Жаҳон | 01:10 / 23.03.2018
34882
14 дақиқада ўқилади

Муҳаббатдан нафратгача 2 йил: Савченконинг давлат тўнтариши бўйича сценарийси

22 март куни Украина фахри, халқ қаҳрамони, «За мужність» кавалер ордени соҳиби, фахрий фуқаро, Олий рада халқ депутати Надежда Викторовна Савченко Украинада давлат тўнтариши амалга оширишга уринишда айбланиб қўлга олинди. 

Россиядаги асирлик

Фото: Коммерсантъ

Роппа-роса икки йил муқаддам Савченко Россияда асирликда эди. 2016 йилнинг 22 мартида унга 22 йиллик қамоқ жазоси тайинланганди. Халқаро ташкилотлар Россиядан Савченкони озод этишни талаб қилар, Савченко суд залларида украинча қўшиқ айтар ва куларди. 

Украина президенти Петро Порошенко эса учувчи қиз Надья Савченкони озод этиш учун музокаралар бошлади. У асирликдаги икки нафар россияликни Савченкога алмаштиришни таклиф қилди.

«Батькившчина» етакчиси Юлия Тимошенко эса Обама ва Меркелдан «Путинга таъсир кўрсатиб» Савченконинг озод этилишида ёрдам сўради. АҚШ Давлат департаменти расмийси Жон Кирби эса бу Россиянинг ички ишларига аралашиш бўлишини айтиб, АҚШ қонун доирасида йўл тутишини маълум қилди.

АҚШ бу ишга аралашишдан бош тортди, 2016 йил 5 апрелидан ҳукм кучга кирди. 6 апрель куни Савченко очлик эълон қилди, кейин бу фикридан қайтди. Кейин яна очлик эълон қилди, кейин... 2016 йил 25 майида Россия президенти Владимир Путин Савченконинг ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлгани айтилган журналистлар  Игорь Корнелюк ва Антон Волошиннинг қариндошлари илтимоси туфайли «учувчи Савченко»ни афв қилиш ҳақидаги фармонини имзолади.

Шу куни Украина президенти Порошенконинг самолёти икки нафар россиялик асирни олиб учиб Ростовга қўнди ва Савченко билан Киевга қайтди. 

«Заҳарли» Надя

Фото: Коммерсантъ

Украина ўз қаҳрамон қизини олқишлар билан қарши олди. Порошенко ҳам уни хурсандчилик билан кутиб олди, аммо унинг бу хурсандчилиги узоққа бормади. Асирликдан қайтган Надя-Наденька президентга совға тайёрлаб қўйганди - у кейинги куниёқ Украина президенти бўлиш мақсади ҳақида эълон қилди.

2016 йилнинг 7 июнь куни Надя Донбассни қайтариш режаси ҳақида маълум қилди, унингча ЛХР ва ДХР билан очиқ музокара ўтказиш керак: «Биз бир-биримизга табассум қиламиз ва барчаси амалга ошади». Олий Рада ва Украина матбуоти мум тишлади.

2016 йилнинг 22 июнида Савченко, агар шу куни президентлик сайлови ўтказилса, юз фоизлик ғалабага эришиши ҳақида ишонч билан гапирди.

2016 йилнинг 23 июлида Савченко Украина президенти бўлиши шунчаки зарурат эканини айтди.

Порошенко энди ундан қутулиш пайига тушди. Савченко Украина Хавфсизлик хизматига чақирилиб, тергов қилинди, уни «Батькившчина» сафидан ҳайдашди, Украина делегацияси таркибидан чиқаришди.

Босим остида қолганига қарамасдан Савченко Олий Радага «гранаталар солинган сумка» билан келиб, 2019 йилги сайловларда иштирок этиши ҳақидаги жиддий нияти ҳаммани қўрқитиб юборди. Бунинг оқибатлари кўп куттирмаслиги тайин эди.

2018 йилнинг 15 мартида халқ депутати Антон Герашченко маълум қилдики, Надежда Савченко Украинада давлат тўнтариши уюштиришга уринишда гумонланмоқда ва у «Рубан иши»га алоқадор бўлиши мумкин. Шу куни Украина бош прокурори Юрий Луценко ҳам Савченко Олий Радада теракт содир этишни режалаштирганини тасдиқлади ва уни ҳибсга олишни сўраганди. Ўшанда у Савченко Радада теракт уюштиришни режалаштиргани бўйича «рад этиб бўлмас» далилларга эгалигини айтганди: гўёки, у парламентнинг икки ложасини «ҳарбий гранаталар билан йўқ қилиш», «минорани миномётда уриб тушириш» ва «омон қолганларни автомат билан қириб ташлаш»ни режа қилган. 

Шундан сўнг, «учувчи»ни Раданинг Украина миллий хавфсизлиги бўйича қўмитасидан чиқариб юборишди.

Украина Хавфсизлик хизматидагилар Савченко — «Россия қамоқхонасида агентликка ёллангани»ни тусмол қила бошлади. Уни «Путиннинг агенти!» дейишди. Бунга жавобан Надя-Наденьканинг жини қўзиди ва Украина ҳукуматини Украина халқига қарши жиноятларда айблади.

Бугун Украина Олий радасида депутат Надежда Савченкони депутат сифатида дахлсизликдан маҳрум қилиш, жавобгарликка тортиш, қўлга олиш ва ҳибс қилиш бўйича йиғилиш ўтказилди.

Савченко Украина Олий радаси қўмитаси йиғилишига иккита анор (гранат) билан келди. 

Фото: РИА «Новости»

«Сизларга ҳозир ўлимга нақадар яқин бўлганингизни айтишим керак. Сизларни қўрқитишган, сумкамда гранаталар бормиди? Ҳа, гранатлар бор эди. Гранатлар бўлганди. Мана улар», – дея иккита анорни столга ташлади Савченко. Унинг айтишича, 15 март куни Радада ҳам унинг ёнида шундай «граната»лар бўлган.

Аммо Луценко депутатларга 20 дақиқалик видеони қўйиб берди, унда Савченконинг давлат тўнтариши уюштириш бўйича режалари акс этганди. Шундан сўнг депутатлар унинг қўлга олинишига розилик берди - депутатни жиноий жавобгарликка тортиш учун 291 депутат «ҳа» деб овоз берди. Савченкони қўлга олишга 277 депутат рози бўлган бўлса, ҳибс қилиш учун – 268.

Савченко мамлакат парламенти биносида қўлга олинди. 

«Сизга гумонланувчи боғичини тақаман. Мен билан бирга Украина Хавфсизлик хизматининг Киев бўйича бошқармасига боришингиз керак», деди унга терговчи.

Терговга кўра, Савченко Киевдаги ҳукумат биноларига миномётлар билан ҳужум қилишни режалаштиришда гумонланади.

Давлат тўнтариши сценарийси

Савченко Олий Рада биноси олдида журналистлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари қуршовида
Фото: РИА «Новости»

Олий радада Бош прокурор томонидан намойиш этилган 20 дақиқалик видеода Савченко Донбассдан қурол олиб келиб, мамлакатда ҳокимиятни куч билан олиш бўйича ҳамфикрлари билан режа тузгани акс этган.

Видеога кўра, Савченко 2017 йилнинг 1 декабрь кунида Хмельницкдаги ҳарбий қисмдаги махфий учрашувда Петро Порошенко сайловда ютқазишидан умид қилиш керакмаслиги, иккинчи турда унда кучсиз рақиб бўлиши, шу туфайли уни ва ҳозирги ҳукуматнинг юқори мартабали амалдорларини парламент залида жисмонан йўқ қилиш зарурлиги ҳақида гапирган.

«Юлька (Тимошенко) Россияни ҳам, Американи ҳам қаноатлантирмайди. У унга (Порошенко) рақиб бўла олмайди. У иккинчи турга Порошенко учун кучсиз рақиб чиқишини таъминлаб беради, бу Ляшко ёки Бойко бўлади. Мен давлат тўнтаришини таклиф этаман. Уларни бир кунда, бир жойда жисмонан йўқ қилмоқ даркор. Шундай қилиш керакки, уларнинг биронтаси ҳам қоча олмасин. Мени ҳукумат кварталлари уларнинг уйларидан камроқ қизиқтиради. Шундай қилиш керакки, уларнинг қочадиган жойи қолмасин. Кейинги вазифалар вақти билан пайдо бўлади», дейди видеода Савченко.

Аудиоёзувда суҳбатдошлар давлат тўнтаришининг турли сценарийларини муҳокама қилишган: ҳукумат кварталларини миномётлардан ўққа тутиш, амалдорларнинг уйларига қуролли ҳужумлар уюштириш, Олий радада гранаталар портлатиш, омон қолганларни автоматлар билан қириб ташлаш.

«Бу ишни бир киши қисқа вақт ичида амалга ошириши керак. Албатта, тирик қолишнинг имкони йўқ. Шу туфайли мен бу ролга ўзимни таклиф қиламан. Қаҳрамонлар ўлмайди, қаҳрамонлар мангу яшайди», деган Савченко.

Видеода шунингдек, у агар амалдорлар ва сиёсатчиларни ҳукумат биноларида ўлдириб бўлмаса, бу ишни уларнинг уйларида амалга ошириш зарурлиги ҳақида гапиради. Кейин гап айнан Порошенко, Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Александр Турчинов, Ички ишлар вазири Арсен Аваковни бир жойда ўлдириш зарурлиги ҳақида кетади. «Бу Олий радада президент ўз ҳисоботини ўқиётган маҳалда рўй бериши керак», дейди Савченко.

Бош прокуратура хулосасига кўра, ўз режаларини амалга ошириш учун Савченко асирларни алмашиш бўйича собиқ воситачи Владимир Рубан ва Донецк Халқ республикаси раҳбари Александр Зинченко билан тил бириктирган.

Рубан 8 март куни Донбассдан қурол-яроғ олиб ўтаётганида чегарада қўлга тушди. 

Савченко 2 ҳафта олдин қўлга олинган Владимир Рубаннинг судида
Фото: UNIAN

«Савченко ноябрь ойида махсус тайёргарликдан ўтган жангчиларнинг 8 полкига мурожаат қилган. У Лящга, Котга, Захарченкога ва Березнога давлат тўнтариши амалга оширишни таклиф этган, офицерлар бир тўхтамга келгунча, Рубан қуролларнинг бир қисмини Украинага олиб ўтган, 4 офицер эса бу ҳақда Украина хавфсизлик хизматини хабардор қилишган», деди Олий рада йиғилиши чоғида бош прокурор Юрий Луценко.

Офицерлардан бири судда «Рубан пул эвазига юк ташиш учун автобус сўрагани»ни тасдиқлаган. «Мен унга улов бердим, Савченко Донбассдан миномётлар келтирилишини айтди», дея офицернинг сўзларини келтирган бош прокурор.

Унинг айтишича, хиёнатчилар Киев марказини Трухан оролидан ёки Днепрдаги баржадан туриб миномётлардан ўққа тутишни режалаштиришган.

Унинг айтишича, офицерлар бундай келишув ҳақида хабардор қилгач, ҳарбий хизматчилар Украина Хавфсизлик хизмати кўрсатмалари бўйича ҳаракатланган, уларнинг ҳамкорлиги туфайли Киевда содир этилиши мумкин бўлган йирик терактларнинг олди олинган. «Бу мутлақо махфий амалиёт эди, бу амалиёт энди финал қисмига етди», деди Украина бош прокурори.

Савченко: «Мен давлат тўнтариши таклиф қилганман»

Савченко депутатлик мандатидан ва Украина қаҳрамони унвонидан воз кечмоқчи эмас
Фото: UNIAN

Савченконинг ўзи Киевда ҳокимиятни куч билан олишни ўйлаганини тан олди, аммо у бу режасини амалга оширишга киришмаганини айтди.

«Мен сюрреализм ҳосил қилишга уриндим, мен имкони бор ва имконсиз ишлар ҳақида гапирдим», деди Савченко Олий рада йиғилиши вақтида.

У Донбассдан қуроллар келтирилишига алоқадорлигини инкор қилмади. Унинг фикрича, бу «махсус амалиёт»дир. «Рақибнинг қуролини олиб чиқиш - ҳамиша манфаатли. Киев назоратида бўлмаган ҳудуддан олиб чиқилган ҳар бир қурол, ҳар бир мина, ҳар бир патрон - бизнинг солдатлар олдида портлаши ёки бизнинг солдатларга тегиши мумкин бўлган снарьядларнинг зарарсизлантирилишидир», деди у қўмита йиғилиши вақтида.

Парламент йиғилиши вақтида у яна бир бор Олий радада теракт уюштирмаганини таъкидлади. У парламент биносида депутатлар ва сиёсатчилардан бошқалар ҳам, оддий ходимлар ва журналистлар бўлиши, улар депутатларнинг «халоскор фаришталари» эканини дастак қилган.

«Агар улар бўлмаганида, бу иш аллақачон содир ҳам бўларди», деди Савченко парламент трибунасида туриб.

Аммо Савченконинг оқловлари бош прокурорда таассурот қолдирмади.

«Бугунги кунда телефон орқали қаергадир бомба қўйилгани ҳақидаги ёлғон хабар учун 5 йил беришади. Шунинг учун, буни фақат иллюзия ва сюрреализм деб аташ билан қутулишга уринманг. Бу онгли равишда ишлаб чиқилган режа ва унга тайёрланиш, қурол олиб келиш ва ижрочиларни ёллаш бўлган», деди у.

Савченко: «Мендан эмас, улардан қўрқинг»

Надежда Савченко Олий Рада биноси олдида онаси билан
Фото: Valentyn Ogirenko/Reuters

Бош прокурор қўйиб берган, Савченконинг қилмишлари очиб ташланган видеони парламентдаги депутатлар юзида нафрат билан томоша қилишди. «Воля народа» гуруҳидан бўлган Евгений Рибчинский эрталаб Савченкога қарши айбловлар ечилиши учун овоз бермоқчи бўлгани, аммо бу видеодан кейин фикридан қайтгани, унинг ҳибсга олиниши учун овоз берганини айтди.

«Сен айбсиз бўлганингда, мен бугун сен учун овоз берган бўлардим. Аммо сен айбдорсан», деди трибунада туриб «Айдар» кўнгиллилар батальонида Савченко билан бирга жанг қилган собиқ жангчи, ҳозирда депутат бўлган Евгений Лапин.

Шу билан бирга, ушбу бўлимнинг собиқ қўмондони Сергей Мельничук ўз нутқида Савченкони ҳимоя қилди.

«Биз ҳукуматни ўзгартириш учун имкон қадар иш қилишимиз керак, бу ҳукумат одамларни жонидан тўйдирди. Агар биз бир иложини қилмасак, одамлар келгусида янада радикаллашади, бу ишни Надежда қилмаган бўлса, улар қилишади», деди у ва «Украинада терроризмга ўрин йўқлиги»ни қўшимча қилди.

Савченконинг ўзи овоз берилишидан олдинги «охирги сўз» сифатида «Украинага янги Конституция кераклиги» ҳақида гапирди.

Савченко ҳозирги ҳукумат ўтган 4 йил мобайнида «уруш парламентга кириб келмаслиги» учун ҳеч иш қилмаганини айтди. «Келажакда нима бўлса кўраверасиз энди.. Мендан қўрқманг, энди сизларга парламентда хавф туғдирмайман. Сизга халқ хавф туғдиради», дея таҳдид қилди у.

Луценко: «Бугун жараён энди бошланди, ҳали бу ҳаммаси эмас»

Юрий Лиценко парламент трибуналида
Фото: UNIAN

Бош прокурор Луценко «Рубан-Савченко террористик дуэти»ни «ичкаридаги антиукраин фронт»нинг бир элементи эканини айтди.

«Украина Хавфсизлик хизмати ҳам, ҳарбий прокуратура ҳам асосий вазифа қилиб, варақалар, пуллар, миналар ва гранаталар билан Украина давлатчилигига таҳдид соладиганларни аниқлашни белгилаб олган», деди у.

Юрий Луценконинг баҳолашича, бу иш бўйича тергов жараёни 2-3 ой муддатга чўзилади, шундан сўнг иш судга ўтказилади.

У шунингдек, Савченко руҳий экспертизадан ҳам ўтказилиши мумкинлигини анонс қилди. Унинг тусмол қилишича, яқин кунларда у шундай текширувдан ўтади.

Азиз Қаршиев

Мавзуга оид