«Кафолатланмаган тадбиркорлар». Пойтахтдаги юзлаб корхоналар газдан узиб қўйилди
Тошкент шаҳрининг Сергели, Янгиҳаёт ва Бектемир туманларида фаолият олиб борувчи ишлаб чиқариш корхоналарини газдан узиш бошланган. «Ҳудудгазтаъминот» АЖга кўра, 15 мингдан ортиқ тадбиркорларнинг рўйхати шакллантирилган, улар босқичма-босқич газдан узилмоқда. Бу иситиш мавсуми бошлангани билан изоҳланяпти. Аввалроқ энергетика вазири ноябр ойида ҳаво совиб кетишига қарамай аҳоли учун ҳам, иқтисодиёт тармоқлари учун ҳам узлуксиз газ етказиб бериш таъминланганини айтганди.
Бир гуруҳ тадбиркорлар Тошкент шаҳрининг Сергели, Янгиҳаёт ва Бектемир туманларида ишлаб чиқариш корхоналари газ тармоғидан узиб қўйилганидан норози бўлиб, Kun.uz'га мурожаат қилди.
Бизнес эгаларига кўра, улар олдиндан миллиардлаб сўмлик буюртмалар олиб қўйган, кейинги режалари ҳам шу буюртмаларга боғлиқ. Агар газ берилмаса, тадбиркорлар касод бўлиши мумкинлигини айтишяпти.
«Ўтган йили фавқулодда чора деб 12 декабрда газ узилганди. Бу йил газ бериш жуда эрта тўхтатилди. Ўзингиз кўриб турибсиз, ҳали совуқ йўқ, ёғингарчилик йўқ. Олдиндан катта буюртмалар олиб қўйгандик. Қўлимизда ишчиларимиз бор, уларга ҳам ойлик тўлаш керак. Иш тўхтаб қолганидан кейин жиддий муаммоларга дуч келяпмиз. Бу ишлар якунида иқтисодиётимиз зарар кўради», дейди мурожаатчилардан бири.
Кўплаб корхоналар фақат табиий газга таяниб ишлайди. Чекловлар шароитида муқобил энергияга ўтиш харажатлари тадбиркорларга оғирлик қилади, қўшимча вақт ва маблағ талаб этади. Якунда маҳсулот ва хизмат нархлари қимматлашиши, иш ўринлари қисқариши мумкин.
Иситиш мавсуми бошланганидан кейин тадбиркорларга газ бериш тўхтатилиши бошланган
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, газ етказиб бериш кафолатланмаган 15 мингдан ортиқ тадбиркорлар рўйхати шакллантирилган. Улар босқичма-босқич тармоқдан узиляпти.
«Тўсатдан ҳаво совиб кетса, ходимларда рўйхатдаги тадбиркорларнинг ҳаммасининг газини бирданига ўчириш имконияти бўлмайди. Ҳокимиятлар томонидан огоҳлантиришлар ҳам берилган», дейилади расмий изоҳда.
Газ идораси тадбиркорларни газдан узишга асос сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майда қабул қилинган «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорини келтирди. Қарорнинг 68-бандида об-ҳаво совиб кетган пайтда маиший истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда тўлиқ ўчириладиган, қисман ўчириладиган ва чеклов киритиладиган истеъмолчилар рўйхати шакллантирилиши ва Энергетика вазирлигига киритилиши белгиланган.
Қарорда «об-ҳаво совиб кетганидан кейин» чекловлар киритилиши назарда тутилган. Аммо охирги 10 кунликда Тошкентда шаҳрида ҳарорат манфийга тушмаган бўлса-да, тадбиркорларни газдан узиш давом этяпти.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ ахборот хизматига кўра, иситиш мавсуми бошлангандан кейин босқичма-босқич тадбиркорларга газ бериш тўхтатила бошланган.
Аввалроқ, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ноябр ойи ўтган йилги ноябрга нисбатан салқинроқ келганини айтиб, табиий газ ва электр энергияси истеъмоли кескин ошганини маълум қилганди.
«2024 йилнинг ноябр ойи ўтган ноябрга нисбатан салқинроқ бўлиб, қор ёғиб, ҳарорат –3 даражагача, айрим ҳудудларда –8 даражагача пасайган. Бу табиий газ ва электр энергияси истеъмолини кескин оширди. Ушбу [истеъмол] режимларини таъминлаш учун зарур захира ресурслари жалб қилинди. Газ омборларида етарли ҳажмда газ тўпланиши ҳисобига газ билан таъминланди. Аҳоли учун ҳам, иқтисодиёт тармоқлари учун ҳам узлуксиз етказиб бериш таъминланди», – деганди у «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида.
Шунингдек, Энергетика вазирлиги иссиқхона хўжаликларига газ етказиб беришда чекловлар мавжудлигини ҳам рад этганди. «Иссиқхона эгалари белгиланган тўловларни амалга оширган ҳолда табиий газдан фойдаланиш имкониятига эга», – дейилганди вазирлик ахборотида.
Мавзуга оид
11:48 / 02.12.2024
660 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган новвойхона аниқланди
09:31 / 29.11.2024
4 та метан заправка 18 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди
08:51 / 29.11.2024
Банклар балансидаги иссиқхона ва цехлар тадбиркорларга берилиши мумкин
20:33 / 28.11.2024