Ўзбекистон | 09:04 / 19.11.2025
2841
4 дақиқада ўқилади

Россияда “назорат остидаги шахслар” рўйхатидан 160 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси чиқарилди

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олим Абдуллаевнинг Ўзбекистондаги Россия элчиси билан учрашуви доирасида меҳнат муҳожирлари масалалари муҳокама қилинди. ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаменти вакили Темур Ҳамидовга кўра, Россия ИИВ “назорат остидаги шахслар” реестридан 160 мингга яқин Ўзбекистон фуқаросини чиқарган, шуларнинг 70 мингдан ортиғи Россияда ўз ҳуқуқий мақомини тартибга солган.

Темур Ҳамидов Фото: “Дунё” АА

Тошкентда ўтган ҳафта ташқи ишлар вазири ўринбосари Олим Абдуллаев Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашув ўтказди. Учрашув натижалари ҳақида Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти атташеси Темур Ҳамидов “Дунё” ахборот агентлигига маълумот берди.

Унинг таъкидлашича, мулоқот дўстона ва конструктив руҳда ўтган. Суҳбат чоғида, аввало, Россияда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ва уларнинг оилаларига оид масалалар кўриб чиқилган. Жумладан, болаларнинг мактабгача ва мактаб таълимига кириш имкониятларини сақлаб қолиш, оилалар билан бирга қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Миграция текширувлари ва рейдлар масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистон томони ҳар қандай ҳаракатлар адолатли, инсон қадр-қимматини ҳурмат қилган ҳолда, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини камситмасдан амалга оширилиши лозимлигини таъкидлади. Томонлар Россияда фуқароларимиз ва уларнинг оилалари учун хавфсиз ва қулай шароит яратиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

Темур Ҳамидовга кўра, Ташқи ишлар вазирлиги меҳнат муҳожирлари учун имкониятларни кенгайтириш, уларни иш бошлашдан олдин тайёрлаш ва рус тилини ўргатишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу мақсадда Россиядаги иш берувчилар билан ҳамкорликда ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш, Тошкент ва Жиззахдаги Россия ОТМ филиаллари ҳузурида рус тили, тарих ва Россия қонунчилиги бўйича ўқув марказларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинган.

Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ТИВ ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари учун устувор йўналиш экани таъкидланди. Консуллик муассасалари фуқароларга нисбатан ҳуқуқбузарлик ҳолатларини олдини олиш ва бартараф этиш учун зарур чораларни кўрмоқда.

Расмий маълумотга кўра, 2025 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик миссиялари ва консуллик муассасалари 50 мингдан ортиқ мурожаатни кўриб чиққан. 3 200 дан зиёд фуқарога ишга жойлашиш ёки меҳнат низоларини ҳал этишда ёрдам кўрсатилган, 58 минг 600 дан ортиқ янги иш ўрни аниқланган. 380 дан ортиқ фуқарога виждонсиз иш берувчилардан қарийб 310 минг доллар миқдорида маошни ундиришга кўмаклашилган.

Шунингдек, 1 300 дан ортиқ фуқаронинг иш берувчилар томонидан ноқонуний тарзда олиб қўйилган паспортлари қайтарилган. Оғир ҳолатга тушиб қолган 500 дан ортиқ ҳамюртимизга 125 минг доллардан ортиқ молиявий ва моддий ёрдам амалга оширилган.

Миграция амнистияси тўғрисидаги маълумотларни тушунтириш ва фуқароларни белгиланган муддатларда миграция органларига мурожаат қилиш ёки Россиядан чиқиб кетиш орқали ҳуқуқий мақомни тартибга солишга чорлаш бўйича комплекс тадбирлар ўтказилган. “Легализация” масалалари бўйича 84 мингдан ортиқ фуқаро консуллик муассасаларига мурожаат этган.

Ноқонуний бўлиб турган фуқароларни паспортизация қилиш доирасида 5 700 дан зиёд кишининг хориж паспортини расмийлаштириш учун ҳужжатлари қабул қилинган, 17,4 минг фуқарога ватанга қайтишда амалий ёрдам кўрсатилган. 1 560 нафар фуқаро учун ватанга қайтиш авиачипталари харид қилинган.

Энг муҳим янгилик сифатида ТИВ вакили қуйидагини қайд этди: Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, “назорат остидаги шахслар” реестридан 160 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси чиқариб ташланган. Шуларнинг 70 мингдан ортиғи Россия миграция органларида ўзининг ҳуқуқий мақомини тартибга солгани, қолганлари эса белгиланган муддатларда Россиядан чиқиб кетгани ёки бошқа сабабларга кўра рўйхатдан чиқарилган.

ТИВ вакилига кўра, Россиядаги элчихона ва бош консулхоналар қошида 24/7 режимида ишловчи колл-марказлар, “ишонч телефонлари” ва онлайн консуллик хизматлари фуқароларга масофадан туриб ҳуқуқий ва амалий ёрдам олиш имконини бермоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид