Ўзбекистон | 11:18 / 04.04.2020
52553
3 дақиқада ўқилади

Карантинга қарамай Жиззахда ота армиядан қайтган ўғлининг 24 нафар синфдошига зиёфат қилиб бергани аниқланди

Фото: KUN.UZ

3 апрель куни Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги Чўлқувар қишлоғида 53 яшар Х.Қ. 28 март куни ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ўғлининг 24 нафар синфдошини йиғиб зиёфат уюштиргани аниқланди. Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, карантин тартибига бўйсунмаган мазкур фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан жавобгарликка тортилган.

ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар республика бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ 25057 та ҳолат аниқланган. Улар:

  • Тошкент шаҳрида – 4 241 та ҳолат; 
  • Фарғона вилоятида – 3 019 та ҳолат;
  • Тошкент вилоятида – 2 641 та ҳолат;
  • Самарқанд вилоятида – 2 449 та ҳолат;
  • Қашқадарё вилоятида – 1 977 та ҳолат;
  • Наманган вилоятида – 1 727 та ҳолат;
  • Жиззах вилоятида – 1 503 та ҳолат;
  • Андижон вилоятида – 1 451 та ҳолат;
  • Сирдарё вилоятида – 1 399 та ҳолат;
  • Сурхондарё вилоятида – 1 330 та ҳолат;
  • Бухоро вилоятида – 1 121 та ҳолат; 
  • Хоразм вилоятида – 1 040 та ҳолат;
  • Қорақалпоғистон Республикасида - 867 та ҳолат;
  • Навоий вилоятида – 292 та ҳолатни ташкил этмоқда.

“Карантин қоидалари ва санитария чекловларига риоя қилиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан, ҳамон қоидабузарлик ҳолатлари кузатилмоқда. Мисол учун, 3 апрель куни Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида яшовчи 1984 й.т. Ш.Х. карантин вақтида, махсус рухсатномасиз “ВАЗ-2109” автомобилида фуқароларни ташиб, эпидемияга қарши курашиш коидасини бузгани, шунингдек, Самарқанд шаҳрида яшовчи 1970 й.т. И.Б. махсус рухсатномасиз автомашина бошқариб юргани аниқланган ва ҳар икки ҳуқуқбузар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилган. Бундан ташқари, шу куни Бухоро вилоятининг Жондор туманида яшовчи 1990 й.т. Ж.Ж. Қоровул қишлоғидаги гўшт дўконида санитария қоидаларини бузган ҳолда савдо қилаётгани аниқланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 53-моддасига асосан жавобгарликка тортилган”, дея Шоҳрух Ғиёсовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид