Жаҳон | 23:41 / 25.10.2024
5761
2 дақиқада ўқилади

КХДР Россияга иккинчи гуруҳ ҳарбийларини юборишга тайёрланмоқда — Bloomberg

Жанубий Корея ўзида мавжуд разведка маълумотларининг бир қисмини НАТОнинг 28 октябр куни бўлиб ўтадиган йиғилишида тақдим этиш ниятида.

Фото: Bloomberg

КХДР тез орада яна бир гуруҳ ҳарбийларни Россияга юборади. Бу ҳақда Жанубий Корея разведкаси маълумотларига таяниб, Bloomberg хабар берди.

Разведка маълумотларига кўра, Россияга 10 мингга яқин Шимолий кореялик аскарлар келиши кутилмоқда. Махсус бўлинманинг 1,5 минг жангчисидан иборат биринчи гуруҳ аллақачон Узоқ Шарқда тайёргарликни бошлаб юборган. Украина Бош разведка бошқармаси хабарига кўра, улар ҳозирда Курск областига етиб келган.

Жанубий Корея ўзида мавжуд разведка маълумотларининг бир қисмини НАТОнинг 28 октябр куни бўлиб ўтадиган йиғилишида тақдим этиш ниятида. Агентлик суҳбатдошларининг айтишича, алянснинг потенциал жавоб қайтариш имконияти чекланган, аммо Украинани қўллаб-қувватлашга бўлган эътиборини кучайтириши мумкин.

Шунингдек, разведка ҳужжатларида Шимолий Корея томонидан етказиб берилаётган қуроллар кўламига ҳам ойдинлик киритилган. Қайд этилишича, 2023 йил августдан бери КХДР Россияга 122 миллиметрли ва 152 миллиметрли снарядлардан 8 миллионга яқин, қарийб 100 та Hwasong-11 ракеталари ҳамда танкка қарши Bulsae-4 қуролларини жўнатган. Манбанинг сўзларига кўра, бу европалик амалдорлар томонидан аввалроқ қилинган ҳисоб-китоблардан сезиларли даражада кўп.

Октябр ўрталарида Жанубий Корея разведкаси КХДР ҳукумати Россияни Украинага қарши урушда қўллаб-қувватлаш учун ўз ҳарбийларини юборишга қарор қилгани ҳақида хабар берганди. Разведка маълумотларига кўра, гап 12 минг ҳарбий хизматчи ҳақида гап кетмоқда. Пентагон раҳбари Ллойд Остин АҚШ КХДР ҳарбийлари Россияда экани тўғрисида далилларни қўлга киритганини маълум қилди.

Владимир Путин Шимоли кореялик аскарларнинг Россия томонида туриб жанг қилишини тўғридан-тўғри тасдиқламади, аммо 24 октябр куни БРИКС саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида журналистнинг КХДР ҳарбийлари келганини исботловчи сунъий йўлдош суратлари борлиги ҳақидаги саволига жавоб қайтарди. «Суратлар — жиддий нарса. Агар суратлар бўлса, демак у ниманидир акс эттиради», — дейди Путин.

Мавзуга оид