Жаҳон | 14:22 / 25.04.2021
55608
12 дақиқада ўқилади

«Моссад»дан МРБгача. Дунёнинг энг кучли разведка ташкилотлари ҳақида

Дунёнинг деярли ҳар бир давлатида маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш бўйича ваколатли ташкилотлар мавжуд. Улар ўз мамлакатларининг манфаатларини ҳар томонлама — иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан ҳимоя қиладилар. Дунёнинг энг кучли разведка ташкилотлари қайсилар эканини биласизми?

© Greg E Mathieson Sr/MAI/Shutterstock

Разведка идоралари ҳақида маълумотлар жуда кам. Уларнинг баъзилари ўзаро маълумот алмашиш учун келишувларга эга. Бошқалари эса ўта махфий ва ҳеч ким билан мавжуд ахборотни бўлишишни истамайди. Kun.uz солиштирма манбалар ва маълумотлар асосида уларнинг энг кучли ўнталиги ҳақида маълумот тўплади.

1.Покистон разведка хизмати (ICI)

Хизматлараро разведка бошқармаси (ICI) – Покистоннинг бош разведка агентлиги ҳисобланади. Бош қароргоҳи Исломободда жойлашган.

Агентлик 1947–1948 йиллардаги Ҳиндистон-Покистон урушидан сўнг Покистон армияси, ҳарбий-ҳаво кучлари ва денгиз флоти ўртасида разведка маълумотларини йиғиш ва мувофиқлаштиришдаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида ташкил қилинган.

Ташкилот ўтган асрнинг 80-йилларида совет-афғон уруши даврида глобал миқёсда шуҳрат қозонади. Агентлик Марказий разведка бошқармаси билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, афғон мужоҳидларининг совет иттифоқига қарши курашишида ёрдам кўрсатган. Ўшандан бери ташкилот минтақада терроризм билан боғлиқ можароларга бевосита ва билвосита аралашиб келади. Баъзи манбаларга асосланиб, халқаро ҳамжамият ташкилотни афғон мухолифати аъзоларини Покистон лагерларида ўқитиш учун масъул бўлганликда айблайди.

Совет иттифоқи парчаланганидан сўнг, ICI Афғонистондаги фуқаролар уруши пайтида «Толибон» ҳукуматини Шимолий альянсга қарши стратегик ёрдам ва разведка маълумотлари билан таъминлаб турган.

Покистоннинг собиқ бош вазири Беназир Бхутто бир пайтлар агентликни «давлат ичидаги давлат» деб таърифлаган. Разведка мутахассисларининг фикрига кўра, ICI’га устунлик берадиган нарса — бу олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган қарорлар ва шаффофликнинг йўқлиги. Ҳозирда ташкилотга генерал-лейтенант Файз Ҳамид раҳбарлик қилади.

2. «Моссад» (Исроил)

«Моссад» («Разведка ва махсус операциялар институти» маъносини англатади) – Исроил миллий разведка агентлиги. Ташкилот 1949 йил 13 декабрда бош вазир Бен Гурионнинг тавсиясига биноан Марказий мувофиқлаштириш институти сифатида ташкил этилган. 1951 йилда у қайта ташкил этилиб, тўғридан тўғри бош вазирга бўйсунадиган бош вазир идорасининг бир қисмига айлантирилган. Ташкилотнинг асосий идораси Тель-Авивда жойлашган.

«Моссад»нинг ўзига хос жиҳати шундаки, у Исроилнинг демократик институтларидан бутунлай ажралиб туради. Ҳеч қандай қонун унинг ролини ёки мақсадини белгиламайди. Бундан ташқари, ташкилот ҳатто Исроилнинг конституциявий қонунларидан ҳам озод қилинган. Унинг директори тўғридан тўғри ва фақат бош вазирга бўйсунади.

Ташкилотнинг тахминий йиллик бюджети 2,73 миллиард доллар атрофида бўлиб, унинг таркибида 7 мингдан зиёд киши фаолият олиб боради. Айни пайтдаги бош директори Ёсси Коҳен.

Халқаро кузатувчилар ташкилотни «чуқур давлат» деб таърифлашади. Ташкилот ҳақидаги маълумотлар 90-йилларнинг ўрталарида кенг жамоатчиликка маълум бўлган. «Моссад»нинг энг машҳур операцияси — 1972 йилда Мюнхен Олимпиадасида Исроил спортчиларини қўлга олган Фаластиннинг «Қора сентябрь» ташкилотининг йўқ қилиниши деб баҳоланади. Баъзи маълумотларга кўра, Исроилнинг бош вазирлари айнан ташкилотда хизмат қилган ходимлар орасидан танлаб олинади.

3. Марказий Разведка Бошқармаси (CIA, АҚШ)

Central Intelligence Agency (CIA) © Shawn Thew/EPA/Shutterstock

Марказий Разведка Бошқармаси (инг: Central Intelligence Agency, CIA) – АҚШ ҳукуматининг разведка фаолияти билан шуғулланувчи агентлиги.

МРБнинг ташкил қилиниш тарихи 1942 йилдан бошланади. Ўша кезларда АҚШ ҳукумати разведка фаолияти билан шуғулланадиган марказлашган ташкилот тузишга эҳтиёж сезади ва шу тариқа Стратегик хизматлар бошқармаси юзага келади. АҚШ президенти Франклин Д. Рузвелтни Буюк Британия махфий разведка хизматининг (MI6) Иккинчи жаҳон урушидаги муваффақиятли ҳаракатлари руҳлантирган. 1947 йилнинг 26 июлида АҚШда «Миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонун» қабул қилинади. Айнан шу қонунга кўра, АҚШда 1947 йилнинг 18 сентябридан Марказий разведка бошқармаси ташкил топади.

МРБнинг тарихда энг машҳур операцияларидан бири «Циклон» номи билан Афғонистонда амалга оширилган. Операциянинг вазифаси СССРга қарши курашаётган афғон мужоҳидларини ҳарбий қурол-аслаҳалар билан таъминлаш бўлган ва бундан кўзланган мақсад совет иттифоқи иқтисодиётини Афғонистондаги қуролли тўқнашувларга тортиш эвазига заифлаштириш эди.

Тахминларга кўра, ушбу операция доирасида Қўшма Штатларнинг турли араб мамлакатларидан келган ёлланма аскарларни молиялаштириши кейинчалик «Ал-Қоида» ташкилотининг пайдо бўлишига замин яратган.

Бундан ташқари, 1979 йилнинг ноябрь ойида Эронда содир бўлган инқилоб натижасида 1980 йилда Эрондаги олти нафар америкалик дипломатни эвакуация қилишга қаратилган «Арго операцияси» ҳам кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилган.

МРБ совуқ уруш пайтида СССРга қарши курашиш учун 20 миллион долларга баҳоланган айғоқчи мушук яратгани ҳақида маълумотлар бор.

Ҳозирда ташкилот доирасида 22 мингдан ортиқ ходим хизмат қилади. МРБнинг йиллик бюджети ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас, аммо баъзи манбалар бу рақамларни 20 миллиард доллардан ортиқ деб кўрсатишган.

4. Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ, Россия)

Federal Security Service (FSB) © SGr/Shutterstock

Федерал хавфсизлик хизмати – ўз ваколатлари доирасида Россия Федерациясининг хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини бажарадиган махсус хизмат. Ташкилот СССР КГБнинг асосий ҳуқуқий вориси ҳисобланади. 1995 йилда ташкил топган ташкилотнинг бош офиси Москва шаҳридаги Лубянка майдонидаги КГБнинг собиқ бош офиси ҳисобланади.

Ташкилот дастлабки тергов ва суриштирув, тезкор қидирув ва разведка фаолиятини амалга оширади. Ташкилотга 1998 йилда Россиянинг амалдаги президенти Владимир Путин раҳбар этиб тайинланган.

Махфий маълумотларга кўра, ташкилотнинг 350 мингдан ортиқ ходими мавжуд.

Ташкилот «Қримни аннексия қилиш операцияси» ҳамда Россиянинг Кавказ қисмидаги ҳаракатларида фаол иштирок этган.

ФСБнинг ҳозирги раҳбари – Александр Бортников.

5. Инглиз ҳарбий разведкаси (MI6, Буюк Британия)

Secret Intelligence Service (MI6) © Shutterstock

МI6 – Британия ташқи разведка хизмати. Ташкилот энг қадимги разведка идораларидан бири бўлиб, қиролича Елизавета I даврида давлат котиби бўлган Сер Френсис Вальсингем томонидан 1569 йилда ташкил этилганидан бери турли шаклларда мавжуд ҳисобланади. Ҳозирги шаклида 1909 йилда қўмондон Мансфилд Камминг томонидан Биринчи жаҳон уруши бошланишидан олдин разведка фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган. Ташкилот Биринчи жаҳон уруши даврида кескин ўсишни бошдан кечирди ва 1920 йилга келиб ҳозирги номини расман қабул қилиб олган.

90-йилларнинг бошларига қадар МI6 ҳақидаги маълумотлар Британия ҳукумати томонидан расмий равишда рад этиб келинган. Фақатгина 1994 йилга келиб, Буюк Британия парламенти разведка хизматлари тўғрисидаги қонунни қабул қилиши натижасида МI6 фаолияти учун ҳуқуқий асос яратилган.

Ташкилот «Z» разведка белгиси асосида Иккинчи жaҳон уруши давригача дунёнинг турли мамлакатларида дипломатлар, санъат намояндалари ва оддий уста-ҳунармандлар шаклида разведка алоқаларини муваффақиятли олиб борган ва шуҳрат қозонган.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида ташкилот «20» («ХХ») қарши разведка дастурини қабул қилиб, фашистлар Германиясига дунёдаги вазият ҳақида нотўғри маълумотларни етказиб турган.

МI6’нинг 2000-йиллардаги фаолияти баъзи ташкилотлар томонидан қийноқлар ва инсон ҳуқуқларига путур етказиш сифатида баҳоланган. Ташкилот фаолияти ҳақида суратга олинган «Агент 007» фильми бутун дунёда машҳур ҳисобланади.

Ташкилотнинг штаб-квартираси Лондонда жойлашган. Тахминий йиллик бюджети 3 миллиард доллардан ортиқ ҳисобланиб, 2500дан ортиқ ходим фаолият олиб боради.

6. Bundesnachrichtendienst (BND, Германия)

Bundesnachrichtendienst (BND) – Германиянинг хорижий Федерал разведка хизмати. Унинг бош қароргоҳи Берлинда жойлашган. Умуман олганда, ташкилотнинг Германия ва чет мамлакатларда 300дан ортиқ филиали мавжуд. BND тўғридан тўғри Германия канцлерига бўйсунади.

Ташкилот совуқ уруш даврида 1956 йил Ғарбий Германияда генерал-майор Райнхард томонидан ташкил этилган. Дастлабки даврларда МРБ билан яқиндан ҳамкорликда фаолият олиб борган.

Бугунги кунда BND Германия раҳбарларига миллий хавфсизликка ташқи таҳдидлар тўғрисидаги маълумотларни етказиб беради. Ташкилотда 6 мингдан ортиқ ходим хизмат қилиши тахмин қилинади. Ҳозирги раҳбари – Бруно Кал.

7. Давлат хавфсизлик вазирлиги (Хитой)

Ministry of State Security (MSS) © Adrian Bradshaw/EPA/Shutterstock

Давлат хавфсизлик вазирлиги – Хитойнинг разведка ишларини олиб борадиган ташкилоти ҳисобланиб, 1983 йилда ташкил этилган.

Ташкилотда Хитойнинг коммунистик ҳукуматини ағдариш ёки бошқа йўл билан тарқатиб юбориш мақсади билан душман сифатида кўрилиши мумкин бўлган давлатлар тўғрисида разведка маълумотлари йиғилади.

Шунингдек, мамлакатда интернетни цензуралашда ва аҳолини ташқи дунёдан узиб қўйишда ушбу ташкилот катта рол ўйнайди.

Бундан ташқари, ХДХВ иқтисодий жосусликда иштирок этишда ҳам айбланиб келади. Халқаро таҳлилчилар Huawei, Mi, Tencent каби IT-гигантларини ҳам ташкилотга хизмат қилишда гумон қилади.

Ташкилотда 100 мингдан зиёд ходим мавжудлиги тахмин қилинади. Ташкилотнинг бош қароргоҳи Пекинда жойлашган ва унинг бутун дунёда маълум бўлган 17та бюро ёки бўлимлари мавжуд.

8. Тадқиқот ва таҳлил қанотлари ( RAW, Ҳиндистон)

Бош штаб-квартираси Нью-Деҳлида жойлашган Ҳиндистон Тадқиқот ва таҳлил маркази 1968 йилда ташкил топган. Ташкилот пайдо бўлишига 1962 йилдаги Хитой-Ҳиндистон уруши ва 1965 йилдаги Ҳиндистон-Покистон уруши пайтида разведка маълумотларини йиғишдаги бўшлиқлар сабаб бўлган. Ўша пайтдаги бош вазир Индира Гандининг разведка агентлиги ташкил қилишга бўлган қатъий талаби ташкилот пайдо бўлишида муҳим рол ўйнаган.

Ҳисоб-китобларга кўра, RAW дунёнинг турли жойларида саккиз мингдан ортиқ ҳудудий дала бўлимларига эгалик қилади. Шунингдек, агентлик бошқа разведка идоралари билан ҳам ҳамкорликда фаолият олиб боради. Хусусан, у Покистоннинг ядро дастурини кузатиш борасида Марказий разведка бошқармаси ва Моссад билан мунтазам равишда алоқада бўлиб туради.

9. Ташқи хавфсизлик бош бошқармаси (DGСE, Франция)

Directorate General for External Security © Martin Bureau, AFP

Минтақадаги бошқа разведка идоралари сингари, Франциянинг Ташқи хавфсизлик бўйича бош бошқармаси (DGСE) Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, 1947 йилда пайдо бўлган. Бунгача ҳам мамлакатда Наполеон даврида ва урушгача бўлган даврда майда разведка ташкилотлари фаолият олиб борган.

Ўтган асрнинг 60-йилларида агентлик марокашлик инқилобчининг ўғирланиши ва тахминий ўлдирилиши ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликка маълум бўлганидан кейин танқидларга учраган.

Бугунги кунда ташкилотнинг асосий йўналиши мамлакат учун ҳарбий ва стратегик қарорларни қабул қилишда ёрдам бериш учун чет эл манбаларидан маълумот йиғишга қаратилган. DGСE, айниқса, иқтисодий жосуслик ҳаракатлари билан машҳур. DGСE бош қароргоҳи Парижнинг 20-округида жойлашган. Ташкилотда олти мингдан ортиқ одам ишлайди.

10. Канада хавфсизлик разведка хизмати (CSIS, Канада)

Canadian Security Intelligence Service © Sean Kilpatrick

Канада хавфсизлик разведка хизмати (CSIS) Канаданинг миллий хавфсизлигига таҳдидлар тўғрисида маълумот йиғиш билан шуғулланади. 1984 йилда ташкил топганидан бери у яширин ва ошкора операцияларни мамлакат ичида ва ташқарисида олиб боради.

Ташкилот штаб-квартираси Оттава шаҳрида жойлашган ҳамда парламент ва жамоат хавфсизлиги вазирига бўйсунади. 2020-21 йилларда CSIS’нинг бюджети 651 миллион долларни ташкил этиши маълум қилинган.

Агентлик бир неча бор танқидларга дуч келган. 1990-йилларда ташкилот Канада фуқароларини жосусликда айбланган. Ўтган йилда эса ирқчиликни кучайтиргани учун танқид қилинган.

Интернет манбалари асосида Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид