Тадқиқот: COVID-19'дан тузалганлар қонидаги антитаначалар 3 ойдан сўнг йўқола бошлайди
Бу борадаги изланишлар нафақат қон топшириш жараёнларида катта амалий аҳамият касб этади, балки самарали вакцина ишлаб чиқиш ва аҳоли иммунитетини баҳолаш борасида ҳам муҳим ҳисобланади.
Антитаначаларнинг «умр кўриш муддати» ва самарадорлиги тўғрисида жуда кўп қарама-қарши фикрлар мавжуд. Бу масалада олимлар ҳали якуний хулосага келмаган.
Исталган инфекцияни юқтириб олган инсон қонида унга қарши антитаначалар пайдо бўлади, улар организмда бир неча ой, ҳатто бир неча йил сақланиб қолиши мумкин. Аммо COVID-19'га келганда, унга қарши антитаначалар қанча муддат сақланиб қолиши ҳали номаълум. Канадалик олимлар коронавирусдан тузалиб чиққанлардан даволанаётганларни даволаш учун олинган донор қони намуналари билан тажриба ўтказишга қарор қилди. Изланиш натижалари Америка гематологлар жамияти веб-сайтида эълон қилинган.
Тадқиқот натижаларига кўра, COVID-19 симптомлари кўрина бошлагач, 3 ой ўтиб қонда коронавирусга қарши антитаналар йўқола бошлайди.
Тадқиқот учун Квебек шаҳридаги 282 нафар донордан 15 нафари танлаб олинган. Уларнинг барчаси вируснинг енгил ёки оғир босқичларини бошидан ўтказган, айни пайтда шифо топган ва уларнинг ҳеч бири интенсив тарзда даволанмаган.
Кўнгиллиларда антитаначалар сони бир вақтда – илк аломатлар пайдо бўлгандан тахминан 88 кун ўтгач камайган. Шу билан бирга, аниқлаш мумкин бўлган антитаначаларнинг ярми 21 кун ичида камайган.
«Антитаначалар тез йўқолиши мумкин, шунинг учун COVID-19'дан тузалиб, донорлик учун қон топширмоқчи бўлган кўнгиллиларга узоқ кутмасликларини маслаҳат берамиз, – дейди доктор Рене Базин натижалар тўғрисида. – Бошқача қилиб айтганда, узоқ кутиш биоматериални шунчаки фойдасиз қилиб қўяди».
Тадқиқот иштирокчиларининг ҳар бири 4 мартадан 9 мартагача қон топширган, илк кузатувлар симптомлар пайдо бўлгандан кейин 33–77, сўнггиси 66–64 кунлар оралиғида ўтказилди.
Эътиборлиси, тадқиқотда иштирок этиш учун номзод сифатида кўрилган 282 кишидан 7 фоизидан илк марта қон олинганида уларда антитанача аниқланмаган. 11-12 ҳафтадан кейин бу кўрсаткич икки баробарга ошган.
Жамоа қайси иштирокчиларнинг қони даволаш учун самарали эканини аниқлашда давом этмоқда. Қондаги ҳимоя антитаначалари билан олинган натижалар самарали вакцина тайёрлаш учун жуда муҳим. Чунки беморларда қайта касалланиш ҳолатлари аллақачон аниқланган ва ҳозирда ишлаб чиқарилаётган вакциналарнинг ҳимоя муддати қанча эканлиги маълум эмас.
Мавзуга оид
10:06 / 16.02.2023
Ковиддан кейинги синдром бир неча ой ичида ўзини намоён қилиши мумкин — мутахассис
03:31 / 16.02.2023
Коронавируснинг келиб чиқиши бўйича ЖССТ суриштируви тўхтаб қолди
10:02 / 31.01.2023
ЖССТ пандемия тугаганини эълон қилишига айрим ҳудудлардаги вазият тўсқинлик қилмоқда
23:06 / 16.01.2023