Жамият | 12:21 / 22.12.2025
6544
2 дақиқада ўқилади

Андижонда бозор растаси қулади (видео)

Хўжаобод туманидаги кийим бозорида раста қулаб тушиш оқибатида бир сотувчи жароҳатланди. Туман ҳокимлиги ҳолатга раста қўлбола усулда қурилгани ва ортиқча кийимлар илингани сабаб бўлганини билдирган. Тарқалган видеоларда бозор маъмурияти шароит яратиб бермаётганидан шикоят қилинган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги кийим-кечак бозорида раста қулаб тушгани акс этган видео тарқалди. Тарқалган хабарларда расталар жуда эски ҳолатда бўлгани, маъмурият шароит яратиб бермаётгани ва у бир кишининг устига қулаб тушгани айтилади.

Хўжаобод тумани ҳокимлиги маълум қилишича, воқеа юзасидан масъуллардан иборат тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилган. Ҳодиса 21 декабр куни соат 11:00 атрофида туман буюм бозори ҳудудида содир бўлган.

Хабарда тадбиркорнинг дўкон олдига қўлбола усулда қуриб олган растаси талабга жавоб бермагани, унинг юқори қисмига керагидан ортиқ оғир (қишки) кийимлар илингани оқибатида қулаб тушгани таъкидланган.

Оқибатда ўша тадбиркорнинг ўзи тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган ва тиббий ёрдам кўрсатилган.

«Ҳозирда тан жароҳати олган тадбиркорнинг аҳволи яхши. Бошқа жабрланувчилар аниқланмаган. Ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда», дейилади хабарда.

 

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид