Ўзбекистон | 13:56 / 30.12.2022
7300
2 дақиқада ўқилади

Фарғона вилоятига бир маромда табиий газ етказиб беришнинг техник имкониятлари кафолатланади

Фото: Ўзтрансгаз

2010 йилда фойдаланишга топширилган диаметри 1020 мм, узунлиги 39.1 км бўлган “Риштон шаҳар айланмаси” магистрал газ қувури Фарғона вилояти аҳолиси ҳамда улгуржи истеъмолчиларига табиий газни етказиб берадиган ягона тармоқ ҳисобланади. 

Ушбу магистрал газ қувурида таъмирлаш ёки фавқулодда ҳолатлар юз берган ҳолатларда вилоятни бир маромда табиий газ билан таъминлаш бўйича муаммолар юзага келиши мумкин эди. Муаммонинг олдини олиш мақсадида Энергетика вазирлиги, “Ўзтрансгаз” АЖ ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ушбу тармоққа параллел равишда диаметри 720 мм бўлган қўшимча 2-тармоқни қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Лойиҳа аввалида “Ўзтрангаз” АЖ ҳамда тегишли идоралар масъуллари биргаликда уланиш нуқталарининг жойларини аниқлаш, муҳофаза майдонида жойлашган объектларни хавфсиз жойга кўчириш, магистрал йўллар билан кесишган жойлардан қувурни олиб ўтиш бўйича муаммоли масалаларни ҳал қилди.

Айни кунларда мазкур қувурни қуриш ишлари якуний босқичда. Сўнгги босқичда қувур йўли ва муҳофаза майдонларига тушиб қолган қурилмаларни хавфсиз жойга кўчириш ишлари амалга ошириляпти. 

2023 йил январь ойи охирига қадар янги қувурлар тармоғини фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид