Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Менинг ишимни қайси суд кўради ўзи?». Фуқаро судма-суд сарсон. 2-қисм
Суд тизимининг ислоҳ этилиши ва янгича иш услубига ўтилиши қонун ҳужжатларида айрим ноаниқликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Суд-ҳуқуқ фаолиятига оид қонунчиликдаги баъзи процессуал камчиликлар юзасидан таҳририятга йўлланаётган мурожаатларни омма эътиборига ҳавола этиб келмоқдамиз. Ёдингизда бўлса, бир неча кун илгари сайтимизда судма-суд сарсон бўлиб, иши қайси судда кўрилишини аниқлай олмаётган фуқаро ҳақида хабар берган эдик.
Шу мақоладан сўнг, таҳририятга шунга ўхшаш мурожаатлар кўплаб кела бошлади. Шундайлардан бирини эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.
Тошкент шаҳар ИИББ ППХ ва ЖТСБ маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхона сафдор ходими кичик сержант Жаҳонгир Хидиров Ички ишлар вазири ўринбосарининг буйруғи билан қуролли кучлар резервига бўшатилган (қоидага кўра бу хизматдан четлатиш ва ишдан бўшатишни англатади).

Ж.Хидировнинг ишга тиклашда амалий ёрдам сўраб прокуратура органларига йўллаган мурожаатига берилган жавоб хатида ишга тиклаш масаласида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш лозимлиги тушунтирилган.
Шунга кўра, собиқ ички ишлар органи ходими ишга тиклашни сўраб фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига мурожаат қилган эди. Ушбу суднинг ажрими билан, даъво аризаси даъвогарга қайтарилиб, унга ўзи яшаб турган тумандаги маъмурий судга мурожаат этиш ҳуқуқи тушунтирилади.

Ж.Хидировнинг ишга тиклашга оид аризаси бўйича Миробод туман Маъмурий суди эса қуйидаги мазмунда қарори чиқарди:
Аризачи Хидиров Жахонгир Тураевичнинг шикоятини қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодексининг 133-моддаси 1-қисми 1-банди (иш маъмурий судга тааллуқли бўлмаса)га асосан рад этилсин.

Қизиқ ҳолат, шундай эмасми? Икки хил ихтисослашувдаги суднинг икки хил мазмундаги ажримларидан боши қотган фуқаро, ҳар қандай процессуал қоидалар четлаб ўтиб, тўғридан тўғри Олий судга шикоят йўллади. Қонунда аниқ қилиб белгилаб берилмаган низонинг судловга тааллуқлилигини балки Олий суд белгилаб берар...
Бу мурожаатни жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш орқали ички ишлар органи ходимининг ишдан бўшатилиши масаласини муҳокама қилиш фикридан йироқмиз. Лекин, низоларнинг предмети бўйича судловга тааллуқлигиги қонун ҳужжатларида аниқ белгилаб қўйилмас экан, юқоридаги каби сарсон-саргардонликлар, оворагарчиликлар ва бюрократия давом этаверади.
Баҳодир Аҳмедов