Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил билан савдони узган Туркия, Фаластин расмийларини визадан маҳрум қилган АҚШ ва Украина учун янги Patriotʼлар – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Туркия Исроил билан савдо алоқаларини узди
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан мамлакат Исроил билан иқтисодий алоқаларни тўхтатганини маълум қилди.
«Исроил икки йилдан буён бутун дунё кўз ўнгида асосий инсон қадриятларига кўз юмиб, Ғазо секторида геноцид жиноятларини содир этмоқда. Биз фаластинликларни Ғазодан қувувчи режага қаршимиз. Қандай режа таклиф этилмасин, бу биз учун амал қилмайди», деди у Туркия Буюк миллат мажлисида қилган чиқишида.
Фиданнинг таъкидлашича, «Агар Исроилнинг Ғазога телбавор ҳужумлар қилишига имкон бериладиган бўлса, бу бутун дунёда ёнғин келиб чиқишига олиб келади».
«Биз Исроил билан савдомизни бутунлай тўхтатдик, портларимизни исроиллик кемаларга ёпдик ва турк кемаларига Исроил портларига боришга рухсат бермаймиз. Биз Исроилга қурол ва ўқ-дори олиб бораётган контейнер кемаларини портларимизга киритмаймиз, самолётларни ҳам ҳаво ҳудудимизга қўймаймиз,» деди Фидан.
Reuters’нинг турк дипломатик манбасига кўра, Фиданнинг ҳаво ҳудудига доир сўзлари «Исроил ҳукуматининг расмий парвозларига ва Исроилга қурол ёки ўқ-дори олиб бораётган парвозларга” тааллуқли. Транзит тижорий парвозлар бундан мустасно.
Фидан, шунингдек, Туркия Ғазога ҳаводан ёрдам ташлаш операциясини ўтказишга президент рухсатини олганини билдирди. «Самолётларимиз тайёр, Иордания рухсатини олиши биланоқ биз буни амалга ошира оламиз», деди у парламент аъзоларига.
Исроил ҳозирча Туркиянинг санкцияларига изоҳ бермади. Фақат Исроил Миллий хавфсизлик вазири, ўта ўнг радикал сиёсатчи Итамар Бен-Гвир бундан қаттиқ жаҳли чиққани кўриниб турибди. У ўзининг ижтимоий тармоғида Туркияни Ҳамасга тенг деб пост қолдирди.
АҚШ фаластинликларни Ню Йоркдаги БМТ йиғилишига киришига рухсат бермади
Америка Қўшма Штатлар Давлат департаменти Фаластин маъмурияти президенти Маҳмуд Аббосни келаси ой Ню Йоркда бўлиб ўтадиган БМТнинг дунё етакчилари йиғилишига боришига рухсат бермади.
Давлат департаменти расмийсининг айтишича, бу қарор натижасида Аббос ва яна қарийб 80 нафар фаластинлик расмийлар визадан маҳрум қилинади ёки уларнинг визалари бекор қилинади. Улар Ғарбий Соҳилда жойлашган Фаластин маъмурияти аъзолари ҳисобланади.
Маҳмуд Аббос Ню Йоркдаги БМТ бош офиси ва Франция–Саудия Арабистони мезбонлик қиладиган саммитда қатнашиши керак эди. Бу ерда Британия, Франция, Австралия ва Канада каби давлатлар Фаластинни расман давлат сифатида тан олиш мажбуриятини олган.
Аббоснинг идораси виза берилмаслиги қароридан ҳайратда қолганини билдирди ва бу қарор БМТнинг «штаб-квартира тўғрисидаги келишуви»ни бузишини таъкидлади.
Давлат департаменти жума куни ўз қарорида АҚШ ва Исроилнинг узоқ йиллик даъволарини такрорлади: «Фаластин маъмурияти ва ФОТ экстремизмни рад этмаган ва Фаластинни «бир томонлама тан олиш»га интилмоқда». Фаластинлик расмийлар бундай айбловларни рад этади.
Давлат департаментининг қўшимча қилишича, БМТдаги Фаластин маъмуриятининг доимий ваколатхонаси ушбу чекловларга кирмайди. БМТ матбуот котиби Стефан Дужаррик бу масала БМТ ва АҚШ ўртасидаги «штаб-квартира тўғрисидаги келишув»га мувофиқ муҳокама қилинишини билдирди.
АҚШ 1988 йилда ҳам ФОТ раҳбари Ёсир Арофатга виза бермаган эди. Ўша йили БМТ Бош ассамблеяси уни тинглаш учун йиғилишни Ню Йорк ўрнига Женевада ўтказганди.
Россия-Украина уруши
Россия қўшинлари 30 август, шанба тонгида Украинага зарба берувчи дронлар ва ракеталар билан ҳужум қилди. Украинанинг аксарият минтақаларида ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинди. Хусусан, Запорожие ва Днипро ҳужум остида қолди.
«Россияликлар оммавий ҳужум вақтида Запорожие бўйича камида 12 зарба берган», – деб ёзди вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоров. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна саккиз киши, жумладан бир бола, жароҳатланган. Хусусий уйлар вайрон қилинган, кўп қаватли уйлар ва саноат корхоналари бинолари шикастланган.
Днепропетровск вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лйсак Днипро ва Павлоградда портлашлар бўлганини билдирди.
Россиянинг бир неча кунги кенг кўламли ҳужуми оқибатида Киевда 25 киши ҳалок бўлганди. АҚШ шу кунларда Украинага умумий қиймати 179,1 миллион доллар бўлган Патриот ҳаво мудофаа тизимлари ва улар билан боғлиқ жиҳозларни сотишни маъқуллади.
Бундан бир кун аввал Давлат департаменти Украинага 3 мингдан ортиқ ERAM қанотли ракеталарини сотишни ҳам маъқуллаганди. Ушбу харид қиймати 825 миллион доллар деб баҳоланган.
«Халқимиз ядро қуроли синовларидан жабрланди» — Тўқаев
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Халқаро ядровий синовларга қарши кураш кунида қозоқ халқининг СССР пайтидаги фожиасини эслатиб, келажак авлодлар учун тинчликни мустаҳкамлашга чақирди.
«Халқимиз атом қуроли синовларининг энг оғир оқибатлари қурбони бўлди. Бу фожиа такрорланмаслиги керак. Келажак авлодлар учун биз ядровий қуролсизланиш ва ядровий синовлардан воз кечиш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширишимиз керак. Тинчлик ва хавфсизлик — бутун инсониятни бирлаштирадиган энг олий қадриятдир», деб ёзди Қосим-Жўмарт Тўқаев.
CCCР 1949 йилдан 1989 йилгача Қозоғистондаги Семипалатинск полигонида ядро синовлари ўтказган. Бу даврда 450 дан ортиқ ерусти ва ерости портлашлари амалга оширилди.
Совет иттифоқи парчалангач, 1991 йил 29 августда Семипалатинск полигони расман ёпилди. Қозоғистон ядро қуролидан ихтиёрий равишда воз кечган биринчи давлатлардан бўлди.
Лекин СССРнинг мустамлака халқлар бошига солган ташвишларидан яна бири — ядро синовларининг оқибатлари жиддий радиация ифлосланишига олиб келди. Яқин атрофдаги юз минглаб аҳолининг соғлиғига салбий таъсир кўрсатди.
Исроил расмийларига Лондондаги ҳарбий ярмаркага кириш тақиқланди
Буюк Британия Исроил расмийларининг Лондон қурол-яроғ ярмаркасига киришини тақиқлади. «Исроил ҳукуматининг Ғазодаги ҳарбий операциясини янада кенгайтириш қарори – хато. Шу сабабли биз Исроил делегацияси DSEI UK 2025 кўргазмасига таклиф этилмаслигини тасдиқлаймиз. Бу уруш дарҳол тугаши учун – зудлик билан сулҳ, гаровдагиларни қайтариш ва Ғазо халқига ҳуманитар ёрдам оқимини ошириш шарт», дея ҳукумат вакилининг сўзларини келтирмоқда CNN нашри.
Исроил мудофаа вазирлиги эса Британия ҳукуматининг қарорини кескин танқид қилди: «Бу чекловлар Исроил вакилларига нисбатан атайлаб қилинган ва афсусланарли камситиш ҳаракати ҳисобланади». Шунингдек, у Исроил кўргазмадан бутунлай чиқиб кетишини тасдиқлади.
Британия Мудофаа вазирлигининг тасдиқлашича, ҳукумат вакиллари четлаштирилган бўлса-да, бу тақиқ Исроилнинг хусусий қурол-яроғ компанияларига тегишли эмас. Хусусан, Elbit Systems, Rafael, IAI ва Uvision каби Исроил мудофаа компаниялари кўргазмада қатнаша олади.
Франция ҳукумати ҳам июн ойида Парижда бўлиб ўтган дунёдаги энг йирик авиация ярмаркаси – Paris Airshow'да Исроилнинг йирик қурол ишлаб чиқарувчи компаниялари Elbit Systems ва Rafael стендларини ёпиб қўйганди. Сабаб улар ҳужум қуролларини намойишдан олиб ташлашдан бош тортган эди.
Ливандаги «мовий дубулғалилар» миссияси тугатилади
БМТнинг Ливан жанубидаги тинчликпарвар миссияси Исроил ва Ливан ўртасидаги «мовий чизиқ» деб аталмиш ҳудудда патруллик қилишни 2026 йил охирида якунлайди. Бундай қарор БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ню Йоркдаги йиғилишида қабул қилинди.
БМТ Хавфсизлик кенгаши бир овоздан тинчликпарвар кучларнинг мандатини 2026 йил 31 декабргача — миссия тарихидаги сўнгги муддатга узайтириш тўғрисида овоз берди. БМТ резолюциясида айтилишича, унинг муддати тугагач, Ливан ҳукумати билан яқин ҳамкорликда миссиянинг ташкилий «ходимларини қисқартириш ва олиб чиқиш» бошланади. Бир йил ичида олиб чиқиш амалга оширилади, дея аниқлик киритди БМТ.
БМТнинг Ливандаги Муваққат кучлари (UNIFIL) мамлакатда 1978 йилдан буён фаолият юритади ва 10 000 дан ортиқ ҳарбий ва фуқаролик ходимларидан иборат. У Исроил ва Ливан ўртасида буфер бўлиб хизмат қилиш учун яратилган. 2006 йилда Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ва Исроил ўртасидаги урушдан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси асосида тинчликпарвар кучларнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди.
Мавзуга оид
14:35 / 26.12.2025
Нигерияда ИШИДга зарба берган АҚШ, украиналикларнинг Путинга «тилаги» ва Килиманжарода қулаган вертолёт – кун дайжести
14:59 / 25.12.2025
Исроилга қарши даъвога қўшилган Белгия, Кимнинг атом сувости кемаси ва Москва осмонидаги дронлар – кун дайжести
14:02 / 24.12.2025
Ғазода таъмирланган шифохона, авиаҳалокатга учраган Ливия ҳарбий қўмондони, БМТда баҳслашган АҚШ ва Эрон – кун дайжести
16:08 / 23.12.2025