Жаҳон | 16:13 / 07.08.2025
11290
12 дақиқада ўқилади

Курск областига босқиннинг бир йиллиги. Бу амалиёт ўзини қанчалик оқлади?

Бу амалиёт Украина қуролли кучларида катта йўқотишларга олиб келди. У уруш тақдирини ҳал қилиши мумкинмиди? Ёки украин армиясининг мағлубияти муқаррармиди?

Роппа-роса бир йил муқаддам, 2024 йил 6 августида Украина қўшини Курск области чегарасини кесиб ўтган ва урушнинг энг қақшатқич жангларидан бирини бошлаганди, бу етти ойдан ошиқ вақт давом этди. Украина қуролли кучларининг катта шов-шув кўтарган тактик муваффақияти якунда барибир мағлубият билан якунланди, бу эса Украина армияси учун узоқ муддатли салбий оқибатларга олиб келди. Қисман бундай якун аввалбошданоқ маълум эди: Курск областидаги операциянинг сиёсий ва стратегик мақсадлари содда бўлиб чиқди, эҳтимолий минуслар эса режалаштириш босқичидаёқ плюслардан устун келди. Операция бошланганидан кейинги оператив хатолар ҳам таъсир кўрсатди, бунинг натижасида Украина қуролли кучлари ўзлари учун қулай шароитларда жанг қила олмади ва Курск областидаги плацдармни ишончли ҳимоя қила олмади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Оқибатда ҳар икки томон ҳам катта талафот кўрди. Бу айниқса Украина қуролли қучлари учун критик даражада бўлди (шахсий таркиб ва оғир қуроллар танқислигини ҳисобга олган ҳолда). Катта эҳтимол билан, Курск областига бостириб кириш орқали Украина қўмондонлиги Донбасс учун жангда Россиянинг йирик захираларидан фойдаланишнинг олдини олишга муваффақ бўлган. Аммо бу анча қимматга тушди.

Украинанинг Суджадаги ҳужумидан мақсад нима эди? Украина армияси Курск областида нималарга эришди?

Курск областига босқиннинг ҳақиқий мақсадларини тушуниш учун фронт 2024 йил ёзида мавжуд бўлган оператив ва стратегик вазиятни эслаш керак.

  • Украина қуролли кучларининг 2023 йил ёзи ва кузида Запорижжя областида, Бахмут яқинида ва Днипрнинг сўл соҳилидаги плацдармда муваффақиятсиз кечган қарши ҳужумларидан сўнг, Украина қўмондонлиги бу амалиётларда иштирок этган кучларнинг бир қисмини захирага олди.
  • 2023 йил октябр ойи бошида Россия қуролли кучлари муваффақиятли ёллаш кампаниясидан кейин юзага келган сон устунлигидан фойдаланишга қарор қилди. РФ армияси билан шартнома тузган кўнгиллилар ҳисобидан янги тузилган бирлашмалар фронтнинг нисбатан тинч участкаларига юборилди. Сафарбарлик ва шартнома асосида хизмат қилувчиларни ёллаш орқали қўшимча кучга эга бўлган тажрибали қўшинлар эса Донбасснинг марказий қисмида тўпланди.
  • 2023 йил октябридан 2024 йил февралига қадар Авдийивка учун қақшатқич жанглар бўлиб ўтади. Украина қўмондонлиги захирадаги кучларнинг бир қисмини шаҳар ҳимояси учун олиб келади, аммо фронт чизиғини ушлаб қололмайди. Баҳорга келиб Авдийивкадан ғарбда фронт чизиғи барқарорлашгандек кўринаётганди; жангларда қатнашган украин бригадаларининг бир қисми яна фронтортига олиб кетилади.
  • 2024 йил майида Россия қўшини янги юриш бошлайди. Янгидан ташкил этилган Ленинград ҳарбий округи қўшинлари (улар 2022 йил Харкив йўналишидаги оғир мағлубиятдан кейин фронтдан олиб чиқилганди) яна Харкив шимолида чегарани кесиб ўтади. Бунга қадар ушбу қўшинлар айнан Курск областида жойлаштирилганди. Бундай юриш муваффақиятли чиқмади: руслар аввалига шитоб билан юриш қилиб, чегара яқинидаги қатор аҳоли яшаш манзилларини эгаллаган бўлса-да, етиб келган украин захира кучлари Россия қўшинини чегарадан 5–7 километр масофада тўхтатди. Украина томони ўша вақтда берган хабарларга кўра, рақиб кучлари чегара ортида жойлаштирилиб, ҳужумга тайёргарлик кўрганини разведкачилар олдиндан билишган.
  • Ўшанда россиялик «ҳарбий мухбирлар» Россия қуролли кучлари ўз олдига Украина захираларини асосий зарба йўналишидан – Донбасс марказидан чалғитиш мақсадини қўйганини ёзганди.
  • 2024 йил май ойида Россиянинг Харкив яқинидаги ҳужуми пайтида Украина захиралари мамлакат шимоли-шарқида тўплана бошлади. Хусусан, кучларнинг бир қисми Россиянинг янги босқини бошланиши эҳтимоли туфайли мудофаа баҳонасида Суми областига кўчириб ўтказилди.
  • Бироқ, русларнинг Харкив яқинидаги ҳужумлари, шубҳасиз, фақат чалғитувчи манёвр эди: асосий зарба Авдийивканинг ғарбий қисмига тўғри келди. РФ қуролли кучлари Очеретино қишлоғи яқинидаги заифлашиб қолган украин бригадалари мудофаасини ёриб ўтди ва Покровск агломерацияси томон йўл олди. Ўшанда Донбасс жанубида Россиянинг бошқа бир гуруҳи қўшинлари фаоллашганди. 2024 йил август ойи бошига келиб, ушбу йўналишлардаги вазият Украина қуролли кучлари учун критик тус олди.

Катта эҳтимол билан, украинлар Курск областида зарба беришга тайёргарликни Россиянинг 2024 йил майида Харкив яқинида уюштирган юришидан олдинроқ бошлаган. Украина қуролли кучлари қўмондонлиги Ленинград ҳарбий округи қўшинлари Курск областидан чиқиб, Харкив шимоли ва Вовчанск шаҳри атрофидаги оғир жангларга тортилишини кутиб турган. Шундан кейин ғарброқда – Россия кучлари нисбатан кучсиз бўлган нуқтага (Ленинград ҳарбий округининг асосан ҳарбий хизматга янги чақирилган аскарлардан тузилган полкларидан иборат фронторти қисми жойлашган ҳудудга) зарба берилган.

Курск областидаги ҳужум режаси турли стратегик, сиёсий ва оператив мулоҳазалардан келиб чиқиб тузилган. Кейинчалик операция мақсадлари бўйича расмий (ва унчалик расмий бўлмаган) изоҳлар кўп марта ўзгарди.

  • Россиядаги ваҳима кўтаришга мойил бўлган Z-каналлар дарҳол Украина қуролли кучларининг мақсади – Украина ҳудудида РФ қуролли кучлари томонидан эгаллаб олинган Запорижжя АЭС билан алмашиш учун Курск АЭСни қўлга киритиш эканини тахмин қилишди. Лекин воқеалар ривожининг эҳтимолий сценарийларида бундай мақсадга эришиб бўлмасди – бунинг учун фақат Россия армияси бошқаруви бутунлай барбод бўлиши талаб этиларди. Украина қуролли кучларининг ҳужум шакли (Рилск – Лгов трассасига чиқишга қаттиқ ҳаракат қилинганди) шуни кўрсатдики, Украина қўмондонлиги чиндан ҳам бундай амбицияли режани реал деб ҳисоблаган. Аммо РФ қуролли кучлари бошқарувида инқироз юзага келмади.
  • Президент Володимир Зеленский бир неча бор Курск областининг бир қисмини ишғол этишдан мақсад – бу ҳудудни кейинроқ Украинанинг Россия эгаллаб турган муайян ҳудудига алмашиш экани ҳақида гапирди. Аммо Украина қуролли кучлари ҳужуми бошланган кунлардаёқ Кремл ҳеч нарсани алмашмоқчи эмаслиги кундек равшан эди. Украина армияси Суджа учун жангда мағлуб бўлиб, РФ қуролли кучлари Суми областига бостириб киргач, бундай вариант ўз долзарблигини йўқотди.
  • Украина раҳбариятининг расмий баёнотларига кўра, улар Россия Донбасснинг марказий ва жанубий қисмларига ҳужум қилаётган гуруҳлардаги қўшинларнинг бир қисми Курск областига олиб ўтилишини кутишган. Агар чиндан ҳам шу мақсад кўзланган бўлса, бу жуда соддалик эди. Гап шундаки, ўша пайтга келиб Россия қуролли кучлари Донецк областидаги жангларда иштирок этмаётган катта захираларга эга эди. Суджани қайтариб олиш учун юриш бошлаган гуруҳнинг асоси айнан шу кучлардан ташкил топди. Россия қўмондонлиги Донецкдан Курск областига аввалига 155-денгиз пиёдалари бригадасини (бу бригада Украинанинг Суджага ҳужуми бошланишидан олдинроқ Вуҳледар яқинидаги позициялардан Донбассдаги фронтортига олиб кетилганди), кейин эса 106-ҳаво-десант дивизиясини юборди. Курск областига «Днепр» гуруҳидан ва Харкив яқинидан ҳам бошқа кучлар ташланди.
  • Россия қуролли кучлари қўмондонлиги бу қўшинлардан бошқа ҳужум учун фойдаланишни режалаштирган, якунда бу амалга ошмай қолган бўлиши мумкин. Бироқ, Украина қуролли кучлари ҳам Курск областидаги самарасиз ҳужумлар учун бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишни заифлаштирди. Натижада улар на Россия ҳудудидаги плацдармни сақлаб қола олди, на РФ қуролли кучларининг Украинадаги ҳужумини секинлаштира олди. Курск областида ҳужум олиб бориш учун Украина қўмондонлиги жами 15 га яқин бригададан иборат гуруҳни тўплади, улар орасида энг жанговар бўлинмалар ҳам бор эди. Эътиборли томони, Abrams танклари ва Bradley пиёда жанговар машиналари билан жиҳозланган 47-механизациялашган бригада Покровск жанубидаги фронт чизиғидан Суджага юборилган.
  • Россиянинг Донбасс жанубидаги ҳужуми ҳал қилувчи паллага кирганида Украина қуролли кучлари қўмондонлигида захиралар қолмаганди. Натижада Украина томони Вуҳледар, Курахово ҳамда Велика Новосилка каби қалъаларини йўқотди. Шунингдек, Донецкнинг ғарбий чеккалари ва ўнлаб аҳоли пунктлари жойлашган Покровск – Великий Новосилка ўртасидаги кенг ҳудудни ҳам.
  • Россия қўшинлари ёрдамчи йўналишларда ҳам олдинга силжиди. Улар Покровскнинг ғарбий чеккаларига ва Днипропетровск области чегарасига чиқди; Купянск яқинида Оскол дарёсини кечиб ўтишди; Донецк шимолидаги муҳим аҳамиятга эга Торецк ва Часив Яр шаҳарларининг бир қисмини эгаллади.
  • Аммо Курск областида ҳам Украина қуролли кучларининг муваффақиятлари вақтинчалик бўлиб чиқди. Украина армияси ҳужумнинг дастлабки икки ойида ўз қанотларини хавфсизлантира олмади, катта эҳтимол билан, қўмондонлик Россия ҳудудига имкон қадар ичкарига ёриб киришни кўзлаганди. Украина қуролли кучлари плацдармнинг ғарбидаги Коренево райони марказини эгаллай олмади ва шарқдаги Белая посёлкасига яқинлаша олмади. Натижада, улар назоратидаги бутун ҳудуд икки томондан қисиб қўйилди: ғарбда РФ қуролли кучлари кузда Снагост дарёсига, шарқда – Псел дарёси бўйидаги Суджанинг жанубий чеккаларига ёриб кирди. РФ қуролли кучлари Суджа - Суми йўлидан етти километр ғарбда жойлашган Свердликово қишлоғини эгаллаганидан сўнг, Курск областидаги украин гуруҳи тақдири ҳал бўлди. Россия армияси бу йўналишда «Рубикон» учувчисиз учиш аппаратларининг кучли бўлинмасини (Украина қуролли кучлари учувчисиз кучлари бригадаларининг муқобили) жангга киритди. Шундан сўнг Украина қўшинларига Суджа - Суми йўли орқали таъминот етказиб бериш имконси
  • Украина қуролли кучлари етти ой давомида Россиянинг йирик кучларини Курск областидаги плацдарм атрофида ушлаб турди. Лекин ўзлари ҳам Суджа остонасида энг жанговар бригадаларни ишга солишга мажбур бўлди. Ҳолбуки, бу кучлардан самаралироқ фойдаланиш мумкин эди. Масалан, улар 2024 йил кузида Россия қарши ҳужуми бошланганидан сўнг дарҳол плацдармни тарк этишганида.
  • Россиянинг Донбассдаги ҳужуми давом этмоқда. Ҳудуднинг жанубий қисми ва Украина қуролли кучларининг «қалъалари» эгалланди. Энди РФ қуролли кучлари шимолдаги Краматорск – Словянск агломерациясини эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Ташаббус Россия қўшинларида, Украина қуролли кучлари уни яна бир бор қўлга олишга ҳаракат қилиши керак. Акс ҳолда, Россия армиясининг сон жиҳатдан устунлиги шароитида Украинани мағлубият кутмоқда.

Буёғига нима бўлади?

Курск операциясининг Украина қуролли кучлари учун асосий оқибати - Суми областида фронтнинг 50 километрлик фаол участкаси пайдо бўлганидир. Кампания чўққисида Украина қуролли кучлари 100 километр ва ундан ортиқ масофадаги фронт бўйлаб ҳам ҳужум қилган. Аммо РФ қуролли кучлари сон жиҳатдан устунликка эга бўлган шароитда янги участкалар пайдо бўлиши Украина учун фойдали эмас. Украина қуролли кучларининг Суджадаги мағлубиятидан сўнг, украин армияси Суми областида фронт чизиғини қисқартириш орқали мустаҳкам мудофаа яратишга муваффақ бўлди. Энди эса қарши ҳужумларга ҳам ўтмоқда.

Аммо Донбасснинг шимолий қисмида (ва нафақат у ерда) Украина мудофааси кучлар етишмаслиги туфайли қулашда давом этмоқда. Фронтнинг Днипропетровск области чегарасидан Часив Яр шаҳригача бўлган бу участкаси дарҳол қўшимча кучлар билан кучайтиришни талаб қилади.

2025 йил августига келиб, Украина қуролли кучлари захираларни яратишга муваффақ бўлди. Уларнинг катта қисми жанглар пайтида ва Курск областидан чекинишда йўқотишларга учраган бригадалардир. Ўтган вақт мобайнида бу бўлинмалар шахсий таркиб ва техника билан тўлдирилди. Украина қўмондонлиги улардан янги ҳужум учун фойдаланишга ҳаракат қилиши мумкин. Украина қуролли кучларида захиралар 2024 йилга нисбатан камроқ. Лекин бу сафар стратегик режа яхшироқ тузилган бўлиши ҳам мумкин.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид