртасидаги музокаралар жорий йилнинг феврал ойи бошида Ўмонда қайта тикланди. АҚШ давлат котиби Марко Рубио учрашув фақат ядро масаласига тааллуқли бўлмаслиги кераклигини айтган. «Музокаралар аниқ бир нарсага олиб келиши учун улар муайян масалаларни, жумладан, уларнинг [Эроннинг] ядровий дастурини чеклашни, баллистик ракеталарнинг ҳаракатланиш масофасини ва бутун минтақа бўйлаб террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлашни қисқартиришни, шунингдек, мамлакат халқига муносабатини қамраб олиши керак», – деган Рубио.

Ўз навбатида, Эрон санкциялар бекор қилинишига эришмоқчи.

Женевадаги музокараларнинг иккинчи раундидан сўнг Эрон мудофаа вазирлиги АҚШнинг ҳозирги талабларини «реалроқ» деб атади.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг айтишича, учрашув чоғида вакиллар эҳтимолий ядровий битимнинг «асосий принциплари» бўйича келишиб олишга муваффақ бўлган. У музокараларни «жиддий, конструктив ва ижобий» деб атади ва иштирокчилар келишув матни устида ишлашни бошлашига ваъда берди. «Бу келишувга тезда эриша оламиз дегани эмас, лекин ҳеч бўлмаганда бошланди», – дея қайд этган вазир.

Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт Женевадаги музокараларда томонлар бироз олдинга силжишга муваффақ бўлганини тасдиқлади, шу билан бирга, қатор муҳим масалалар бўйича позициялар ҳамон кескин фарқланади. АҚШ маъмурияти Эрон вакиллари бир неча ҳафтадан сўнг келишув бўйича кўпроқ тафсилотларни муҳокама қилиш учун қайтишини кутмоқда.

АҚШ президенти Эронга ошкора таҳдидлар билан фаол босим ўтказмоқда: январ ойи бошидан бери Трамп нафақат ядровий келишув туфайли, балки ҳукуматга қарши намойишларнинг шафқатсизларча бостирилиши туфайли ҳам таҳдид қилди. У ўшанда намойишчиларни таслим бўлмасликка чақирган ва «ёрдам аллақачон йўлдалиги» ҳақида ваъда берганди, аммо якунда АҚШ вазиятга аралашмади.

Бунга параллел равишда январ ойи охирида АҚШ Форс кўрфазидаги ҳарбийлари сонини ошира бошлади. USS Abraham Lincoln авиаташувчиси анчадан буён Эрон соҳиллари яқинида турибди. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар кўплаб қирувчи самолётлар ҳамда ҳарбий кемаларини, жумладан йирик USS Gerald R Ford авиаташувчисини ҳам Яқин Шарққа юборган.

BBC Verify маълумотига кўра, АҚШ Испания жанубидаги Рота шаҳридан Грециянинг Крит оролигача бўлган йўлда жойлашган базаларда ёнилғи тўлдириш нуқталарини ўрнатган, катта эҳтимол билан, бу Вашингтон зарба бериш масаласида бир қарорга келгунича қирувчи самолётлар ва бошқа авиация воситаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қилинган.

Сўнгги кунларда АҚШ Яқин Шарққа F-35 ва F-22 қирувчиларини олиб келган. Wall Street Journal нашри ёзишича, Қўшма Штатлар минтақада ҳарбий-ҳаво кучларининг йирик гуруҳини тўпламоқда, бунақаси 2003 йилда Ироққа бостириб кирилганидан буён кузатилмаганди. 

Ўз навбатида, Эрон Пикакс Маунтин ядровий комплекси туннелларига кириш қисмларини мустаҳкамламоқда – экспертлар фикрича, бу уранни бойитиш ишларини ҳимоялашга қаратилган бўлиши мумкин.

Кескинлик ўсиши фонида Эрон ва Россия машғулотлари

BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси Иля Абишев РФ ҳарбий-денгиз флоти ва Эрон ҳарбий-денгиз кучлаининг қўшма машғулоти ҳақида:

Эрон ҳарбий-денгиз кучлари вакили Ҳасан Мақсудли 19 феврал куни Ўмон денгизи ва Ҳинд океанининг шимолий қисмида Россия ва Эроннинг қўшма ҳарбий-денгиз манёврлари бошланиши ҳақида маълум қилди.

Эрон расмий матбуоти Россия президенти ёрдамчиси Николай Патрушевга (у Россия Федерацияси Денгиз коллегияси раиси ҳисобланади) таяниб, машғулотларда Хитой флоти ҳам иштирок этишини маълум қилди. «Эрон, Россия ва Хитой кемалари „Денгиз хавфсизлик камари-2026“ машғулотларини ўтказиш учун Ҳўрмуз бўғозига юборилди», – дея унинг сўзларини келтирган IRNA агентлиги.

Эрон, Россия ва Хитой 2019 йилдан бери жаҳон денгиз нефт савдосининг чорак қисмидан кўпроғи ўтадиган Ҳўрмуз бўғози ҳудудида мунтазам равишда ҳарбий-денгиз машғулотларини ўтказмоқда. Шу сабабли, ҳозирги вазиятда ҳам Хитой кемаларининг эҳтимолий иштироки шов-шувли кўринмайди.

Аммо Эрон матбуотининг сўнгги хабарларида Хитой кемалари манёврлар ўтказиладиган жойга ҳаракатланаётгани ҳақидаги хабарлар ғойиб бўлиб қолди.

Россия томон машғулотларда «Стойкий» корвети иштирок этишини эълон қилган, РФ мудофаа вазирлиги хабарига кўра, Бандар-Аббос портида турган бу кема бир неча кун олдин Ўмон кўрфази сувларида Эрон флоти кемалари билан бирга мувофиқликда ҳаракатлана бошлаган.

«Стойкий» корвети – сув сиғими 1800 тоннани ташкил этувчи, кўпмақсадли бу кема замонавий эсминецларга қараганда уч-тўрт баравар кичик.

Фото: Keystone Press Agency / Global Look Press

Торпедалар, артиллерия, 250 км масофагача учувчи Х-35 русумли кемаларга қарши қанотли ракеталар ҳамда «Редут» зенит-ракета комплекси билан жиҳозланган бу кема АҚШнинг авиаташувчилар гуруҳига тенг кела олмаслиги тайин.

Шу билан бирга, Россия кемасининг эҳтимолий ҳарбий можаро зонасида бўлишининг ўзи олдиндан айтиб бўлмайдиган элементни келтириб чиқаради, чунки дипломатик ечим топилмаса, можарога ядровий кучлар тортилиши мумкин. Бу, албатта, Россиянинг иттифоқчиси бўлган Эронга қўл келади, Теҳрон бу иттифоқчисининг рамзий бўлса ҳам қўллаб-қувватлашига ҳозир жуда муҳтож.

Wall Street Journal ёзишича, машғулотлар Abraham Lincoln авиаташувчисига яқин жойда бўлиб ўтмоқда. Шу ҳафта Эрон диний раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий Америка авиаташувчисига таҳдид қилганди. «Авиаташувчини денгиз тубига жўнатиши мумкин бўлган қурол ундан кўра хавфлироқдир. У [Трамп] АҚШ армияси – дунёдаги энг кучлиси эканини айтмоқда. „Дунёдаги энг кучли армия“ баъзида шундай зарба олиши мумкинки, кейин ўнглана олмайди», – дейилади унинг X ижтимоий тармоғидаги постида, бу постга сунъий интеллект ёрдамида Ford авиаташувчиси океан тубида ётгани тасвирланган сурат қўшилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид