Жамият | 07:45 / 20.04.2020
11064
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда «химчистка»лар фаолиятини қайта йўлга қўйишга рухсат берилди

Фаолиятини қайтадан бошлайдиган кимёвий тозалаш муассасалари карантин талаблари ва ишни қайта тиклаш бўйича махсус комиссия томонидан ишлаб чиқилган тавсияларга тўлиқ амал қилиши талаб этилади 

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимияти ахборот хизмати

Тошкент шаҳар аҳолиси талаб ва эҳтиёжи ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг мурожаатларини ўрганиш хулосаларидан келиб чиқиб, пойтахтдаги кимёвий тозалаш муассасалари фаолиятини қайта йўлга қўйишга рухсат берилди.

Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизматининг ёзишича, коронавирус пандемияси кўплаб соҳа ва тармоқлар фаолиятининг тўхташига сабаб бўлган эди. Бугунги кунда ҳам ҳали вазият барқарорлашмаган бўлса-да, аҳолининг озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда баъзи корхона ва муассасалар фаолияти карантин талабларига тўла риоя этилгани ҳолда қайта йўлга қўйилмоқда.

“Фаолиятини қайтадан бошлайдиган кимёвий тозалаш муассасалари карантин талаблари ва ишни қайта тиклаш бўйича махсус комиссия томонидан ишлаб чиқилган тавсияларга тўлиқ амал қилиши талаб этилади. Шунингдек, иш бошлашдан аввал муассаса ҳамда хизматга жалб қилинган ходимлар СЭОМ текширувидан ўтиши шарт”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, аҳоли зарур бўлмаганда кўчага чиқмаслиги лозимлиги талабидан келиб чиқиб, бундай турдаги ташкилотларга буюртмаларни олиб кетиш ҳамда етказиб беришни ташкил қилиш тавсия этилган.

Мавзуга оид