Жаҳон | 09:18 / 12.05.2026
4570
2 дақиқада ўқилади

Украинада Андрей Ермак пул ювишда гумонланмоқда

Украина Миллий антикоррупция бюроси (НАБУ) ва Ихтисослаштирилган антикоррупция прокуратураси (САП) мамлакат президенти офиси собиқ раҳбари Андрей Ермакка нисбатан жиноий йўл билан олинган маблағларни легаллаштириш бўйича гумон эълон қилди.

Тергов маълумотларига кўра, гап Киев яқинидаги нуфузли қурилиш лойиҳаси орқали 460 миллион гривна — тахминан 8,9 миллион евро маблағни ювиш ҳақида кетмоқда.

НАБУ ва САП хабарларига кўра, Ермак уюшган жиноий гуруҳ таркибида ҳаракат қилган бўлиши мумкин. Ушбу гуруҳ Украина антикоррупция органлари томонидан “Мидас” операцияси доирасида фош этилган.

“Украинская правда” нашрининг ёзишича, Андрей Ермак коррупция билан боғлиқ айбловларни рад этган. У ўзининг “фақат битта автомашинаси ва битта квартираси” борлигини таъкидлаган.

Украина президенти Володимир Зеленский 2025 йил 28 ноябрь куни Ермакни президент офиси раҳбари лавозимидан озод қилган эди.

Бундан олдин Ермак “Энергоатом” компанияси атрофидаги коррупция можароси ва унинг уйида ўтказилган тинтувлар ортидан истеъфо ҳақида ариза ёзган.

Андрей Ермак 2020 йил февралдан бошлаб Украина президенти офисини бошқариб келган. У Володимир Зеленскийнинг энг яқин ҳамкорларидан бири ва мамлакатда президентдан кейинги энг таъсирли шахслардан бири сифатида кўрилган.

Украина президенти маслаҳатчиси Дмитрий Литвин мазкур гумон ҳақидаги хабарларда ҳайратланарли ҳеч нарса йўқлигини айтган.

“Бу мавзудаги муҳокамалар оммавий ахборот воситаларида анчадан бери давом этиб келаётган эди”, — деган у “Украинская правда”га.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид